Жаҳон | 17:00 / 05.03.2020
23623
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Москвада. Тарихий саммит бошланди

Москвага Туркия президенти билан бирга мамлакат ички ва ташқи ишлар, ғазна ва молия вазирлари ҳамда миллий разведка ташкилоти раҳбари келган.

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

Москвада Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида музокара бўлиб ўтмоқда.

Учрашув аввалида Россия раҳбари Сурияда турк ҳарбийларининг ҳалок бўлгани муносабати билан таъзия билдирди ва Идлибдаги вазият бевосита мулоқотни талаб қилишини айтди:

«Ҳар доимгидек, бизнинг кун тартибимиз жуда қизғин. Қолаверса, сўнгги кунларда Идлиб вилоятида содир бўлган воқеалар ривожида шахсан учрашишимизни талаб қиладиган ўзгаришлар содир бўлди.

Сўзим аввалида аскарларингиз Сурияда ҳаётдан кўз юмган учун ҳамдардлик билдирмоқчиман. Ҳар бир инсоннинг ўлими – бу фалокат. Телефон қўнғироғимда ҳам айтиб ўтганимдек, Идлибдаги суриялик аскарлар у ерда турк ҳарбийлари борлигини билишмаган. Қолаверса, улар ҳам йўқотишга учраган. Ҳақиқатан ҳам, Сурия армиясида жиддий йўқотишлар бор.

Бу каби воқеаларнинг такрорланиши иккимиз алоҳида аҳамият қаратган Россия-Туркия муносабатларига зарар бермаслиги учун ҳам барча масалаларни бафуржа кўриб чиқишга эҳтиёж бор.  

Эрдўған билан музокараларимиз яккама-якка ёпиқ шаклда ўтади ва кейинчалик делегацияларимиз бизга қўшилади».

Эрдўған ўз навбатида, асосий вазифа Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш эканлигини айтди.

«Аслида, бу учрашувни Туркияда ўтказмоқчи эдик, сизнинг бу ерда конституциявий ўзгаришлар бўйича ишлаётганингиз сабаб таклифингизни қабул қилдик.

Шубҳасиз, Идлиб музокаралари муносабати билан ўтказиладиган бугунги учрашувимиз катта аҳамиятга эга. Дарҳақиқат, ҳозир Идлибда вазият жуда кескин. Дунёнинг нигоҳи ҳозир шу ерда эканлигини биламан. Бугун қўядиган қадамимиз, қабул қиладиган қарорларимиз минтақани ҳам, мамлакатларимизни ҳам хотиржам қилади.

Туркия-Россия муносабатлари ҳадди аълога кўтарилган даврни яшаяпмиз. Мудофаа саноати ва савдо алоқаларимиз ҳам айрича фарққа эга бўлган замондамиз. Биз уларни янада ривожлантириш мумкинлиги борасидаги ҳисобимизни юритяпмиз. Ва албатта, алоқаларни кучайтириш энг катта мақсадимиздир. Ишонаманки, биз бунга эришамиз».

Москвага ташрифи олдидан Ражаб Тоййиб Эрдўған Владимир Путин билан музокаралардан сўнг Идлибда ўт очиш тўхтатилишини кутаётганини айтганди.

Москвага Туркия президенти билан бирга мамлакат ички ва ташқи ишлар, ғазна ва молия вазирлари ҳамда миллий разведка ташкилоти раҳбари келган.

Режага кўра, Эрдўған ва Путин якка ҳолда 1 соат, делегациялар таркибида эса 1 ярим соат учрашув ўтказиши кўзда тутилган. Бироқ белгиланган мазкур муддатнинг чўзилиб кетиш эҳтимоли юқори. 

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид