Спорт | 16:17 / 28.02.2020
11595
10 дақиқада ўқилади

«Мухлисларимиз натижа талаб қилишга ҳақли» – Бахтиёр Ашурматов Қўқонда қандай жамоа шакллантирди?

«Қўқон-1912» футбол клубидаги сўнги янгиликлар билан танишиб, бошланаётган Суперлига баҳсларига тайёргарлик бўйича маълумот олиш учун қадим Қўқон шаҳрига бордик.

Клуб бош мураббийи, етакчи футболчилари мавсум олдидан ўз фикрларини айтишди. Жамоа Суперлига баҳсларига асосан Тошкентда тайёргарлик кўрди. Бизга маълум қилишларича, клубнинг иқтисодий ҳолати барқарор.

Бахтиёр Ашурматов: «Клубнинг «ўртамиёна»ликдан чиқиш пайти келди»

«Қўқон 1912» клуби бош мураббийи биз билан суҳбатда жамоадаги Суперлига баҳсларига тайёргарлик, мавсум олди ўқув-йиғин машғулотлари жараёни, селекция ишлари, клубдаги шу кундаги иқтисодий ҳолати ҳақида гапириб берди.  

«Аввалo, мухлисларимизни янги мавсум бошланаётгани билан табриклайман. Улар 2-3 ой давомида катта футболсиз қолишди ва бу йилги мавсумни жуда катта иштиёқ, жуда катта ниятлар билан кутишяпти.

«Қўқон-1912» жамоасини декабрь ойида қабул қилиб олдим ва биринчи йиғинимиз Қўқон шаҳрида ўтказилди. 20 декабрдан 27 декабргача шуғулландик. Бу ерда биз таътилдан қайтган футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун тикланиш машқларини бажардик. Ундан кейинги босқичларини Тошкент шаҳрида ўтказдик. У ерда ўртоқлик-назорат учрашувларида яхши жамоалар билан куч синашиш имкони бор эди ва биз бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик.

Анъанавий Фарғона вилояти ҳокими кубогида қатнашдик. Тўғри, у ерда биз 1-ўринни кўлга кирита олмадик. Лекин, бу турнир биз учун фойдали бўлди. Сабаби рақибларимиз Про-лига жамоалари бўлишига қарамасдан, бизнинг жамоага муносиб қаршилик кўрсатишди ва бизда ўзимизга керакли бўлган жиҳатларни кўриб олиш имконияти бўлди.

Биз тайёргарликнинг кейинги асосий босқичини яна Тошкентга кўчирдик ва у ерда бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга чиқдик. Бу учрашувлар орасида энг фойдалиси, деб «Локомотив» билан бўлган ўйинни айтиб ўтган бўлардим.

Ўйлайманки, тайёргарлик жараёни яхши савияда ўтди. Раҳбарларимиз бизга яхши тайёргарлик кўриш учун қулай шароитлар яратиб беришди ва жамоа номидан уларга миннатдорчилик билдираман.

Мураббий ҳар доим таркиб кучлироқ бўлишини, мухлисларга ёқадиган таркиб йиғишни ва яхши натижа кўрсатишни хоҳлайди. Бизда ўтган йилги таркибдан Жасур Ҳасанов Бухорога ўтди, Темур Ҳакимов, Темур Усмонов, Шаҳбоз Эркинов, Алишер Саматов ва ҳимоячи Марко Миличлар жамоадан кетишди.

Биз уларнинг ўрнини муносиб тўлдириш учун жамоамизга бир қатор ўйинчиларни таклиф қилдик. Бу йилги мавсумни дарвозада Ботирали Эргашев ўтказади. У ҳам иқтидорли дарвозабонлардан биридир.

Ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида Сербиядан легионер Иван Йосович ва иқтидорли футболчиларимиздан Бобир Акбаровларни таклиф қилдик.

Ярим ҳимояга эса Суҳроб Нуриллаев ва Сардор Азимовлар келди. Ушбу позиция Котʼд-ивуарлик ўйинчи Якуди Бамба ҳам бор. Бамбанинг жисмоний ҳолати ҳозир 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас, лекин унинг юқори техникага эгалиги, ажойиб паслари борлиги кўриниб турибди.

Ҳужум чизиғида Шоҳназар Норбеков ўйнайди. Яна бир ҳужумчи Музаффар Музаффаровни мухлислар яхши билишади.

