Ўзбекистон | 11:23 / 18.03.2020
66668
3 дақиқада ўқилади

Тўйлар ва бошқа маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Президент тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунни имзолади

Фото: doca-tours.com

Шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 192-1-модда, яъни тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмасликда ифодаланган ҳуқуқбузарлик билан тўлдирилди.

Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қонуннинг мазкур қисми у расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан қабул қилинган низомга кўра:

2020 йил 1 январдан бошлаб:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Мавзуга оид