Спорт | 17:10 / 02.03.2020
18992
14 дақиқада ўқилади

Топ-10: Мессининг энг ёмон класикоси ва ҳафтанинг бошқа воқеалари

Европа миллий чемпионатларининг навбатдаги турлари ҳам қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Англияда «Ливерпуль» илк марта ютқазди, Испанияда эса класикода бу сафар «Реал» устун келди.

Аввалгиларига ўхшамаган класико

Фото: Getty Images

Ўйин олдидан «Барселона»нинг имкониятлари юқорироқ баҳолангани табиий. Биринчидан, «Реал» сўнгги ҳафтани жуда ёмон ўтказди – Ла Лигадаги йўқотишлар мадридликларни турнир жадвали пешқадамлигидан тушириб юборди, ЕЧЛда ҳам вазият ёмонлашди. Иккинчидан эса, «Бернабеу» сўнгги йилларда «Барселона» учун қулай стадион бўлиб қолганди. Агар фақат чемпионат баҳсларини олсак, сўнгги ўн йилда «Реал» фақат икки марта ғалаба қозонган, уларнинг ҳам сўнггиси 2014 йилнинг охирига тўғри келади.

Лекин бу оқшом «Реал»га бағишланди. Айниқса, ҳисобни ёш бразилиялик ҳужумчи Винисиус очгани ҳам қандайдир рамзий маъно бордек – энди класико янги босқичга, янги қаҳрамонлар билан қадам қўймоқда. Винисиус ўз голини айнан Криштиану Роналду услубида нишонлаши ўйинни стадионда кузатган португалиялик юлдуз туфайли бўлди.

«Камп Ноу»даги ўйинда ҳисоб очилмаганди. Демак, «Реал» ушбу мавсумда «Барселона»дан бирорта гол ўтказиб юбормади. Бунақаси сўнгги марта 45 йил олдин содир бўлган.

«Реал» бу ғалабадан сўнг турнир жадвалида яна пешқадам бўлиб олди. Энди навбат, Европа Чемпионлар лигасида йўқотилганларни қайтариб олишга...

«Арсенал»га аталган тур

Фото: Чемпионат.com

Бу турдаги рақиби «Манчестер Сити» Англия Лигаси кубоги финалида ўйнаши муносабати билан «Арсенал» дам олди. Аммо энг кўп хурсандчиликни ҳам айнан «Арсенал» фанатлари нишонлашди, десак муболаға бўлмайди.

Анча сокин натижалар ва хотиржамлик билан ўтган шанбани «Уотфорд» портлатиб юборди. 44 ўйинлик сериядан сўнг, «Ливерпуль» ниҳоят ютқазди. Бу билан Клопп шогирдлари худди 2003/04 йилги мавсумдаги «Арсенал» каби бир мавсумни мағлубиятсиз якунлашни уддалай олишмади. Ўша «Арсенал» рекордига етиб олиш учун яна 5 ғалабали ўйин кифоя қиларди, «Тўпчилар» ўшанда қаторасига 49 ўйинда мағлубият нималигини билишмаганди. Лекин мерсисайдликларга бу насиб этмади.

«Ливерпуль»нинг қоқилишини «Арсенал» мухлислари байрам қилмоқда, Клопп шогирдлари агар ЕЧЛда ҳам муваффақиятсизликка учраса, Англия тарихида ягона требл соҳиби «МЮ» мухлислари ҳам байрам қилиши мумкин. Аммо факт шуки, ливерпулликлар ҳамон катта фарқ билан азалий орзу – АПЛ сари қадам ташламоқда. Клопп жамоаси яна бир рекордни – турнирда энг кўп очко билан ғолиб чиқишни уддалашга жуда яқин турибди. Шунингдек, «Ливерпуль» агар шу ойдаги ўйинларини ғалаба билан якунласа, АПЛда энг эрта чемпион бўлган жамоага ҳам айланади.