Жамоамиздан 10 нафарга яқин футболчи кетди. Шунга яқин янги ўйинчилар жамоага таклиф қилинди. Мен мураббий сифатида буни нормал ҳолат, нормал жараён деб ҳисобламайман. Чунки ҳар йилги мавсумда 10-12 нафар футболчи алмаштирилса, жамоани бошқатдан мавсумга тайёрлашга тўғри келади. Ўйин услубини ҳам ўзгартириш керак бўлади. Афсуски, ҳозир биздаги айрим жамоаларда вазият шунақа.

Селекция жараёнида ўринбосарлар таркибига ҳам эътибор қаратилди. Туманлардан ва Қўқон шаҳри атрофида яшовчи ёш футболчилар ўртасида турнир ташкил қилдик. Ўринбосарлар таркибига иқтидорли ўйинчилардан олинди.

Жамоанинг етакчи ўйинчилари саналадиган Мурод Холмуҳаммедов, Қувондиқ Рўзиев, Александр Мерзляков ва Суҳроб Бердиевларни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бу футболчиларга ҳам таклифлар бор эди.

Мен ўзим ишлаган ҳар бир жамоамда клубнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб жамоа тузишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, яхши жамоа тузишим керак деб, қимматбаҳо ўйинчиларни таклиф қилиб олиб, эртага клубни қийин аҳволда қолдиришга, мавсум тугагандан кейин футболчилар пулимизни ололмадик, деб клубга қарши хат ёзишларига сабабчи бўлишга қаршиман. Мен доим раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда селекция жараёнини олиб бораман.

Суҳбатимиз бошида ҳам айтиб ўтдим, раҳбариятимиз биз учун имконият яратиб бермоқда. Тайёргарлик даври ёки футболчиларни жамоага жалб қилиш жараёнида камчиликлар бўлгани йўқ. Шу сабабли раҳбариятимизга миннатдорчилик билдираман.

Айтайлик, мана «Навбаҳор», ОКМК ва «Сурхон» жамоалари жуда катта селекция қиляпти. Яхши шартномалар таклиф қиляпти. Биз ҳам имкониятимиздан келиб чиқиб, селекция жараёнини яхши олиб боришга ҳаракат қилдик. Лекин биз бу йилги мавсумда шуни исботламоқчимизки, ҳар доим ҳам молиявий имконият биринчи ўринда турмайди. Аҳил жамоа тузилса, жамоа шаъни учун курашадиган йигитлар бўлса, молиявий томондан бақувватроқ бўлган жамоаларга ҳам яхши қаршилик кўрсатиш мумкин.

Шуни айтиб ўтишим лозимки, клубнинг молиявий имконияти барқарор ҳолда.

Мухлислар ҳар доим жамоанинг яхши савияда тўп суришини, халқаро ареналарда ўйнашини хоҳлашади. Мураббийнинг ютуғи селекция жараёнига боғлиқ. Агар унинг ихтиёрида юқори савиядаги футболчилар кўпроқ бўлса, юқори ўринлар учун курашиш имконияти ҳам кўпроқ бўлади.

Шуни айтишим мумкинки, бу йил мухлисларимиз биздан юқори натижаларни талаб қилишга ҳақлилар. Энг асосийси, биз жанговар ва рақобатбардош жамоа тузмоқчимиз. Охирги йилларда меҳмон жамоалар ҳам бемалол бошини тик кўтариб келяпти, Қўқондан очко олиб кетяпти. Шунга барҳам бермоқчимиз», дейди Бахтиёр Ашурматов.

– Бахтиёр Ашурматов узоқ йиллик тажрибага эга мураббий. Лекин жуда ҳам кўп жамоа ўзгартиради.

– Бунга маълум сабаблар бор. Айтайлик, ОКМКда биз Ўзбекистон кубогини қўлга киритдик. Ўзимга маълум бўлган сабабларга кўра, у ерда мураббийни ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилишди. Осиё Чемпионлар лигасида муносиб жамоа қилиш, маҳоратлироқ мураббийни таклиф этиш фикрини илгари суришди. Бу – раҳбариятнинг қарори.

