АОКА Telegram-канал эгаларига огоҳлантириш юбормоқда. Агентлик раҳбари изоҳ берди
Коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид ёлғон хабар тарқатган Telegram'даги каналлар муаллифларига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан огоҳлантирув хатлари келмоқда. Тармоқдаги муҳокамаларда буни цензуранинг бошланиши дея баҳолаётганлар оз эмас.
Огоҳлантирувда маълум бир постда ёлғон маълумот аниқлангани, канал маъмурияти бу постни олиб ташламаса, Жиноят кодексининг 244-1 моддасига биноан жавобгарликка тортилиши айтилган.
Kun.uz мухбири АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджоновдан ҳолат юзасидан изоҳ сўради.
Дилшод Саиджоновнинг айтишича, бу – ҳеч қандай цензура эмас, фақат хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳамда фуқароларга қонунчиликни эслатиб қўйиш учун шундай хабарлар юборилмоқда.
«Aфсуски, кўпчилик қонунларни ўқимайди. «Aхборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1-моддаси веб-сайт эгаси, шунингдек, блогерларга бағишланган. Ушбу қонунда қандай ахборотни тарқатиш мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилган.
Яъни муаммо нимада? Бу – коронавирус ҳақида тарқатилган ахборот ҳақида эмас. Муаммо шуки, расм ёки видео олиняпти ва шу расм, видеога шарҳ бериляпти. Масалан: «Мана, Тошкентда озиқ-овқат бўйича муаммо бўляпти, аҳоли тўпланган. Озиқ-овқат етмайди. Тақчиллик юзага келади» деган хабарлар тарқаб кетди. Telegram`даги гуруҳларда, ҳар хил каналларда ва Facebook саҳифаларида шундай хабарлар тарқалди.
Бир томондан, фуқароларимизни тушунаман. Улар тезкорлик билан маълумот беришга ҳаракат қилишади. Фақат уларнинг қолдираётган изоҳлари қонунчиликка зид ҳисобланади. Буни улар билмагани учун ёзишмоқда, лекин билган ҳам, билмаган ҳам қонун олдида тенг.
Шунинг учун биз аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи ахборотлар тарқатаётганлар жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида қонундаги нормаларни эслатишни жоиз деб билдик.
Жиноят кодексининг 244-1-моддасида аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи хабарлар тайёрлаш ва тарқатишга жавобгарлик белгиланган.
Ушбу модданинг яна бир муҳим жиҳати – мазкур хабарлар оммавий ахборот воситаси орқали ёки интернет орқали тарқатилса, 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
Ушбу жавобгарликларни фуқароларимизга эслатиш учун биз огоҳлантирув хатлари билан чиқишга мажбур бўлдик.
Чунки бизга бундай асоссиз ваҳималар керак эмас. Ваҳима нима оқибатга олиб келишига тарих гувоҳ.
Бош вазир Aбдулла Орипов ҳам ОAВ ва блогерлар билан бўлган йиғилишда барча озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканини айтиб ўтган эди. Шунга қарамасдан ваҳимали ахборотлар тарқади. Шунинг учун биз мажбур бўлдик», – дейди Дилшод Саиджанов.
AОКA раҳбари коронавирусга чалинган аёл ҳақидаги маълумотлар тарқаб кетганига ҳам ўз муносабатини билдирди.
«Коронавирусга чалинган аёл ҳақида шахсий маълумотлар Telegram-каналларида тарқалиб кетди. Aгентлик томонидан огоҳлантирувчи тизим ишлаб чиқилган. Фуқаролар ушбу хатоларни қилмаслик учун биз гуруҳ админларига ушбу хатларни юборяпмиз. Хатларимизда уларнинг хатосини исботлаб кўрсатяпмиз ҳамда нима жавобгарликка олиб келишини ҳам эслатиб ўтяпмиз.
Қонунни бузганини тушунганлар хабарни олиб ташлаяпти. Олиб ташламаганлари билан эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқий баҳо бериши керак», – деди Саиджонов.
Маълумот ўрнида, ваҳима уйғотувчи, ёлғон ахборотларни олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, AОКA, Ёшлар иттифоқи, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди билан биргаликда https://t.me/koronavirusinfouz Telegram-канали ишга туширилган, бунга барча вазирликлар жалб этилган.
Халқимизга коронавирус билан боғлиқ барча ишончли маълумотлар ушбу канал орқали бериб борилади.
Мавзуга оид
22:35 / 23.11.2024
Францияда депутатларнинг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани юзасидан тергов бошланди
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
19:06 / 01.11.2024