Ўзбекистон | 21:40 / 31.03.2020
55619
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун 20 млн доллар ажратди

Россиялик миллиардер, келиб чиқишига кўра ўзбекистонлик бўлган таниқли тадбиркор Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасидаги тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион доллар ажратди.

«Ўзбекистон 24» телеканалида хабар қилинишича, ушбу маблағ Тошкент вилояти Зангиота туманида коронавирус туфайли Ўзбекистонга олиб келинган ватандошларни карантинга олиш учун зарур бўладиган шифохоналар жиҳозланиши учун сарфланади. 

«Таниқли тадбиркор, меценат Алишер Усмонов ҳам давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига ўз ҳисобидан хайрия маблағлари ўтказаётган сахий юртдошларимиз қаторида шу кунларда жадаллик билан бунёд этилаётган мазкур касалхона қурилишига баҳолиқудрат ўз ҳиссасини қўшиш ниятида ушбу шифохонани энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун 20 миллион доллар миқдорида маблағни ажратди.

Бу маблағ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди ва халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бунёд этилаётган  мазкур касалхонани зарур тиббий ускуналар билан таъминлашга йўналтирилади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, миллиардер Алишер Усмонов айни вақтда Ўзбекистонда бўлиб турибди, у коронавирус пандемияси вақтида Тошкентда изоляцияда яшашга қарор қилди.

Айни вақтда Зангиота туманида 27 гектар майдонда 10 минг беморни ёки карантинга олинадиганларни бағрига сиғдира оладиган махсус жойлар барпо этилмоқда.

Мавзуга оид