Спорт | 17:15 / 02.04.2020
26570
14 дақиқада ўқилади

Тарихга назар. Асрнинг энг можароли трансфери ҳақида

Фигунинг «Реал»га ўтиши ўн йилликларнинг энг шов-шувли трансфери ҳисобланади.

2016 йилда Берлинда ташкил қилинган матбуот анжуманида Фигу ва Пуйол саволларга жавоб беришар экан, бир журналист аёл каталон тилида сўзлашни бошлайди.

«Одатда мен каталониялик журналистларнинг саволларига жавоб бермайман, лекин сиз учун истисно қиламан, чунки чиройли аёл экансиз», – дейди ўшанда Луиш Фигу.

Бу қисқагина воқеада жуда кўп маъно ва тарих яширинган. Луишнинг «Реал»га ўтганига 16 йил, фаолиятини тугатганига етти йил бўлди, аммо у Барселона матбуоти қандай қилиб мухлисларнинг нафратига олов сепганини унутмайди. Оддий факт: ҳатто 2010 йилда ҳам Каталониянинг Sport газетаси навбатдаги сонларидан бирини шундай муқова билан безади – «Фигунинг сотқинлигига ўн йил».

Табиийки, Фигу ўзини бу даражада нафратга лойиқ деб ҳисобламайди ва бунга асосий айбдор сифатида матбуотни кўради. Шу билан бирга, Берлиндаги ҳазили унинг доим совуққонликни ва хотиржамликни ҳам сақлай олганини намоён этади. Бу хислат унга жуда қийин қарорларни қабул қилишда ёрдам берган. «Барселона»дан «Реал»га ўтиш, масалан.

Биринчи талқин

Кейинроқ, Фигунинг яқин дўсти, «Реал» билан музокараларда қатнашган Паулу Футренинг айтишича, футболчи умуман бу трансфер амалга ошишини истамаган. Футренинг талқинига кўра, буларнинг ҳаммаси Флорентино Переснинг катта фирибгарлиги бўлган. У ўша пайтларда «Реал» президентлиги учун курашаётган, аммо яққол аутсайдер эди. Чунки «Реал»ни узоқ (ўттиз йил) танаффусдан сўнг, икки марта ЕЧЛ ғолиблигига олиб келган Лоренсо Санс босқичма-босқич клубни ривожлантириб борар, мухлислар ҳам уни яхши кўришарди.

Шу пайт Перес пайдо бўлади ва агар «Реал» президенти бўлса, Фигуни сотиб олишга ваъда беради. Бунга ишониш қийин эди. Тасаввур қилинг, кимдир «Ливерпуль» президентлигига сайланиш олдидан Кевин Де Брюйнени олиб келишга ишонтира олармиди? Аммо Перес футболчининг агенти билан олдиндан гаплашиб қўйганди.

Келишув шартига кўра, агар Перес сайловларда ютқазса, Фигу Барселонада қолиб, икки миллион евро олади. Агар Перес ютадиган бўлса, футболчи «Реал»га ўтади. «Реал» мухлисларини тушуниш мумкин – «қани нима бўларкин» дегандек улар Пересни қўллай бошлашди. Фигу ва унинг агенти ҳам бир қараганда, тўғри қарор қабул қилишган – Переснинг ғалаба қозонишига ишониш қийин, осонгина икки миллион евро ютиб олиши мумкин. Аммо яна бир шарт бор, мабодо Перес ютса-ю, Фигу «Реал»га ўтишни истамаса, жарима 35 миллион еврони ташкил қилади. Футболчи ўз агенти ва юристи билан шу томонини ўйлашганига шубҳа бор, хуллас, оқибатдан Фигуда «Реал»га рози бўлишдан бошқа чора қолмайди.

Бу ўша, кейинчалик интернетда машҳур бўлган латифани эслатиб юборади. Оддий йигитни Билл Гейтснинг куёвига айлантириш операцияси ҳақидаги латифа. Жаҳон банки раҳбарининг олдига бориб, «шу йигитни ишга олинг, у Билл Гейтснинг куёви» деб рози қилишади, Гейтснинг олдига келиб эса, «шу йигитни куёв қилинг, у жаҳон банкида ишлайди» дейишади. Эсладингизми?

Хуллас, шу билан Перес ўзи учун футбол оламига катта йўл очади ва «Реал» балки Сантьяго Бернабеудан кейин, тарихидаги энг муваффақиятли президентига эга бўлганди.

Иккинчи талқин

2000 йилнинг ёзи – футбол оламидаги энг қизғин давр. Июнда бўлиб ўтган навбатдаги Европа чемпионати Фигуни жаҳон футболидаги энг ёрқин юлдузлардан бирига айлантирди. Июлда эса, ҳам «Реал»да, ҳам «Барселона»да президентлик сайловларига старт берилди. Бу шунчаки тасодиф, лекин сайловларнинг бир ҳафталик фарқ билан ўтгани ҳам ажойиб. Бу сайловларга бир ой олдиндан, ҳаммаси равшандек, ким ютиши аниқдек туюлганди ҳам.

Барселонада Луис Нуньеснинг 20 йиллик даврига якун ясалаётганди. У асосий вазифасини бажарди, яъни «Барселона»ни дунё грандларидан бирига айлантирди. Лекин Нуньеснинг сиёсати клуб мақомига унча мос келмасди. У доим юқори маошларга қарши бўлар, юлдузлардан воз кечарди. Марадона, Роналдо, Стоичковнинг кетиши бунга яққол мисол. Муҳими, анчадан бери клуб Чемпионлар лигасида ғалаба қозона олмай келаётганди. Ниҳоят, Луи ван Гаал ҳам жамоадан зериккан, жамоа ҳам мураббийдан чарчаганди.

«Барселона» ўзига яраша жозибали, ҳужумкор, шу билан бирга ҳимоя анча бўш, йиллар давомида бу муаммо ҳал бўлмай келарди. Клубнинг йўналиши, келажаги ҳақида ҳеч ким, ҳатто бўлажак президент Жоан Гаспарда ҳам аниқ фикрлар йўқ эди.

Бу ўтиш даври қанчалик қийин бўлишини албатта, ҳеч ким тасаввур қила олмасди – вақтинчалик президент ва Серра-Феррер, Рексач, Антич каби вақтинчалик мураббийларни эсланг. Лекин ноаниқлик, мавҳумлик аср бошида Барселонада ҳукм сургани рост.

«Барселона»га нисбатан олсак, «Реал» ўз муаммоларига эга бўлса-да, ечилиши осон ва келажак учун аниқ режага эга бўлган клубдек таассурот уйғотарди. Лоренсо Санс бир йўналишда иш олиб борар, клуб бюджети бўшаб қолганда, ўз пулларини ишлатиб ҳам, керакли харидларни амалга оширарди. У «Реал»нинг мухлиси эди, унинг даврида «Реал» икки марта Чемпионлар лигаси ғолибига айланди. Перес аралашгунча, Мадридда барқарорлик бор эди.  

Переснинг режаси бироз популистик, бироз тентакона ва шу билан бирга буюк эди. Қурилиш магнати бўлган номзодда аниқ режа бўлган ёки бўлмагани номаълум, аммо у мухлисларга мурожаат қилар, уларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнар эди. Фигу Евро-2000’нинг энг ёрқин юлдузи, ўша даврда дунёнинг энг кучли икки футболчисидан бири, «Барселона»нинг эса вице капитани эди – Перес айнан уни «Реал»га олиб келишга ваъда беради. Клубнинг қарзлари, қиммат кредитлар, молиявий муаммолар? Фигу. Футболдаги тажрибанинг йўқлиги, сайловдаги рақибнинг обрўси? Фигу. Барча саволларнинг жавоби, муаммоларнинг ечими Фигу эди унинг назарида. Шу билан бирга, Переснинг амбициялари фақат Фигу билан чекланмаслигини ҳали кўпчилик билмасди. «Галактикос» ғояси муаллифи Мадридда қандайдир буюк лойиҳага пойдевор қураётганди.

Энди, агар масаланинг эмоционал жиҳатларини бир чеккага қўйиб турсак, Луиш Фигу келажаги номаълум бўлган ва шубҳа остида бўлган бир клубдан катта лойиҳани бошлаётган ва унинг маркази айнан Фигу бўлиши ваъда берилаётган иккинчи клубга ўтаётганди. Чемпионлар лигасини юта олмаган жамоадан яқиндагина, сўнгги уч йилда икки марта бу турнирда ғалаба қозонган жамоага ўтаётганди. Ажойиб мавсумдан кейин, унинг маошини икки миллион еврога оширишга рози бўлмаган «Барселона»ни олти миллион таклиф қилаётган «Реал»га алмашаётганди. Шу томонлари ўйлаб кўрилса, футболчи учун бу трансфер анча мантиқий ва тўғри қарор бўлган, дейиш мумкин.

«Реал»нинг президентлик сайловлари бир ҳафта олдин бўлиб ўтди ва бу трансфернинг амалга ошишида муҳим аҳамият касб этди. Нуньес кетаётган, Гаспар ҳали ҳеч нарсани аниқ билмас, маълум давр клуб гўёки раҳбарсиз қолган, ким билан музокара ўтказишни ҳам билиш қийин эди. Балки агар Барселонадаги сайловлар олдинроқ амалга ошганда, барчаси бошқачароқ кечиши мумкин бўлган.

