Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яна бир круиз лайнер карантинда, Калифорнияда фавқулодда ҳолат. Сўнгги маълумотлар
Калифорния қирғоқлари яқинида «Гранд принцесс» круиз лайнери карантинга олинди, аввалги рейс йўловчиларидан бири - 21 февраль куни Сан-Францискода кемадан тушган шахсда коронавирус аниқланган.
71 ёшли эркак чоршанба куни Сакраментодаги клиникада вафот этди. Хабар қилишларича, у коронавирусдан зарарланишидан олдин бошқа касали бўлган.
Бу Калифорнияда Covid-19 хасталигидан илк ўлим ҳолати бўлди, айни вақтда АҚШда вирус қурбонлари сони ўн бир кишини ташкил этмоқда. Бу маълумотдан кейин Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом штатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
«Гранд принцесс» круиз лайнери февраль ойида Японияда уч ҳафтага яқин вақт давомида карантин ҳолатида тутиб турилган «Даймонд принцесс» сериясига мансуб бўлиб, у ҳам Carnival компаниясига тегишли ҳисобланади. Бу кема 21 февраль куни Мексикадан қайтган, кўп ўтмай Ҳавайига йўл олганди.
Аввалги круиз йўловчиларидан бирида Covid-19 аниқлангач, бу рейс тўхтатилган, кема Калифорния қирғоқлари яқинида очиқ сувда карантин ҳолатига ўтказилган
Кемада икки круизда ҳам қатнашаётган 62 киши бўлган. Бу йўловчилар ўз каюталарида изоляция қилинган, қолган йўловчилар эса кема бўйлаб эркин ҳаракатланиши мумкин.
Марк Пэйс ва унинг рафиқаси Бет CNN телеканалига йўловчиларнинг кўпчилик қисми учун ягона карантин чораси - буфетда тарелкани ювилмаган қўл билан ушламаслик ва ўзига овқат солмаслик экани ҳақида айтишган.
Марк Пэйснинг сўзларига кўра, у круизга отланар экан, ўзи билан лэптоп ва икки ҳафтага ўзи ҳамда рафиқаси учун етарли бўлган дори-дармонлар олган - у карантин эҳтимолини ҳисобга олган.
Тиббиёт ходимлари «Гранд принцесс»нинг 11 йўловчиси ва экипажнинг 10 аъзосини коронавирус юқтиришда гумонламоқда.
- Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони 96 336 нафарга етган, 3303 киши вафот этган, 53 457 киши тузалиб кетган.
АҚШда вирус билан боғлиқ вазият
Бунгача коронавирус келтириб чиқарган Covid-19 пневмонияси оқибатида 10 нафар америкалик вафот этган, бу ўлимларнинг барчаси мамлакат шимоли-ғарбидаги Вашингтон штатида қайд этилганди.
Мамлакатнинг 16та штатида жами 150 киши вирусдан зарарланган, уларнинг аксари Вашингтон, Техас ва Небраска штатларига тўғри келади. Учта штатда фавқулодда ҳолат жорий этилган: Вашингтон, Флорида ва Калифорния.
Федерал ҳукумат мамлакатга сўнгги 14 кун мобайнида Хитой ҳудудида бўлган хорижликлар киришини тақиқлаган.
Президент Дональд Трамп томонидан коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул этиб тайинланган вице-президент Майк Пенс чоршанба куни мамлакатнинг ҳар бир фуқароси коронавирусни аниқлаш тестидан ўтиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази қатор бюрократик чекловларни бекор қилди - бундан мақсад тадқиқотлар ўтказиш жараёнини тезлаштиришдир.
Оқ уй маъмуриятини танқид қилувчилар лаборатория материаллари ва тиббий ходимлар етарли эмаслиги, шунингдек, текширувлар учун юқори ҳақ олиниши (минг долларгача) ҳолатларига эътибор қаратишган. Дональд Трамп эса бунга жавобан барчаси учун айбни аввалги президент Барак Обамага ва у соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказган ислоҳотларга ағдарган.
Вакиллар палатаси чоршанба куни коронавирусга қарши курашдаги фавқулоддаги чоралар учун 8,3 млрд доллар маблағ ажратиш учун овоз беришди.
United Airlines ва Delta авиакомпаниялари талаб пасайгани туфайли ички рейсларни қисқартирган.
Коронавирус: сўнгги кунда жаҳоннинг бошқа давлатларида нималар бўлди?
- 4 март куни Хитой ҳукумати вирусдан зарарланишнинг 139та янги ҳолати ва 31та ўлим ҳолати ҳақида маълум қилди - ҳолатларнинг барчаси Хубэй провинциясида қайд этилган.
- Жанубий Кореяда чоршанба куни яна 516 кишида касаллик аниқланган, эндиликда бу мамлакатда вирус юқтирганлар сони 5766 нафарга етган, 35 киши вафот этган.
- Буюк Британияда вирусдан зарарланган беморлар сони 90 нафарни ташкил этмоқда.
- Австралия сўнгги икки ҳафта мобайнида Жанубий Корея ҳудудида бўлган хорижликлар учун ҳам чегарани ёпди. Яшил қитъада 4 март куни вирусдан зарарланишнинг 53та янги ҳолати ва икки ўлим ҳолати қайд этилди.
- Италияда мамлакатдаги барча мактаблар 10 кун муддатга ёпилган. Апеннин яриморолида вирусдан зарарланганлар сони 3089 нафарга етган, 107 киши вафот этган.
- Эронда ҳам қурбонлар сони ортмоқда - 107 киши, яна 3513 кишида вирус аниқланган. Ҳукумат вирус қайд этилган шаҳарларни ёпа бошлади.
- Халқаро валюта фонди коронавирусдан жиддий зарар кўрган давлатлар учун 50 миллиард доллар миқдоридаги маблағни ёрдам сифатида ажратади, ташкилот 2020 йилда коронавирус туфайли жаҳон бўйича иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 2019 йилдагига қараганда 2,9 фоизга паст бўлишидан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
21:32 / 27.05.2025
Олимлар яқин йиллар ичида Калифорнияда ҳалокатли зилзила юз беришидан огоҳлантирди
23:21 / 15.05.2025
Осиёда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди
00:12 / 05.05.2025
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди
20:14 / 27.01.2025