Ҳиндистонда хавотирли вазият, Меркель карантинда. Сўнгги маълумотлар
Якшанба кунги маълумотларга кўра, дунёнинг 170дан ортиқ мамлакатида қайд этилган вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 340 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 14 минг 573 нафари вафот этган, 97 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган.
Беморлар сони 100 мингга етиши учун 97 кун вақт кетган бўлса, бу миқдор 200 мингга етиши учун 12 кун етарли бўлди. Сўнгги 4 кун ичида коронавирус 300 минглик нуқтадан ўтиб кетди.
Сўнгги бир кунда Африкада кескин ўсиш кузатилди. Бир кунда бу қитъада Covid-19 коронавирусидан жами мингдан ортиқ киши зарарланди. Шу вақтгача Африка қитъасидаги вазият дунё бўйича энг барқарор ҳолат бўлиб турганди.
Айни вақтда саноқли давлатларда вирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилмади - Туркманистон, Шимолий Корея, Тожикистон, Сурия, Яман, Ливия, Жанубий Судан, Бирма, Лаос, Мозамбик, Лесото, Ботсвана, Мали, Сьерра-Леоне, Гвинея-Биссау, Ғарбий Саҳройи Кабир ва Белиз.
Германияда янги чоралар, Меркель карантинда
Германия якшанба куни коронавирус тарқалиши олдини олиш учун қатъий чоралар жорий этди. Фуқароларга иш жойлари ва уйларидан ташқарида иккитадан ортиқ бўлиб йиғилиш тақиқланди.
Бундан ташқари, ҳукумат барча кафе ва ресторанларни ёпишга кўрсатма берган, озиқ-овқатни буюртма билан уйга етказиб бериш мумкин, шунингдек, сартарошхоналар, массаж ва тату салонлари ёпилган.
Германия канцлери Ангела Меркель уй карантинига йўл олди, пайшанба куни уни эмлаб қўйган шифокорда коронавирус аниқланган.
Буюк Британия
Британия ҳукумати фуқароларни оролда коронавирус тарқалиши жадаллашгани ҳақида огоҳлантирган. Сўнгги бир кунда Уэльснинг ўзида 7 бемор оламдан ўтди.
Шифокорларнинг қайд этишича, уларнинг барчаси оғир аҳволдаги беморлар гуруҳида эди: уларнинг айримлари 70 ёшдан ошган, бошқаларининг сурункали касалликлари бўлган.
Мамлакатда вирусдан зарарланганларнинг жами сони 5 минг нафардан ошди, қурбонлар сони 244 нафар.
Лондон мэри Содиқ Хон айниқса пойтахтда аҳвол оғирлигини қайд этган - 88 ўлим ҳолати.
У муҳим соҳалар ишчилари - шифокорлар, ўт ўчирувчилар, шаҳардаги бошқа хизматлар ходимлари ишга етиб олиши учун метронинг айрим линияларини очиқ қолдиришни режалаштираётгани ҳақида айтиб ўтган. Бошқа барча мэрлар одамларни жамоат транспортида сафар қилишдан тийилишга чақирмоқда.
Италияда қурбонлар сони 5 мингдан ошди
Италияда 21 март куни коронавирус инфекциясидан ўлим бўйича янги рекорд қайд этилди - 793 бемор вафот этди. 22 март куни қурбонлар сони 651тага ортди - жами қурбонлар сони - 5476.
Италия пайшанба куниёқ коронавирус қурбонлари сони бўйича Хитойни ортда қолдирганди. 22 март ҳолатига кўра, Covid-19 ташхиси Италиянинг 59138 нафар фуқаросида қайд этилган, бу бир кун аввалгидан 5560 нафарга кўпроқ.
Коронавирус ўчоғи бўлган Ломбардияда 3 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакат шимолидаги бу вилоятда февраль ойидаёқ қатъий чоралар кўрилиши бошланган ва ҳудуддаги шаҳарлар ёпиб қўйилишига қарамасдан инфекция кенг тарқалиб улгурганди. Янги қоидаларга кўра, кечқурунлари кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланган. Савдо автоматларидан фойдаланиш ҳам мумкин эмас.
Бизнес вакилларига деярли барча операцияларни тўхтатиш кўрсатма қилинган. Қурилиш ишлари тўхтаган (шифохоналар қурилиши бундан мустасно). Очиқ осмон остидаги бозорлар ёпилган.
Римда икки монастир карантинга олинган, 59 монах коронавирус билан касалланган. Бутун мамлакат бўйлаб жами 28 нафар коҳин Covid-19 қурбонига айланган.
Россия шанба куни коронавирусга қарши кураш учун Италияга ҳарбий вирусологлар ва тиббий қурилмалар юборилишини маълум қилди. Хитой ҳам Италияга 100 мингдан ортиқ ниқоб ва тест тўпламлари юборган.
Ҳиндистон хавф остида
Ҳиндистонда вирусдан зарарланиш ҳолатлари ўсиши ортидан (396 бемор, 7 ўлим) комендантлик соати жорий этилди. Ҳозирча куннинг 14 соатида комендантлик соати жорий этилган - эрталаб соат 7дан кечки 9гача кўчага чиқиш мумкин эмас.
«Бу комендантлик соати чораси коронавирусга қарши курашдаги энг кучли зарбамиз бўлсин. Қўллаётган чорамиз келажакда бизга ёрдам берсин», деган мамлакат бош вазири Нарендра Моди.
Агар ҳукумат бу чорани самарали деб топса, бу чоралар кейинги фармойишга қадар доимий асосда жорий этилади.
Ҳиндистон темир йўллари барча йўловчи поездлари ҳаракатини тўхтатди.
Бунгача ҳам айрим штатларда мустақил равишда карантин жорий этилган, Модининг ватани бўлмиш Гужарот штатида 4та шаҳар ташқи дунёдан тўлиқ изоляция қилинганди.
Айрим экспертлар фикрича, Ҳиндистон Хитой, Эрон ва Италия каби вирус авж олишининг навбатдаги ўчоғига айланиши ҳам мумкин.
АҚШдаги вазият
АҚШда коронавирусдан зарарланганлар сони сўнгги кунларда кескин ўсмоқда - 22 март куни яна 13960 кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 38167тага етди (дунёда учинчи кўрсаткич), сўнгги бир кунда 94 киши вафот этиб, жами қурбонлар сони 396 нафарга етди. Нью-Йорк губернатори штатда 10 мингдан ортиқ киши касаллангани, улардан 6 211 нафари Нью-Йорк шаҳрида эканини маълум қилган.
Калифорния ортидан Нью-Йорк, Иллинойс ва Коннектикутда ҳукумат аҳолидан ўз уйидан имкон қадар камроқ чиқишни сўрамоқда. Айни вақтда бундай тавсиялар АҚШнинг жами аҳолисининг бешдан бир қисмига тегишли.
Шанба куни президент Дональд Трамп ҳам америкаликларни уйда қолишга чақирди. У ўз чиқиши вақтида шундай деди: «Нима учун ниқобларни дезинфекция қилмаяпмиз? Бизда бунинг учун зарур воситалар бор-ку?».
Норасмий маълумотларга кўра, Нью-Йоркда шифокорлар ва ҳамширалар бир ниқобни бир ҳафта кийишига тўғри келмоқда улар ниқобларни қўл учун воситалар билан тозалашга мажбур бўлишмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ ва Канада чегарасини кесиб ўтиш тақиқланган.
Вице-президент Майк Пенс шанба куни ўтказилган матбуот анжуманида ўз ёрдамчиларидан бирида коронавирус аниқлангани, лекин ўзи ҳам, Трамп ҳам ушбу ходим билан тўғридан-тўғри алоқа қилмаганини айтиб ўтди.
Бошқа давлатлар
Испания - Европада вирусдан зарарланганлар сони бўйича иккинчи давлат - 28603 ҳолат ва 1756 ўлим. Сўнгги бир кунда яна 375 киши вирус қурбони бўлди.
Шанба куни «Реал»нинг собиқ президенти Лоренсо Санс коронавирус юқтириши оқибатида 77 ёшида оламдан ўтди.
Францияда сўнгги бир кунда коронавирусдан 112 киши вафот этди, эндиликда ўлимлар сони 674тага етди. Яна 1559 кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 16018тани ташкил қилмоқда.
Франция Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран шундай деди: «Бундай вазиятда бепарво бўлиш, афсуски, шунчаки масъулиятсизлик эмас, бу - ўз соғлигингиз учун ҳам, бошқа соғлом кишилар соғлиги учун ҳам хавфдир».
Швейцарияда сўнгги бир кунда 611 киши вирусдан зарарлангани маълум бўлди, жами беморлар сони 7474, вирус юқиши оқибатида яна 18 киши вафот этди, жами қурбонлар сони - 98 нафар. Май ойида Цюрих ва Лозаннада бўлиб ўтиши керак бўлган ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати бекор қилинди.
Австралияда паблар, клублар, кинотеатрлар, казино ва черковлар ёпилган. Кафе ва ресторанлар take away режимига («ўзи билан олиб кетиш») ўтган. Супермаркетлар одатий графикда ишлашда давом этмоқда, «уйга етказиб бериш хизмати»га талаб кучайган.
Қатъий чоралар ҳақида Австралия бош вазири Скотт Моррисон ҳукуматнинг шошилинч йиғилишидан кейин эълон қилди.
Ҳозирча мамлакатдаги барча мактаблар ёпилиши режалаштирилмаяпти, аммо айрим штатлар маҳаллий даражада шундай қарорлар қабул қилишга тайёр.
Австралияда Covid-19 билан зарарланиш ҳолатлари сўнгги кунларда кескин ўсиб кетди ва 1353 нафарга етди. Қурбонлар сони 7 нафар.
Эрон Қўшма Штатларнинг коронавирус билан кураш учун таклифини рад этди. Оятуллоҳ Али Хоминаий АҚШнинг коронавирусга қарши курашда Эронга ёрдам бериш таклифини «шубҳали ва таажжубли» деб ҳисоблашини айтди.
Эрон олий етакчиси коронавируснинг америкаликлар томонидан яратилгани ҳақида тахминлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Таиланд, Жанубий Корея, Индонезия
Таиландда вирусдан зарарланганлар сони 188тага ошди ва 599 нафарга етди, зарарланиш ҳолатларининг аксари Бангкокда. Шифокорлар шаҳар карантин учун тўлиқ ёпилиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.
Жанубий Кореяда вазият яхшиланаётган бўлсада ҳукумат ҳамон оммавий йиғилишларга рухсат бермаган.
Индонезияда 2008 йилги Осиё ўйинлари иштирокчилари учун ташкил этилган спортчилар қишлоғи зудлик билан 4 мингдан ортиқ ўринга эга шифохонага айлантирилган.
Индонезия жаҳонда аҳоли сони бўйича тўртинчи ўринда жойлашган. Ҳозирга келиб бу мамлакатда коронавирусдан зарарланишнинг 514 ҳолати қайд этилган, 48 киши вафот этган, аммо тиббиёт ходимларининг ҳисоблашича, ҳақиқий рақамлар бошқачароқ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024