«Уотфорд» эса, ўз билганича, ўз вазифаларини бажариш билан овора. Клуб беш ўйиндан иборат ғалабасиз сериясини чиройли шаклда якунлади ва турнир жадвалида хавфли зонани тарк этди.  

«ВАРчестер Юнайтед»ми?

Де Хеанинг қўпол хатоси билан бошланган ўйин ҳақиқий ва кескин дербига айланиб кетди. Таъкидлаш керакки, бу испаниялик дарвозабоннинг мавсумдаги рақиб голига сабаб бўлган еттинчи хатоси. Бу борада Де Хеа пешқадам.

Меҳмонлар ҳисобни тенглаштириб, биринчи бўлимда устунлик қилган бўлишса-да, иккинчи бўлим тўлиғича «Эвертон» назоратида ўтди. Ҳатто энг охирги дақиқада мезбонлар ғалаба голини уришганди ҳам, лекин VAR офсайд туфайли голни бекор қилди. Қизиғи, бу сўнгги уч ўйинда «Манчестер Юнайтед» дарвозасига урилган, лекин бекор қилинган тўртинчи голдир («Челси» билан ўйинда Зума ва Жирунинг голлари ҳисобланмаган бўлса, «Уотфорд»га қарши ўйинда Трой Динининг голи қоида бузилиши туфайли инобатга олинмаганди).

Умуман олганда ҳам, яқинда, АПЛда VAR қўлланишидан энг кўп фойда кўраётган жамоалар статистикаси эълон қилинганида, «МЮ» +3 натижа билан биринчи ўринда турганди. Энди бу натижага яна 4та голни қўшиб қўйиш мумкин. Шунинг учун интернетда «ВАРчестер Юнайтед» шаклида турли мемлар ҳам кўпайиб кетди.

Аммо шуни таъкидлаш керакки, ҳисобга олинмаган голлар ҳақиқатан ҳам қоида бузилиши натижасида содир бўлганди. Шунчаки, бундай голлар айнан «МЮ»га қарши кўп урилмоқда.

Сен қанча урсанг, биз...

Ҳар қандай лигада ҳар қандай услуб билан муваффақият қозониш мумкинлигини «Аталанта» исботламоқда. Нидерландия ёки Франция чемпионатларида эмас, бешикдан ҳимояланишни ўргатадиган Италияда шундай ишлаб содир бўлмоқда.

«Аталанта» «Лечче»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимини 2:2 ҳисоби билан якунлаганда, ҳаммаёқ тинч эди, бергамоликларнинг навбатдаги бразилча ўйини давом этаётгандек. Аммо иккинчи бўлимда Гаспарини шогирдлари яна 5 гол уришга муваффақ бўлишди.

Қойил қолиш керакки, «Аталанта» шу мавсумнинг ўзида уч ўйинда 7 гол уришнинг уддасидан чиқмоқда. Умуман олганда жамоа ҳимоячилари билан машғур бўлган А Сериядаги 25 ўйинда 70 гол урди, бу чемпионатда энг яқин кўрсаткич, энг яқин таъқибчи «Лацио»дан 10тага, «Ювентус»дан эса 22тага кўп. «Милан» ва «Наполи» томонидан урилган голларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам, «Аталанта» 2 гол кўпроқ гол урган бўлиб чиқяпти. «Аталанта» барча мусобақаларда жами 9 марта йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва улардан 5тасида камида 5тадан гол урди.

Хуллас, ушбу ғалабадан сўнг, «топ-4»га кириб олган «Аталанта» Европанинг энг қизиқарли ва ҳужумкор жамоаси бўлиб қолмоқда. Фақат «Бавария» ва «ПСЖ» кўпроқ гол урган, холос.

«Аякс»га янги рақобатчи

Эредивизияда ҳам марказий ўйин бўлиб ўтди. «Аякс» ўз майдонида 2-ўринда бораётган «АЗ Алкмаар»ни қабул қилди ва агар ғалаба қозонганда, 6 очколик фарқ билан якка пешқадамликни сақлаб қоларди.

Лекин меҳмонлар бу ўйинда тартиблироқ ҳаракат қилишди. Ўйинда тўп назорати тўлиқ «Аякс» томонида бўлса-да, вазиятлар яратиш борасида «АЗ» ҳам қолишмади. Арне Слот шогирдлари пешқадам дарвозасига жавобсиз 2 гол уришди ва агар яққол вазиятлардан аниқ фойдаланилганда, ҳисоб янада йириклашиб кетиши мумкин эди. Биринчи даврадаги ўйинда ҳам «АЗ»нинг қўли баланд келганди, умуман сўнгги уч ўйинда қаторасига «Аякс» бу жамоадан очко олиш тугул, дарвозасига йўл топа олмаяпти. 

Энди Эредивизияда қўшпешқадам пайдо бўлди, фақат тўплар нисбати бўйичагина «Аякс» 1-ўринни эгаллаб турибди. Мавсум охири янада қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ.

«Лестер»га нима бўляпти?

«Уотфорд» бу турда Англияда сенсация кўтарган ягона аутсайдер эмас. Ҳаммаси эртароқ, жума оқшомида бошланганди. Сўнгги ўринда бораётган «Норвич» ўз майдонида «Лестер»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди.

Бу натижага «Норвич»нинг қаҳрамонлигидан кўра, «Лестер»нинг сўнгги пайтларда сустлашиб бораётгани кўпроқ сабаб бўлди, дейиш мумкин. Брендан Рожерс шогирдлари янги йилда жуда муваффақиятсиз тўп суришмоқда ва сўнгги 7 ўйиндан атиги биттасида ғалаба қозонишди, холос.

Уларнинг бахтига, таъқибчилар ҳам бу турда очко йўқотишди. «Челси» ва «Юнайтед» сафарда мос равишда «Борнмут» ва «Эвертон» билан дуранг ўйнашган бўлишса, «Тоттенҳэм» ўз майдонида «Вулверҳэмптон»га ютқазиб қўйди. Ҳозирча «Лестер» 8-10 очколик фарқ билан еврокубоклар зонасидан илгарилаб кетган, аммо жамоа вазиятни ўнглай олмаса, қисқа вақтда, бу устунлик йўққа чиқиши турган гап.  

Бундеслигада «келишилган ўйин»

Германияда «Бавария»нинг йирик ғалабаси ва яққол пешқадамга айланганидан кўра, «Ҳоффенҳайм»га қарши ўйиндаги бошқа воқеа бош мавзуга айланди.

Гап шундаки, меҳмон мухлислар, яъни «Бавария» фанатлари «Ҳоффенҳайм» раҳбари Дитмар Ҳоппни ҳақоратловчи баннер кўтариб чиқишди: «Дитмар Ҳопп – фоҳишанинг ўғли».

Руминигге ўша ердаёқ ёнида ўтирган Ҳоппдан узр сўради, футболчилар, ҳакамлар, мураббийлар бориб, мухлислардан баннерни олиб ташлашни илтимос қилишди. Илтимос қондирилди ҳам, лекин бироз ўтиб, яна бошқа баннер кўтарилди. Энди Дитмар Ҳоппнинг исми йўқ, аммо «Фоҳишанинг ўғли» деб ёзилган баннерда «Д» ва «Ҳ» харфлари алоҳида ажратиб кўрсатилганди.

Бу воқеа Ҳоппга нисбатан илк ҳолат эмас. Умуман, Германияда клубларнинг бир кишига тегишли бўлишига жуда қарши бўлишади. Янги қоидага кўра, «Ҳоффенҳайм»нинг 96 фоиз акциясини сотиб олган Дитмар Ҳоппга нисбатан нафратнинг сабаби шундан.

