Спорт | 15:36 / 12.08.2020
21518
4 дақиқада ўқилади

«Қурувчи»га ўтиш, келишилган ўйинлар ва Сиддиқовни Қўқонга қайтариш ҳақида Бахтиёр Ашурматов билан очиқ суҳбат

Водийга сафаримиз чоғида «Қўқон-1912» бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов билан суҳбат уюштирдик. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси ва бир неча йилдан буён мураббийлик билан шуғулланиб келаётган Ашурматовни кўпчилик дангал одам деб билади. Суҳбатимиз ҳам дангал ўтди.

«Онамнинг ёнларида бўлишни истадим...»

Ашурматовнинг айтишича, Қўқонга қайтганининг иккита сабаби бор: «Мен Қўқон футболи тарбияланувчисиман. Шу боис ҳозир бу ердалигимдан хурсандман. Аввало Қўқон футболи олдидаги қарзимизни узишим керак эди. Бундан ташқари, 26 йилдан буён онамдан узоқда яшадим. Шу боис энди ёнларида бўлишни хоҳладим. Бундан жуда хурсандман».

«Титул учун бақувват ҳомий керак»

Бахтиёр Ашурматовнинг айтишича, клуб соврин қўлга киритиши учун аввало бақувват ҳомий ва пул керак: «Клуб соврин ютиши учун аввало бақувват ҳомий керак. Клуб маблағ борасида ҳеч бўлмаса лигадаги 6-7 жамоа ичига кириши лозим. Масалан, ОКМК билан кубок ютганимиз катта натижа бўлган. «Андижон», «Навбаҳор», «Бухоро»да эса қийинроқ ҳолатда ишлаганмиз. Менга қолса, бир клубда узоқроқ ишлаган бўлардим, чунки дарахт бир жойда кўкаради. Айтайлик, Олмалиқда яхши жамоа тузгандик, Ўзбекистон Кубогини ютдик, лекин кейин менга боғлиқ бўлмаган сабаб билан жамоадан кетдим».

«Қўқондан ҳеч қанақа пул эвазига кетмайман, фақат миллий жамоага кетишим мумкин»

Бахтиёр Ашурматов суҳбат давомида бизни ажаблантирган маълумотларни келтирди. Унинг айтишича, ойлик маоши 1000 доллар экан. Мукофот ва кўтарма пулларисиз, албатта. Шунингдек, мураббий уни Қўқондан ҳеч қандай пул эвазига олиб кетиб бўлмаслигини айтди. Ашурматовнинг айтишича, фақат Ўзбекистон миллий жамоасига ёки чет эл клубларига кетиши мумкин.

Ашурматов ва тотализатор

Бахтиёр Ашурматовнинг тотализаторга аралашгани ҳақида миш-мишлар доим бўлган. Суҳбатдошимиз бу борадаги саволга шундай жавоб берди: «Тотализатор футболимизнинг душманларидан бири. Ҳозир ўз йўлимни танлаб, қилган хатоларимдан тўғри хулоса чиқарганман. Ёруғ юз билан ишлаяпман. Ҳамма хато қилади, асосийси, одам ўзини тўғри йўлга солиб олиши. Футболимизда тотализатор бор экан, у ривожланмай қолаверади. Мен тотализаторга қарши курашишга ҳам тайёрман».

Майдондаги жангчи Ашурматов

Бахтиёр Ашурматов Ўзбекистоннинг кучли жамоаларида, миллий жамоада ўйнаганига сабаб сифатида характерини, майдонда жангчи бўлганини келтирди. Унинг айтишича, вақти келганда қовурғаси ёки бурни синган ҳолатда ҳам футбол ўйнаган: «Курашувчан, яккакурашлардан қочмайдиган футболчи бўлганман, буни ақлсиз футбол демаган бўлардим. Тўғри, шу сабаб кўп жароҳат олганман, уч марта операция қилдирганман. Жароҳатлар миллий жамоада, Россия клубида стабил ўйнаб кетишимга халақит берган».

Бабаян сабаб «Пахтакор»дан кетгани

Ашурматов «Пахтакор»дан «Бунёдкор»га ўтганини молиявий сабаб билан боғламади: «Йўқ, бу ерда гап пулда эмас. Мен Россияда жароҳат олиб келгач, 1,5 йил футбол ўйнамаганман. Келганимда, Бабаян менга ишончсизлик билан қараган ва «Қаерга ҳам кетардинг, таклифинг йўқ-ку», деган. Ўзимга бўлган бундай муносабат сабаб кетишган қарор қилганман. «Қурувчи»га «Пахтакор» қанча таклиф қилган бўлса, шу пулга ўтганман. Шунчаки «Пахтакор»да менга ишонишмаган».

«Қўқон-1912» Жавоҳир Сиддиқовни қайтармоқчи

Ашурматовнинг айтишича, «Қўқон-1912» давралар оралиғида Жавоҳир Сиддиқовни жамоага қайтаришга ҳаракат қилиб кўради. Шунингдек, қўқонликлар «Пахтакор»нинг яна бир футболчиси Асадбек Собиржоновни ҳам ўз сафига қўшиб олмоқчи. «Пахтакор»да Машариповнинг ўринбосари ҳисобланган бу футболчи «Бухоро»да Ашурматов билан бирга ишлаган.

Бобур Акмалов суҳбатлашди
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев
Монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев 

Мавзуга оид