Жаҳон | 21:18 / 25.02.2020
31069
5 дақиқада ўқилади

Испаниядаги меҳмонхонада юзлаб мижозлар карантинга олинди. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар

Испаниянинг Тенерифе оролидаги меҳмонхонанинг юзлаб мижозлари карантинга жойлаштирилди. Бунга меҳмонлардан бири - италиялик шифокорда коронавирус аниқлангани сабаб бўлди.

FACEBOOK/ALISON FRAWLEY

Ушбу шифокор айни вақтда коронавирус авж олган Италия шимолидаги Ломбардия вилоятидан оролга таътилини ўтказиш учун келганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб ушбу коронавирусдан зарарланганлар сони 80 минг нафардан ошиб кетган, қурбонлар сони 2700 нафарни ташкил қилмоқда. Зарарланиш ҳолатларининг аксари Хитой ҳудудида қайд этилган.

Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эҳтимолий пандемияга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу вирусдан зарарланганлар орасида ўлим ҳолатлари 1-2 фоиздан ошмаётган бўлсада, тиббиёт ходимлари ўлим даражасининг ҳақиқий кўрсаткичлари бошқача бўлиши мумкинлигини тусмол қилишмоқда.

Коронавирус авж олиши жаҳон иқтисодиётига зарар келтиришда давом этмоқда: Лондон ва Нью-Йоркдаги ҳолатлар ортидан Токио биржаларида ҳам акциялар курси кескин тушиши кузатилмоқда.

Тенерифеда нима бўлди?
Испаниянинг El Pais нашри Канар оролларидаги Тенерифе шаҳри полицияси ҳамда тиббий хизматлардаги манбаларга асосланиб хабар беришича, ҳудуд жанубий-ғарбида жойлашган тўрт юлдузли H10 Costa Adeje Palace меҳмонхонасининг барча мижозларини текшириш тўғрисида кўрсатма берилган.

Ушбу меҳмонхона мижозларидан бири фейсбукдаги саҳифасида хонаси эшигига қистириб кетилган қоғоз суратини намойиш этди. «Биз катта афсус билан маълум қиламизки, тиббий сабабга кўра ушбу меҳмонхона ёпилди. Сиз ҳукуматнинг кейинги фармойишига қадар хонангизда қолишингиз керак», дея ёзилган унда.

Испаниядаги нашрларнинг ёзишича, ушбу фармойишга риоя этилиши хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан назорат қилинмоқда, улар меҳмонхонадагилар ташқарига чиқишига рухсат беришмаяпти.

Би-би-си мухбири билан гаплашган меҳмонларнинг бири айтишича, мижозлар меҳмонхона ичкарисида ҳаракатланишига рухсат берилган.

«Биз ойна орқали хавфсизлик хизмати ходимлари ва меҳмонхонанинг ўнлаб ходимларини меҳмонхона дарвозаси олдида йиғилиб турган ҳолда кўрдик», дея бошқа бир сайёҳ Кристофер Беттснинг сўзларини келтирмоқда Рейтер агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, меҳмонхона мижозларига ҳеч қандай маълумот берилмаган ва тиббий текширувлар ўтказилмаган.

Фото: REUTERS

Душанба куни коронавирус аниқланган италиялик шифокор маҳаллий шифохонага жойлаштирилган. У ерда ундан қўшимча таҳлил намуналари олинади. У меҳмонхонага турмуш ўртоғи билан келганди.

Айни вақтда Италияда Европадаги коронавирус билан зарарланиш ҳолатининг энг юқори кўрсаткичи кузатилмоқда - мамлакат шимолида 231 кишида инфекциядан зарарланиш қайд этилган. Дам олиш кунларида мамлакат ҳукумати эпидемия тарқалиши олдини олиш учун қўшимча фавқулодда чоралар ҳақида эълон қилди.

Ломбардиянинг бир қанча йирик шаҳарларида ва Венецияда карантин ҳолати жорий этилган: икки ҳафта давомида 50 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этмаслиги керак.

Ҳудудда кўплаб маданий тадбирлар, карнаваллар ва кўргазмалар, шунингдек Италия чемпионати доирасидаги футбол учрашувлари қолдирилган.

Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида қандай аҳвол?

  • Хитойда душанба куни яна 508 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Мамлакатда вирус юқтирганларнинг жами сони 77 мингдан ошган, 2663 киши ҳалок бўлган.
  • Жанубий Кореяда коронавирусдан 10 киши ҳалок бўлган, вирусдан зарарланганлар сони 977 нафарга етган. АҚШ ҳукумати ўз фуқароларига жуда зарур бўлмаган ҳолларда Жанубий Кореяга бормасликни тавсияқилмоқда.
  • Японияда вирусдан зарарланишнинг 850 ҳолати тасдиқланган. Уларнинг аксар қисми «Даймонд принцесс»да карантинда бўлганлардир, бу кемада бўлганларнинг 4 нафари вафот этди.
  • Эронда яна уч киши вирус юқтириш оқибатида вафот этди ва расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 15 кишига етди. Зарарланганларнинг аниқ сони маълум эмас. Норасмий маълумотларга кўра, бу мамлакатда вирус қурбонлари сони 50дан ошиб кетган. Бугун Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди.
  • Форс кўрфази давлатлари, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн вирус тарқалиши олдини олиш учун авиарейсларга чеклов ўрнатган.
  • АҚШ коронавирусга қарши курашиш учун 2,5 млрд доллар ажратмоқчи, бу маблағлар карантин учун шароитларни яхшилаш, вакцина ишлаб чиқариш ва эпидемия тарқаладиган штатларга ёрдам бериш учун сарфланиши кўздатутилган. Ҳозирча Америкада вирусдан зарарланишнинг 53 ҳолати қайд этилган.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид