Ўзбекистон | 17:18 / 31.03.2020
25219
2 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида маҳалла ходимларининг уйма-уй юрганига изоҳ берилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги карантин шароитида МФЙ ходимларининг уйма-уй юриб, тарғибот олиб бораётганига изоҳ берди.

Вазирлик матбуот котиби Саодат Боймирзаеванинг қайд этишича, маҳалла ходимларининг хонадонларга қатнови ижтимой ёрдамни ўз эгаларига етказиш ва карантин ҳақида маълумотларни тушунтириш билан изоҳланади.

«Баъзи қишлоқ шароитларида, чекка маҳаллаларда электр токи билан боғлиқ узилишлар борлиги ёки интернетдан фойдаланиш малакасига ҳамма ҳам эга эмаслигини инобатга олган ҳолда, аҳоли орасида коронавирусдан ҳимояланиш, бу касалликнинг оқибатлари ҳақидаги маълумотларни барчага етказиш ишлари олиб борилган.

Бунда тарғиботнинг энг замонавий усуллари асосида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Маҳалла ходимлари қайси оилада нимага эҳтиёж борлигини яхши билишади. Ногиронлар, ёлғиз кексалар, моддий имконияти чекланганлар ҳақида улар маълумотга эга. Шу боис давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган ёрдам, ижтимой таъминотнинг керакли хонадонларга манзилли етиб боришини ҳам маҳалла фуқаролар йиғини таъминлайди.

Шунингдек, моддий етишмовчилик мавжуд хонадонларга тиббий ҳимоя воситаларини етказиб бериш ишлари ҳам ташкил қилинди», – дея Саодат Боймирзаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик вакилига кўра, маҳалла ходимларининг хонадонларга кириб-чиқишида барча гигиеник ҳимоя чоралари кўрилган.

«Бу тушунтириш ишлари тиббиёт ходимлари ва ички ишлар органларининг масъул вакиллари ҳамроҳлигида амалга оширилди. Бунда гигиена қоидаларига қатъий амал қилиняти. Ижтимой масофанинг сақланишига ҳам аҳамият қаратиляпти», деди у 31 март куни бўлиб ўтган брифингда.

Маълум қилинишича, бозорларда нархлар мўътадиллигини сақлаш борасида ҳам маҳалла фаолларининг иштироки таъминланган.

«Карантин чоралари кўрила бошланганда бозорларда, савдо нуқталарида навбатларнинг кўпайиб кетиши, нархларни ноқонуний ошириш ҳоллари бўлди. Бу ҳолатда вазирлик республикадаги 5 мингга яқин маҳалланинг фаол нуронийлари орқали жамоатчилик назоратини ўрнатди ва нарх-навонинг мўътадиллашуви учун амалий таъсир кўрсата олди», деди Саодат Боймирзаева.

Мавзуга оид