Жамият | 10:30 / 13.03.2020
17900
7 дақиқада ўқилади

Жиззах шаҳар ҳокимлиги қарори билан бузилган уйлар учун компенсация нега тўлаб берилмаяпти?

​​​​​​​Kun.uz таҳририятига Жиззах шаҳридан юборилган тасвирларда бир неча фуқаронинг ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмагида куч билан уй-жойидан мажбуран кўчирилиши, аниқроғи, уйининг бузилиши акс этган.

Бошқа бир видеотасвирда эса фуқаро Фарҳод Боировнинг уйи, у ўзи уйда бўлмаган вақтда бузилиб, унинг қурилиш материалларидан иборат мулки уй эгаси иштирокисиз сотиб юборилганини кўриш мумкин...

Масалани Жиззах шаҳрига бориб ўрганганимизда, фуқаролар шаҳар марказидаги бир нечта хонадон бузилиши билан боғлиқ мазкур воқеалар 2018 йил содир бўлганини айтишди. Ҳозирда бузилган бу уй-жойлар ўрнида хусусий тадбиркор томонидан қурилган кўп қаватли уйлар қад кўтариб турибди.

Фаолиятимиз давомида тадбиркордан «снос» пулини ололмаётган уй-жой эгаларининг манфаатини кўзлаб, бошқа шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимлик фуқаролар номидан судга мурожаат этиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Чунки қоида бўйича тадбиркор фуқаролар билан келишиб, уларнинг уй-жой ва ерларини сотиб олиб, сўнгра қурилишга киришиши керак. Агар келишувнинг қайсидир қисми бажарилмай қолса, аҳоли эътирозлари асосида, уларнинг манфаатларини кўзлаб ҳокимлик судга мурожаат қилади.

Мурожаатларда эътиборни тортган жиҳат шуки, Жиззахда тадбиркор «дом» қуриши учун бу ерларни бўшатиб бериш билан бошдан охиригача шаҳар ҳокимлиги шуғулланганидан аҳоли норози бўлмоқда. Яъни, фуқаролар билан қайта-қайта судлашиб, уларни мажбуран кўчиришга эришган қарши томон — Жиззах шаҳар ҳокимлиги бўлган!

«Сўнгги бир йилда давлат томонидан «снос» масаласига жиддий эътибор қаратилиб, ҳуқуқлари бузилган фуқаролар масаласи қайта кўриб чиқилаётгани боис, умид билан сизларга мурожаат қиляпмиз.

Жиззах шаҳрининг Навоий кўчасидаги ҳовли-жойлари тортиб олинган бир неча хонадон ҳалигача уй-жойсиз қолмоқда, ахир. Албатта, биз ҳам қараб туролмас эдик, қатор идораларга мурожаат қилдик, судга бердик. Аммо ҳамон сарсонмиз.

Тўғри, биз оддий фуқаролармиз, аммо шаҳар ҳокимлигининг уйларимизни ўзи нархлатиб, ўзи истаган арзимаган пул билан тортиб олишга ҳақли эмаслигини яхши биламиз, буни қолганлар ҳам билишини истаймиз...» — дейишмоқда Навоий кўчасидаги хусусий турар жойларидан ажралган фуқаролар.

Маълум бўлишича, Навоий кўчасидаги уйлар Жиззах шаҳар ҳокимининг 2014 йил 20 февралдаги қарорига асосан шу кўчада кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши муносабати билан бузилишга тушган.

Табиийки, бу ҳолда компенсация масаласи ўртага чиқади. Айримлар ҳокимлик тарафидан таклиф этилган компенсацияга рози бўлиб, уйларини тарк этишган. Яна айримлар бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга ёзиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан таклиф этилган компенсацияга қўшимча маблағ ундириб олишган.

Яна кўплаб фуқароларни ҳокимлик таклиф этган компенсация қониқтирмаган. Улар шаҳар марказидаги ўз уйларининг квадрат метрига мос равишда шу ерда қуриладиган янги кўп қаватли бинолардан уй сўрашган.

Бироқ, ҳокимлик уларнинг талабларини инобатга олмасдан, масала охиригача ечилмасдан судга бериб, бу уйларни буздириб ташлаган.

Хуллас, бу ерда талаб ва шартларни мулк эгаси (фуқаролар) эмас, уни олувчи (ҳокимлик, қурувчи) қўяётганини ўз уйидан айрилганлар ҳалигача ҳазм этолмаяпти ва буни зўравонлик ўлароқ баҳолаяпти. Бундан ҳам ёмони — ўша арзимас компенсация пулини олган фуқаролардан айримлар ҳам ҳалигача уй-жой қура олган эмас.

Фуқароларнинг бир неча йилдан буён турли идораларга мурожаатлари ортидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ масалани ўрганиб, йиғилиш баёни тузган. Муаммога ечим топиши лозим бўлган ушбу йиғилиш баёни аксинча, яна қатор саволларни юзага келтирмоқда.

Баённоманинг энг «қизиқ» жойи шундаки, даъвогар сифатида аҳолини судга бериб уйдан мажбуран кўчиришга эришган ҳокимлик — энди фуқароларнинг бу ҳудудда уй-жой қурган қурувчи билан келишиши лозимлигини таъкидламоқда. Агар қурилиш корхонаси билан келишувга эришилмаса судга мурожаат этиши мумкинлиги тавсия этилмоқда.

Дарвоқе, фуқароларнинг уйлари тортиб олинган жойда қурилган янги уйлар нархи билан қизиқдик — квадрат метри 4 миллион сўмдан ошиқ.

«Бу бизнинг тортиб олинган уйлар учун тавсия қилинган компенсация пулларидан ўнлаб марта қиммат», дейди Фарҳод Боиров.

Бу қандай «бизнес»ки, олиб қўйишда таклиф қилинган компенсация квадрат метрга бўлганда бир миллион сўмга ҳам бормайдиган жойда энди сотилаётган уйлар нархи кв.м учун 4,5 миллион сўмгача?!

Масалага аниқлик киритиш учун Жиззах шаҳар ҳокимлигида бўлганимизда мутахассислар билан гаплаша олмадик. Ҳокимлик ҳуқуқшуноси бу масала бўйича муаммо бўлиши мумкин эмаслиги, чунки уй-жой эгалари билан тузилган келишув баённомаси борлигини маълум қилди.

Фуқаролар эса ўша келишув баённомаси ростдан ҳам ҳокимлик томонидан кўпгина идораларга юборилгани, аммо хонадон эгаларининг имзоси қалбакилаштирилганини маълум қилишмоқда.

Мазкур низога ҳам аниқлик киритиш учун ҳокимликдан ўша келишув баённомасидан нусха сўрадик. Аммо уни ё кўрсатишни исташмади ё топилмади. Масалага ойдинлик киритиши мумкин бўлган қурилиш корхоналари вакиллари эса биз билан мулоқотга розилик бермади. Хуллас, саволлар очиқлигича қолмоқда...

Жиззах шаҳар ҳокимлиги

Мазкур мақолани тайёрлар эканмиз, айнан компенсация масаласида Жиззах шаҳридан яна қатор мурожаатлар кела бошлади.

Жумладан, шаҳарнинг «Улуғбек» маҳалласидан яна 14 нафар фуқаро арзимаган нархлар билан баҳоланиб, уйлари буздириб ташланганидан шикоят қилмоқда.

Мавжуд тартиб-таомилга кўра, бундай ишлар қандай амалга оширилиши керак?

Биринчидан, уйи бузиладиган фуқароларга тўлиқ компенсация берилиб, айтайлик, Жиззахдаги айни ҳолатда ўша уйлар ўрнига қуриладиган янги кўп қаватли уйлардан бўлса ҳам янги уй ажратилиши, ёхуд шунга тенг бўлган компенсация тўланиши кафолатланиб, кейин уйлар бузилиши керак эди.

Иккинчидан, бузилган уйлардан қолган ер майдонлари қурувчи-девелоперларга «мана шунча уйи бузилган одамни уй билан таъминлайсан», деган шарт билан берилиши керак эди.

Бироқ шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлар рисоладагидек амалга оширилмаган. Аниқ айта олмаймиз, лекин тахминимизча ерлар албатта девелоперга бир сўм тўловсиз бепул берилган бўлиб чиқса керак (Аслида, вилоят маркази бўлган шаҳарларда текин ер бормикан?).

Арзимас компенсация пули билан алданган фуқаролар эса «отангга бор, онангга бор» ҳолига солинмоқда.

Ҳозир қурувчи ҳеч қанақа шартларсиз илгари инсонлар яшаган ерларни қўлга киритган ва бу инсонларнинг бугунги дарди-дунёси асло уларни ташвишлантирмайди. Чунки у ерни фуқаролардан эмас, ҳокимликдан олган бўлиб турибди.

Мавзуни давом эттирган ҳолда, тез орада Жиззах шаҳрида уйи бузилиб компенсация ололмаётган бошқа фуқаролар билан ҳам учрашиб, муаммони чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Kun.uz мухбири.

Фотомухбир: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзуга оид