Жаҳон | 01:39 / 05.03.2020
22093
3 дақиқада ўқилади

Туркия ва Греция чегарасидаги мигрантлар (фотогалерея)

Ўтган ҳафтада Туркия мигрантларнинг янги тўлқинини тутиб тура олмаслигини билдириб, қочқинлар учун ЕИ билан чегараларини очиб юборганини маълум қилди. Шундан сўнг минглаб мигрантлар Европага ўтиш илинжида Греция чегарасига ёпирилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Европа 2015 йилги миграцион инқироз такрорланишидан чўчимоқда. Ўшанда ЕИ ва Туркия ўртасида тузилган қочқинлар бўйича келишув вазиятни қутқариб қолганди. Ҳужжат имзоланганидан сўнг Грецияга ўтадиган мигрантлар сони сезиларли камайганди.

Фото: AP/ТАСС

Туркия ва Греция чегарасини кесиб ўтган мигрантлар сони 135,8 минг кишига яқинлашди. Чоршанба куни Греция чегарасига 15 мингга яқин мигрант тўпланди. Чегарани кесиб ўтишга бўлган 28 мингта уринишнинг олди олинди, Греция ҳудудига ўтган 220 киши қўлга олинди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Греция полицияси мигрантларга  қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва ёруғлик-шовқинли гранаталарни қўлламоқда.

Фото: AP/ТАСС

Греция ҳукумати Туркия полицияси ҳам кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланаётганини, уни чегаранинг бу тарафида турган грециялик ҳамкасбларига қарши қўллаётганини маълум қилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европарламент раиси Давид Сассоли Еврокенгаш раиси Шарль Мишель билан бирга Греция-Туркия чегарасига ташриф буюрди. У Грецияга 700 млн евро миқдорида ёрдам ажратилишини, 350 млн евро зудлик билан ажратилишини билдирди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Австрия канцлери Себастьян Курц Туркияни "ЕИга ҳужум" қилишда айблади. Греция бош вазири Кириакос Мицотакис Туркия мигрантлар муаммосидан ўз геосиёсий мақсадларига эришиш учун фойдаланаётганини айтди.

Фото: AP/ТАСС

Ўз навбатида Ражаб Тоййиб Эрдўған ЕИни инсон ҳуқуқлари бўйича декларацияга мувофиқ ҳаракат қилиш ҳамда қочқинлар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Туркия президенти греклар мигрантлар оқимини тўхтатиш учун кескин чораларга қўл ураётганини таъкидлади. 

"Қочқинлар бўлган кемаларни чўктиришмоқда, одамларга қарата ўқ узишмоқда, уларни ўлдиришмоқда. Афина вақти келиб уларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишини унутмаслиги лозим", - деди Эрдўған.

Фото: AP/ТАСС

Эрдўған Суриянинг Идлиб провинциясида авиазарбалар натижасида 30 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлганидан сўнг чегарани очишга қарор қилди.

Фото: AP/ТАСС

Қочқинлар Греция ҳудудига қуруқлик ва Мерица дарёси орқали ўтишга уринмоқда.

Фото: Zuma/ТАСС

Туркияда 3,7 млн нафарга яқин суриялик қочқинлар бор, уларнинг 44 фоизга яқини – болалар. Анқара ноқонуний мигрантлар оқимини бошқара олмаслигини маълум қилди.

Фото: Zuma/ТАСС

ЕИнинг ички ишлар бўйича фавқулодда кенгаши чоршанба куни кечқурун мигрантлар оқими билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилади.

Мавзуга оид