Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус: Италияда кўчалар бўшаб қолди, Жанубий Кореяда ҳам вазият яхшиланмоқда
Сешанба куни 60 миллион италиялик тотал карантин ҳолатида уйғонди. Мамлакат бош вазири Жузеппе Конти шу вақтгача фақат Италия шимолида қўлланган чораларни бутун мамлакат бўйлаб жорий этди.
Айни вақтда барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, спорт мусобақалари номаълум муддатга қолдирилган, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари ёпилган. Одамларга уйларини тарк этмаслик тавсия этилмоқда.
Фуқароларни бир жойда тўпланмасликка чақирувлар фонида супермаркетларда узундан-узун навбатлар юзага келгани тасвирланган суратлар тарқалмоқда.
Провинциялар ва шаҳарлар бўйлаб ҳаракатланишга фақат иш, тиббий ва бошқа жиддий шахсий сабаблар келтирилгандагина рухсат этилади. Транспорт ишлашда давом этади, аммо полиция одамларни тўхтатиш ва улар қаерга ва нима учун кетаётганини сўраш ҳуқуқига эга.
10 март ҳолатига кўра, Италияда вирусдан зарарланганлар сони 9172 нафарга етган ва бу бўйича Хитойдан кейинги кўрсаткич қайд этилмоқда. 463 киши вирус қурбони бўлган, яна иккинчи кўрсаткич.
Италия тўлиқ ёпилди, Хитой вирусни чекинтирди. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар
Шу билан биргаликда, Хитой ҳукумати сўнгги кунларда вирус тарқалиши сезиларли даражада пасая бошлагани, 9 март куни бутун мамлакатда вирусдан зарарланишнинг 26 ҳолати қайд этилгани ва 17 киши вафот этганини маълум қилган. ХХР раиси Си Цзиньпин эса эпидемия тарқалиши бошланган Уҳан шаҳрига ташриф буюриб, коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилди.
Жанубий Корея эса вирусдан зарарланганлар сони бўйича иккинчи ўриндан тўртинчи ўринга тушди - Италия ва Эрон олдинга ўтиб олди. Сўнгги уч кунда Жанубий Кореяда вирус тарқалиши суръати пасайди. Ҳозирда кунига ўртача 300та янги ҳолат қайд этилмоқда, ўтган икки ҳафтада эса ҳар куни ўртача 500-700 кишида вирус аниқланаётганди.
Korean Air авиакомпанияси банкротлик ёқасида қолган, коронавирус туфайли халқаро рейслар йўловчилари 80 фоизга пастлаган.
Коронавирус АҚШ истеблишментида
Америкалик таниқли республикачи, техаслик сенатор, 2016 йилги президентлик сайловларида Дональд Трампга рақиб бўлган Тед Круз ўзини иҳоталади - у коронавирус юқтирган одам билан қўл бериб кўришгани маълум бўлган.
Президент Дональд Трамп ҳам февраль ойи охиридаги ўша конференцияда иштирок этган, аммо вирус аниқланган одам билан тўғридан-тўғри контактда бўлмаган. У ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини ва тест топширишига ҳожат йўқлигини билдирган.
Шунингдек, Демократлар партиясининг Вакиллар Палатасидаги яна бир неча вакили ҳам ўзини иҳоталашга қарор қилган.
Тед Круздан ташқари, аризоналик конгрессмен Пол Гозар, жоржиялик конгрессмен Дуг Коллинз ҳамда флоридалик конгрессмен Мэтт Гетц ўз хоҳиши билан 14 кун муддатга карантинда яшашга рози бўлган. Уларнинг барчаси февраль ойи охирида Мэриленд штатида ўтказилган конференцияда иштирок этишганди.
Яқиндагина президент Трамп аппарати раҳбари этиб тайинланган республикачи конгрессмен Марк Медоуз бу шахс билан кўришган ва эндиликда карантинда яшамоқда. Унда вирусга чалиниш аломатлари йўқ, таҳлил натижалари ҳам у коронавирусга чалинганини кўрсатмаган.
Аввалроқ вице-президент Майк Пенс АҚШда янги касалланиш ҳолатлари ортиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. У президент маъмурияти Конгресс билан беморлар учун пул тўланувчи меҳнат таътили жорий этиш бўйича маслаҳатлашув ўтказилаётганини маълум қилган.
Айни вақтда АҚШда 34та штатда ва Колумбия округида жами 729 кишида вирус аниқланган, ўлимлар сони - 27та.
10 мартга ўтар кечаси «Grand Princess» круиз лайнери Калифорниядаги Окленд шаҳри портига кирди. Бортида 3,5 йўловчи бўлган кема бунга қадар очиқ денгизда 5 кун давомида карантинда қолганди. Эндиликда унинг йўловчиларини қирғоққа тушириш бошланди.
Тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этилган йўловчилар шифохонага олиб борилади, АҚШ фуқароларининг барчаси, уларда касаллик белгилари аниқланмаган бўлсада, Калифорния, Техас ва Жоржиядаги ҳарбий базаларга 14 кунлик карантинга юборилади.
Шу вақтгача экипажнинг 19 вакили ва икки йўловчида коронавирус аниқланган.
Лайнер экипажи аъзолари кема бортида карантин ҳолатида қолишади, йўловчилар эвакуацияси якунлангач, лайнер Окленд портини тарк этади.
Жаҳонда яна нималар бўлмоқда?
- Эронда вирус тарқала бошлаганидан буён энг кўп қурбон берилди. Душанба куни бу мамлакатда 54 киши вафот этган. Айни вақтда Эронда вирусга чалинганлар сони 8042 нафарга етди, қурбонлар 291 нафар.
- British Airways сешанба кунидан Италия билан авиаалоқаларни вақтинчаликка тўхтатди.
- Польша ҳукумати оммавий тадбирлар, жумладан, митинглар ва май ойидаги президентлик сайловлари муносабати билан бошқа йиғилишлар ўтказилишига тақиқ ўрнатди.
- Австрияда эса ёпиқ биноларда юз кишигача бўлган одам иштирокидаги тадбирлар, шунингдек, очиқ осмон остида 500 нафардан ортиқ одам иштирок этадиган тадбирлар бекор қилинган.
- Чехиядаги мактаблар номаълум муддатгача таътилга чиқди. Болалар боғчалари эса ҳозирча ишлашда давом этмоқда.
- Кипр пойтахти Никосиядаги йирик шифохона душанба кунидан янги беморларни қабул қилишни ва амбулатория шароитида даволашни тўхтатди - шифокорлардан бирига коронавирус ташхиси қўйилган. Ушбу тиббий ходим 3 март куни Британиядан қайтган ва сўнгги беш кун давомида ишлаган.
- Канада коронавирусдан илк ўлим ҳолати ҳақида хабар берди. Ванкувердаги қариялар уйида яшаган эркак оламдан ўтган.
- Нидерландия бош вазири Мартин Рютте ватандошларидан вақтинчаликка қўл бериб сўрашишни тўхтатишни сўраган.
- Молдовада сешанба кунидан коронавирус тарқалган мамлакатлар ҳудудидан ҳаво орқали келувчи хорижликларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.
- Тенерифедаги «Коста Адеха» меҳмонхонасида карантин муддати якунланди, икки ҳафта муқддам бу ерда Италиядан келган шифокорда коронавирус аниқлангач карантин жорйи этилганди. Меҳмонхонанинг бошқа мижозларида вирус аниқланмади. Сайёҳлар изоляция муддати тугашини зиёфат уюштириб нишонлашди.
- Россияда ҳозирча вирус кенг тарқалмади: 20 ҳолат, уларнинг барчаси хорижда зарарланган, бирорта ўлим қайд этилмади.
Сўнгги маълумотлар
Сешанба кунги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйича жами 116 460 кишида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган, шундан 80 761 киши Хитойнинг материк қисмида. Сўнгги бир кунда Хитойдан ташқарида вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 4 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.
Эпидемия бошланганидан буён вафот этганлар сони 4091 нафарга етди, шундан 3136 киши Хитойда. 64 750 киши соғайиб кетган.
Эпидемия айни вақтда 114 давлатга таъсир кўрсатган. Энг кўп зарар кўрган давлатлар:
Италия (9172 ҳолат, 463 ўлим),
Эрон (8042 ҳолат, 291 ўлим),
Жанубий Корея (7513 ҳолат, 54 ўлим), Испания (1650 ҳолат, 35 ўлим),
Франция (1412 ҳолат, 30 ўлим),
Германия (1307 ҳолат, 2 ўлим)
«Diamond Princess» - 696 ҳолат, 7 ўлим
Япония - 543 ҳолат, 10 ўлим
АҚШ (729 ҳолат, 27 ўлим),
Швейцария (497 ҳолат, 3 ўлим),
Нидерландия (382 ҳолат, 4 ўлим),
Буюк Британия (373 ҳолат, 6 ўлим),
Швеция (325 ҳолат)
Бельгия (267 ҳолат)
Норвегия (252 ҳолат)
Сингапур (166 ҳолат)
Австрия (157 ҳолат)
Дания (156 ҳолат)
Малайзия (129 ҳолат)
Ҳонгконг (115 ҳолат, 3 ўлим)
Баҳрайн (100 ҳолат)
Австралия (103 ҳолат)
Яна ўнлаб давлатларда 100тагача ҳолатлар қайд этилган.
Мавзуга оид
14:59 / 27.05.2025
Ўзбекистон–Италия: 33 йиллик муносабатларга назар
10:43 / 26.05.2025
“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
10:02 / 26.05.2025
Жоржа Мелони 28-29 май кунлари Ўзбекистонга келади
00:47 / 24.05.2025