Оливер Кандан тортиб, Ҳасан Салиҳамижичларгача трибунага бориб, мухлислардан илтимос қилишди. Фойдасиз. Шунда, охирги 10 дақиқа учун майдонга қайтган футболчилар бошқа йўл билан норозиликларини баён қилишди. Мухлисларга жаҳл тарзида, икки жамоа аъзолари умуман футбол ўйнашмади. Фақат тўпни бир-бирларига ошириб туришди, холос.

У пайтга келиб, ҳисоб 0:6 ҳисобида меҳмонлар фойдасига эди, яъни ҳеч қайси жамоага гол керак эмасди.

«Мени истар кубокни кўнглим писанд этмас»

Хосеп Гвардиола. Фото AFP

Гвардиола анчадан бери Англияда мусобақалар кўплиги, айниқса, Лига кубоги умуман керак эмаслиги ҳақида гапириб келади. Лекин парадоксни қарангки, ушбу мусобақада сўнгги уч йилда айнан Гвардиола жамоаси ғолиб чиқмоқда.

Манчестер дербисидан «Сити» финалга чиққач, финалнинг яққол фаворити ҳам айнан «шаҳарликлар» бўлишига шубҳа йўқ эди. Дастлабки дақиқаларда «Сити» икки гол уриб буни исботлади ҳам. Лекин «Астон Вилла» охиригача муносиб курашганини алоҳида эътироф этиш керак. Стоунзнинг хатосидан сўнг, ҳисобни қисқартирган бирминҳемликлар ҳисобни тенглаштириш учун имкониятларга ҳам эга бўлишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Бравонинг маҳорати ва дарвоза устуни манчестерликларни голдан қутқариб қолганди.

Ака-ука Индзагилар Италияни забт этишди

Олти йил олдин ака-ука Индзагилар La Gazzetta dello Sport нашрига биргаликда интервью беришган, ўша пайтда Филиппо «Милан»ни, Симоне эса «Лацио»нинг ёшлар жамоасини шуғуллантирарди. Кейинчалик, ҳар икки мураббий ҳам ўсишда давом этишди ва ҳатто А Серияда, Филиппо «Болонья»ни бошқариб юрган пайтда тўқнаш ҳам келишди. Аммо ҳозир, Пиппо ва Симоненинг чинакам даври келди.

«Ювентус» – «Интер» ўйини қолдирилиши оқибатида турнир жадвалида «Лацио» пешқадам бўлиб олди. Аканинг жамоаси «Беневенто» эса Б Серияда пешқадамлик қилмоқда. Шанба куни ҳар икки Индзагининг жамоаси бир пайтда ўйнаб, ғалаба қозонди – «Лацио» «Болонья»ни 2:0 ҳисобида енгган бўлса, «Беневенто» «Специя»дан 3:1 ҳисобида устун келди.

«Ўйин охирлаганда мен захира ўриндиғига қайтиб, «Лацио» нима қилаётганини сўрадим. Симоне учун бу жуда муҳим ўйин эди. Унинг натижалари меникидан анча катта, шунинг учун ҳам оиламиз билан унга қойил қоляпмиз. Ҳаммаси шундай кетаётганидан хурсандман», дея Филиппо Индзаги укасининг муваффақиятларидан қувончини яширмаяпти.

Элдор яна пешқадам

Фото: Football Club Rostov

Икки ярим ойлик танаффусдан сўнг, ниҳоят, Россия чемпионати ҳам қайтди. Демак, мухлислар ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг ўйинларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлишди. Голларидан ҳам.

Элдор «Ахмат»га қарши ўйинда гол урди ва Артем Дзюбага етиб олиб, яна тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. Ҳар икки ҳужумчида ҳам 11тадан гол бор. Аммо «Зенит» ҳужумчиси голларидан 3тасини пенальтидан ургани, Шомуродов эса «Ростов»да пенальти тепмайди.

Афсуски, «Ростов» ғалабани ушлаб қола олмади. Қимматли икки очкодан маҳрум бўлган Карпин шогирдлари ҳамон 3-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, энди ЦСКА ва «Локомотив» каби таъқибчиларда ҳам 35тадан очко бор.

Мавзуга оид