Ундан кейин «Бухоро»га ўтдим. У ерда ҳам катта ишонч билдиришди. Вазият жуда оғир эди. Чунки жамоадан 17 нафар ўйинчи кетиб қолганди. Лекин шунга қарамасдан, биз катта ҳажмдаги ишни бажардик. Ёмон жамоа тузмадик. Бироқ у ерда, гапнинг очиғи, жамоа тузганимиздан кейин айрим ноҳақликларга дуч келганлигим сабабли, клубдан кетишга қарор қилдим.

«Сурхон» жамоасида ҳам бир ой ишладим. «Сурхон»да бир ой давомида ҳеч қайси мураббийнинг натижа кўрсатиши осон иш эмас. Мен 2та ўйинда бош мураббий вазифасини бажардим холос. У ерда ҳам сабаблари бўлди ва жамоадан кетишга қарор қилдим.

Қўқондан таклиф бўлди. Бу менинг мураббийлик фаолиятимда бурилиш ясайдиган жамоа, деб ўйлайман. Чунки бошқа жамоаларда ноҳақликларни кўриб, кетишни маъқул кўрган бўлсам, Қўқон – ўзимнинг шаҳрим. Ўйлайманки, жамоамиз раҳбарияти ҳам, мухлисларимиз ҳам менга ишонишяпти. Катта натижалар исташяпти. Қўқонда рақобатбардош, юқори ўринлар учун курашадиган жамоа тузмагунча кетиш ниятим йўқ», дейди у.

Муроджон Холмуҳаммедов (ҳимоячи):

– Жамоамиз 2020 йил чемпионатига яхши тайёргарлик кўрди. Яхши йиғинлар ўтказдик. «Қўқон-1912» чемпионатга юз фоиз тайёр, деб ҳисоблайман.

Мухлислар кутган ўйинни кўрсатиш учун 2020 йилда боримизни бериб, майдонга тушиб, олдинги йиллардан ҳам кўпроқ хурсанд қиламиз, яхши натижаларни қўлга киритамиз. Жамоамиз аҳил-иноқ. Биринчи ўринда жамоамизга катта эътибор берамиз. Бу йил ҳам ёмон жамоа йиғилмади. Янги ўйинчилар билан чиқишиб кетиш қийин бўлмади.

Иван Йосович (ҳимоячи, Сербия):

– Ўзбекистонга келиб, мухлислари кўп жамоада тўп сураётганимдан хурсандман. Қўқон ажойиб шаҳар экан. Юз фоиз бор маҳоратимни бериб ўйнашим зарурлигини ҳис қилдим. Мана шу жамоа билан ғалабалар сари интиламиз.

МЧЖ шаклидаги «Содиқ мухлислар» клуби

Бир асрлик тарихга эга клубнинг мухлислари алоҳида мавзу. Улар жипслашиб, «Содиқ мухлислар клуби» дея номланган МЧЖ ҳам очишгани диққатга сазовор.

Очилиш маросимига турли янгиликлар, оммавий тадбирлар режалаштиришган. Улар билан «Қўқон-1912» марказий стадионида учрашдик. Тайёргарлик авжида экан.

«Янги мавсумда мухлислик маданияти бўйича ҳам алоҳида дастур ишлаб чиққанмиз. Айтиб ўтай, Ўзбекистонда ягона «Содиқ мухлислар» МЧЖ очганмиз. Ўзбек футболининг ватани бу – Қўқон.

Ўзбекистон терма жамоасида биринчи голни урган ўйинчи қўқонлик Рустам Абдуллаев. Жаҳон чемпионати саралаш учрашувидаги биринчи голни урган ҳам қўқонлик Нўъмон Ҳасанов.

Бу йил жамоамиз ижросида чиройли, мазмунли ўйинлар томоша қилишга ишониб турибмиз. Насиб қилса, мавсумнинг очилиш ўйини – «Қўқон-1912» ва «Бухоро» учрашувида ажойиб атмосферани ташкил қиламиз. Бутун стадион бўйлаб томошабинлардан мозаика ташкил қиламиз. Оркестр мадҳиямиз куйини жонли равишда ижро этади, мухлислар эса куйлайди. Албатта, келинглар, кўринглар ва зўр манзаранинг гувоҳи бўлинглар», – дейди «Содиқ мухлислар клуби» жамияти раҳбари, мухлислар етакчиси Ўлмасбек Сайфуддинов.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов
.

Мавзуга оид