Ўзбекистон | 11:57 / 05.03.2020
28033
3 дақиқада ўқилади

«Хотиржамликни сақлашга чақираман». Ўзбекистон элчиси Кореяда бўлиб турган фуқароларга мурожаат қилди

Ўзбекистон элчиси Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган фуқароларга мурожаат билан чиқди

Фото: REUTERS

2020 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен Корея Республикасида вақтинча ёки доимий равишда истиқомат қилиб келаётган барча ўзбекистонликларга мурожаат қилди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

“Ҳозирги кунда Жанубий Кореяда муаммо туғдираётган коронавирус туфайли фуқароларимиз хавотирга тушганидан хабарим бор. Корея Республикаси Ҳукумати коронавирус билан курашиш учун замонавий тиббиёт технологиялари ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда вирус билан касалланган беморларни қисқа муддат ичида аниқлаш ва уларни даволаш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда”, - дейилади элчихонанинг барча интернет-ресурсларида жойлаштирилган мурожаатда.

Қайд этилишича, ҳозирда беморлар сони кўпайиб бораётган бўлса ҳам, аммо яқин келажакда Корея Республикаси Ҳукумати ва тиббиёт соҳаси мутахассислари вирус тарқалишининг камайишига ва унинг хавфини кескин сусайишга ишонч билдирмоқдалар.

“Бундай вазиятда Ўзбекистон фуқароларини ташвишга тушмасдан хотиржамликни сақлашга чақираман. Шу билан бирга, одамлар гавжум йиғиладиган тадбир ёки жойларга бормасликни, ушбу вирусга қарши курашиш учун тавсия этилган эҳтиёт чораларини қатъиян бажаришингизни сўрайман.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий ва дўстона ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам жадал ривожланмоқда. Яқин ҳамкорлигимиз натижасида фуқароларимизнинг Жанубий Кореяда қулай шарт-шароитларда таълим олишлари ва ишлашлари таъминланмоқда.

Корея Республикасида инсон ҳаётига таҳдид солаётган коронавируснинг хавфи сақланиб қолаётган бир пайтда, мен, сиз фуқароларимиздан, саросимага тушмасликка ҳамда юқорида қайд этилган барча тавсияларга қатъиян амал қилишларингизни яна бир бор сўраб қоламан.

Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси коронавирус сабабли пайдо бўлаётган муаммоларни тезкорликда бартараф этиш учун 24 соатлик иш тартибига ўтказилган. Шу боис, исталган вақтда биз билан алоқага чиқишингиз мумкинлигини билдираман”, - дейилади элчининг мурожаатида.

Аввалроқ, Uzbekistan Airways Сеулдан чартер рейс амалга ошириши, келадиганларни кутиб олмаслик сўралгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид