Жамият | 20:07 / 11.03.2020
7419
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик «16-шаҳар шифохонаси»да коронавирусга чалинган беморлар борлиги ҳақидаги хабарни рад этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги «16-шаҳар шифохонаси»да коронавирусга чалинган беморлар борлиги ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтимиздаги «16-шаҳар шифохонаси»да коронавирусга чалинган беморлар борлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз ва мутлақо ёлғон. 

10 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси (COVID-19) профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида ҳам вазирлик раҳбарияти билан бир қаторда халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилмаганини алоҳида эътироф этди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, назорат кучайтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида 24 соат давомида узлуксиз фаолият кўрсатувчи штаб иш олиб бормоқда. Айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон бир ҳолат аниқланмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор ҳар бир фуқародан нотўғри, ваҳимали ва асосланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Вазирлик шунингдек, алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмаслигини таъкидлаган.

«Дунёда коронавирус инфекцияси (COVID-19) бўйича эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ушбу инфекциянинг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада аҳолининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва профилактик чоралар кўриш борасида смс хабарномалар йўллаш тизими йўлга қўйилди.

Уларда асосан, қўлларни тез-тез яхшилаб ювиш, шамоллаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, юзни қўл билан ушламаслик, жамоат жойларга боришни камайтириш, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни ёпиш каби оддий, аммо муҳим гигиеник қоидалар бериб борилмоқда.

Афсуски, ушбу смс-хабарларни нотўғри талқин қилиш, мазмунини сунъий равишда ўзгартириб бериш орқали аҳоли орасида ваҳима уйғотаётганлар ҳам учрамоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан «коронавирусдан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим» мазмунидаги хабарлар мутлақо ёлғон ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай смс хабар юборилмаган. Мутахассисларнинг якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади», дейилади вазирлик хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид