Жаҳон | 23:52 / 24.02.2020
5932
2 дақиқада ўқилади

WSJ’нинг Хитойдаги ходимлари нашр раҳбариятини можароли сарлавҳа учун узр сўрашга чақирди 

Нашрнинг бош офиси журналистларнинг қийин вазиятга тушиб қолганидан афсусда эканлигини, аммо сарлавҳани ўзгартирмаслигини билдирди ва узр сўрамади.

Фото: tjournal

Wall Street Journal газетасининг Хитойдаги ходимлари нашрни "Хитой - Осиёнинг ҳақиқий касал одами" сарлавҳаси учун узр сўрашга чақирди.

Мақола 3 февралда чоп этилган бўлиб, унда Хитой молия бозорининг ҳолати шарҳланган. Хитой ҳукумати ва ижтимоий тармоқлардаги кўплаб изоҳларга кўра, сарлавҳа ирқчилик оҳангини ўз ичига олади.

Бунинг ортидан газетанинг Хитойдаги бюросида ишлайдиган уч нафар журналистнинг аккредитацияси бекор қилинган ва уларга мамлакатдан чиқиб кетиш учун беш кун муҳлат берилган. Бу Хитойнинг 1989 йилдан буён Ғарб журналистларига нисбатан қўллаган энг йирик мана шундай чорасидир.  

20 февраль куни Wall Street Journal’нинг хитойлик ходимлари бош офисга мактуб йўллаб, сарлавҳани ўзгартиришни ва "сарлавҳадан хафа бўлганларнинг барчасидан" узр сўрашни илтимос қилди. Мактубга нашрнинг 53 нафар ходими ва бошқа нашрларнинг бир нечта журналисти имзо чекканди. 

Нашрнинг Хитойдаги бюроси раҳбари Жонатан Чен масаланинг тўғри ҳал этилиши газетанинг Хитойда фаолият кўрсатиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаганди.

22 февраль куни газета вакиллари "Хитойдаги WSJ ходимлари ва уларнинг оилалари қандай жиддий муаммоларга дуч келаётганидан" афсусда эканлигини билдиришди, аммо расмий равишда узр сўрашмади. Улар бунинг ўрнига, "Хитойдан келадиган сифатли ва ишончли янгиликларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам катта" эканлигини, нашр журналистларига қаршилик қилиш уларнинг ишига жиддий халақит бераётганлигини таъкидлашди.  

Мавзуга оид