Ўзбекистон | 23:39 / 12.03.2020
29735
3 дақиқада ўқилади

Нодир Жумаев: «Монополияни йўқотиш керак»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев Kun.uz'га берган интервьюсида 11 март куни бўлиб ўтган парламент эшитувидаги саволларига «Ўзавтосаноат» АЖ вакиллари томонидан берилган жавоблардан қониқмаганини таъкидлади.

«Йиғилишда баъзи бир саволларимга тўлиқ жавоб ололдим, баъзиларига эса ололмадим.

Мутасаддилар томонидан берилган жавобларнинг тўғри ёки тўғри эмаслигини парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилиб, автомобиль заводининг ўзига бориб ўргангач, айтишимиз мумкин», дейди у.

Нодир Жумаевга кўра, бозор қонунлари ишламас экан, бундай муаммолар юзага келаверади.

«Битта нарсани таъкидлашни истардим, бозор қонунлари тўлиқ амал қилмас экан ва монопол корхоналар фаолияти давом этавераркан, бундай муаммолар ҳам юзага келаверади. Шунинг учун биз иқтисодиётдаги қонунларга тўлиқ амал қилинишига эришишимиз керак.

Президентимиз рақамли иқтисодиётга эътибор қилгани бежизмас. Чунки рақамли иқтисодиётда хуфиёна иқтисодиёт бўлмайди, ҳамма нарса шаффоф бўлади. Бунинг охир-оқибат нафақат мамлакат саноатининг ривожланишига, балки аҳолининг фаровонлигини оширишга хизмат қилади», – дейди депутат.

Унинг айтишича, депутатлар томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, миллий автосаноат ўрганиладиган бўлса, биринчи ўринда импорт нархлар солиштирилади.

«Дунёда машиналар аллақачон 3-4 литр бензин сарфлаётган вақтда бизнинг машиналаримиз ҳалигача 10-15 литр бензин сарфлаб юришибди. Шунинг учун ҳам монополияни йўқотиб, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришимиз керак», дейди Жумаев.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаевнинг айтишича, одатда девальвация бўлса, экспорт ошиши керак, лекин автосаноат мисолида бунинг тескариси бўлмоқда.

«Бизда девальвация 100 фоизга ошсаям, импорт ошиб кетди. Импорт ҳажми экспортникидан 6 млрд.га кўпроқ ҳозир. Бу ташқи савдода катта мувозанатсизликни келтириб чиқарди. Маълум даражада олтин захиралари, валюта маблағларининг сарфланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг барча қонунларига тўлиқ амал қилинмаётганидан далолат беради. Бу эса қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Биз бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтмас эканмиз, қайсидир соҳаларда ана шундай муаммоларга дуч келаверамиз», – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Нодир Жумаев.

Мавзуга оид