Жамият | 19:13 / 08.03.2020
38253
7 дақиқада ўқилади

«Ассалому алайкум, онажон!»: онаси Термиздаги Меҳрибонлик уйидан олиб кетган 12 ёшли болакай ҳақида

ЮНИСЕФ ўз сайтида Термиздаги Меҳрибонлик уйидан ўғлини олиб кетган аёл тўғрисидаги ҳикояни чоп этди. (Шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида исмлар ўзгартирилган)

Фото: UNICEF Uzbekistan

Аҳаджон 2008 йилда, ота-онаси Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида ишлаётган даврда туғилган. Кўп ўтмай, отаси оилани ташлаб кетган.

Она ва ўғил Ўзбекистоннинг жанубий вилоятидаги Термиз шаҳрининг тор кўчасида қўл ушлашиб боришмоқда. Шоира ўғли Аҳаджонни Меҳрибонлик уйидан олиб кетганига энди бир кун бўлди.

У ўғлининг келажагидан хавотирланиб, кўзида ёш билан унга қарайди. Ўғли яна Меҳрибонлик уйига қайтмаслиги учун у ҳали кўп қийинчиликларни енгиб ўтиши керак.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, барча ўғил-қизлар ўз оиласида катта бўлиш ҳуқуқига эга. Ота-оналари ёки бошқа қариндошлари бўлишига қарамасдан, афсуски, ҳамма болалар ҳам ушбу ҳуқуқдан баҳраманд бўлмайдилар,»- дейди Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган 12-сонли Меҳрибонлик уйи директори Дилбар Сувонова.

Дилбар Сувонова 8 йилдан бери Меҳрибонлик уйининг директори бўлиб ишлаб келмоқда ва унинг фикрича, бола учун энг яхши жой унинг ўз оиласидир.

«Мигрант ота-оналари томонидан ташлаб кетилган баъзи болалар охир-оқибат муассасамизга жойлаштирилади. Бу ердаги жуда яхши шароитларга қарамай, уларнинг барчаси ўз оилалари билан яна бирга бўлишни орзу қиладилар. Болалар ота-оналаридан ажратилганида, улар хавотирда бўлиб, тенгдошлари ҳамда катталар билан ҳар қандай мулоқотдан қочишга мойил бўлишади. Аҳаджон ҳам мен уни учратганимда худди шундай эди», дейди у.

Ўқитувчилар, шифокорлар ва психологлар Аҳаджонга мактабга боришга, дўстлар орттиришга ва ўз болалигидан завқ олишга ёрдам бериш учун жуда кўп ҳаракат қилишди.

Дилбар опанинг айтишича, ЮНИCEФнинг ижтимоий иш ва ҳар бир ҳолатни кўриб чиқишда махсус ёндашув мавзусидаги тренинг Аҳаджон сингари болалар билан ишлашда Меҳрибонлик уйи ходимлари учун жуда фойдали бўлган.

Аҳаджон 2008 йилда, ота-онаси Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида ишлаётган даврда туғилган. Кўп ўтмай, отаси оилани ташлаб кетган.

 «Новосибирскда Аҳаджонга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмадим. Менда фақатгина туғруқхонадан берилган маълумотнома бор эди. Шу сабабли 2009 йилда Новосибирскдаги уйимиз ёниб кетганидан сўнг, маҳаллий ҳокимият ўғлимни болалар уйига жойлаштирди», дейди Шоира.

 Аҳаджон 3 ёшга тўлганида, Шоира туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун Ўзбекистонга қайтиб келди. Ниҳоят, Аҳаджоннинг туғилиши Ўзбекистонда расмий равишда рўйхатга олинди ва шундан сўнг Шоира ўғлини болалар уйидан қайтариб олишга муваффақ бўлди. Улар Россияда турли жойларда яшашди.

Шоира қурилишда меҳнат қилди. Аҳаджон мактабга бормас эди. Уларнинг яшаш шароити ёмонлашди ва 2018 йил май ойида Аҳаджон Россиядан депортация қилинадиганларнинг транзит марказига тушиб қолди. У ўша ерда бир ойча вақт ўтказди.

«2018 йил июнида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Аҳаджонни Тошкентга, кейин эса Термизга олиб келди. Бирмунча вақт у вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида бўлди», дейди "Барқарор ҳаёт" нодавлат нотижорат ташкилоти психологи Шаҳло Фармонова.

Ушбу марказ болалар қаерга жойлаштирилиши тўғрисида қарор қабул қилинишига қадар маҳаллий маъмурлар томонидан бошқариладиган вақтинчалик бошпана ҳисобланади.

Шаҳло Фармонова ЮНИCEФ ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳанинг ижтимоий ходими. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ушбу лойиҳа ота-онаси меҳнат миграциясида бўлган болаларнинг ҳолатини яхшилашга қаратилган.

Шоира ўғлини марказдан олиб кетиш учун Термизга қайтиб келди.

«Турар жойимиз йўқ эди. Ҳеч қаерда ишламасдим. Қариндошларим ҳам менга ёрдам бермади. Мен ўғлим билан бирга бўлишни истардим, лекин унинг асосий эҳтиёжларини ҳам қондира олмадим. Икки ой давомида биз онам дафн этилган қабристонда яшадик», дейди у.

 Шоиранинг кўз ёшлари тинмасдан оқади. Шундан сўнг, ажралиш қанчалик қийин бўлмасин, Шоира Аҳаджонни Меҳрибонлик уйига топширишга қарор қилди.

«Бу вақтинчалик чора эканига амин эдим ва Аҳаджонга уни тез орада қайтариб олишимни айтган эдим. Ҳар куни ўғлимнинг олдига борардим. Ўғлим мактабга чиққанидан хурсанд бўлдим ва мендан фарқли ўлароқ, у яхши овқатланар, яхши кийинар ва ухлаш учун иссиқ тўшакка эга эди», дейди Шоира.  

 У ўғлини болалар уйидан олиб кетгунига қадар бир йилдан кўп вақт ўтди. Маҳаллий ҳокимиятнинг ёрдами билан Шаҳло Шоирага турар жой ва зарур шароитларни яратишда ёрдам берди.

«Ҳозир Аҳаджон иккинчи синфда ўқийди. Унинг ўзлаштириши яхши, рус ва ўзбек тилларида бемалол сўзлашади, шеърлар ёзади. Аммо у 11 ёшда, шунинг учун ўғлим қўшимча дарсларни олиб ва тестлардан ўтиб, тенгдошларига етиб олишини истайман», дейди Шоира.

 «Бу оиланинг аҳволини кузатишда давом этамиз. Уларнинг турмуш шароити ҳанузгача яхши эмас. Ошхона ва санитария жойи йўқ. Шоира ва уникига ўхшаш вазиятлардаги бошқа оилаларни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ профессионал ижтимоий ходимлар ва ресурслар зарур», дейди Шаҳло.

 Аҳаджон жуда камгап. Унинг ўрнига ғамгин кўзлари гапиради. Россиядан Термиз шаҳридаги уйигача узоқ масофани босиб ўтар экан, у фақат онаси ҳақида ўйлади. Унинг барча шеърларида «Ассалому алайкум, онажон!» деган ибора кўп маротаба такрорланади.

Аҳаджон тадбиркор бўлишни орзу қилади.

«Мен онамни боқаман, уни доим қўллаб-қувватлайман. Ногирон болаларга ва ота-онасиз қолганларга ҳам ёрдам бераман», дейди у.

ЮНИCEФ томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш тизимида профессионал ижтимоий ходимлар томонидан оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ихтисослашган хизматлар мавжуд эмас. Қийин вазиятларда бўлган оилалар тегишли узоқ муддатли ёрдам олиш имкониятига эга эмас.

Ўзбекистон ҳукуматининг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳимоясига оид чора- тадбирлари (4185- ва 824-сонли қарорлар) оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини моделлаштириш ҳамда болалар ва оилаларнинг бир-биридан ажратилишининг олдини олиш учун муҳим асос ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида таъкидланганидек, «Оила жамиятнинг асосий бўғини ва барча аъзолари ва айниқса болаларнинг ўсиши ва фаровонлиги учун табиий муҳит сифатида, жамият олдидаги мажбуриятларни тўла ўз зиммасига олиши учун зарур ҳимоя ва ёрдам билан таъминланиши керак».

Мавзуга оид