Трансфердан сўнг

Фото: Firo Foto/Getty Images

2000 йилнинг 21 октябрида «Камп Ноу» трибуналари ҳар қачонгидан кўра кўпроқ нафрат билан тўлиб-тошади: Фигу Каталонияга «Реал» сардори сифатида келганди.

Луишга қарата хавфли буюмлар улоқтирилган ўша машҳур баҳс эса икки йил ўтиб бўлиб ўтади. У «Камп Ноу»га биринчи сафар келганида каталониялик мухлислар нафратни ифодалашнинг оригинал услубларини ўйлаб топишмаган ва фақат шунчаки ҳуштакбозлик қилишганди. Майдондаги футболчиларнинг қулоқлари том битаёзган, Фигу бутунлай босим остида ҳаракат қилганди.

Жароҳатлар ва дисквалификация туфайли Фигу кейинги икки класикода майдонга тушмайди ва фақат 2000 йил ноябрида Барселонага қайтади. Бу вақтга келиб ҳам каталонияликларнинг нафрати сўнмаган, қолаверса, мухлисларда ўз ҳиссиётларини ифода этишнинг янги йўлларини ўйлаб топиш учун вақт бўлганди.

Ўйиннинг илк сониялариданоқ босим қилиш бошланди: стадион сухандони Манель Вич бошланғич таркибни ўқиётганида Фигунинг фамилиясидан кейин 10 сония танаффус қилади. У бу орқали трибунадаги шовқинларни эшиттиради.

Ўйин кескин курашлар остида ўтади: Луишни Карлес Пуйоль тинмай таъқиб қилади, португалиялик футболчининг ўзи ҳам ундан кам қўпол ўйнамайди, вазиятлардан бирида эса Филипп Кокунинг оёқларига зарба беради. Ўйиннинг еттинчи дақиқасидаёқ ҳакам унга огоҳлантириш беради.

Фигу бурчак зарбасини ижро этиш учун келганида эса трибунадагилар унга қовурилган чўчқанинг бошини улоқтиришади, ҳакам ўйинни тўхтатади. Ҳозирда ушбу чўчқа боши «Барселона» клуби музейида сақланмоқда. Бу футбол тарихида «Олтин тўп» соҳибига қарата отилган энг экзотик буюм. Аммо энг хавфлиси эмас.

Фото: Vladimir Rys/Bongarts/Getty Images

Бошдан ташқари Фигуга бошқа турли предметларни ҳам улоқтиришган: тангалар, телефонлар, ҳожатхона қоғози ўрамлари. Виски бутилкаси. Ва пичоқ. Футболчининг бахтига, бутилка ҳам, пичоқ ҳам унга тегмаган. Фигу хотиржамликни сақлаб қолади ва вазиятни ўз фойдасига буриб юборади: ерда ётган буюмлар орасида у кока-кола бутилкасини ҳам кўради ва ўзи элчиси бўлган бренд маҳсулотини қўлга олиб ичади ҳамда худди рекламадаги каби бош бармоғини кўрсатади.

«Реал» футболчилари майдонда қолиш хавфсиз эмас деб ҳисоблашади. Ҳакам Альфонсо Перес Бурруль жамоани ўзи билан олиб чиқиб кетади. Карлес Пуйоль эса «Барселона» фанатларини тинчлантиришга муваффақ бўлади. 12 дақиқадан кейин ўйин давом эттирилади.

Фото: Tony Marshall/EMPICS via Getty Images

Трансфернинг жанжали, шов-шуви футбол натижаларини ҳам ўз соясида қолдириб кетди. Трансфердан олти ой ўтиб, Фигу «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Чунки баҳордаги еврокубокларда у ажойиб ўйин кўрсатган, «Челси» майдонидаги 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, вазиятни ўнглашда Фигунинг голи ва икки ассисти катта рол ўйнаган, «Барселона» ярим финалга чиққанди. Европа чемпионатида эса, у олти ўйинда саккиз голда бевосита иштирок этди ва бу борадаги энг яхши кўрсаткични қайд этди. Шу билан бирга, Фигу «Реал»да ҳам жуда тез кўникма ҳосил қилди ва кузда ҳам ўша формасини сақлай олди. Умуман, илк мавсумида Фигу, Ла Лига ва ЕЧЛдаги ўйинларда 27 марта шерикларига голли узатма амалга оширганди – бу космос. Сўровномада у Зиданни ортда қолдирди ва 35 йилдан кейин «Олтин тўп»ни ютган илк португалиялик футболчига айланди.

Фигунинг кейинги фаолияти ўша трансфер қарори тўғри бўлганини исботлайди. Фигу «Реал»да ҳам, «Барселона»да ҳам бир хил – беш мавсумдан ўтказган, ўйинлар сони ҳам яқин – 248га 245. Жамоавий совринлар бўйича ҳам ўхшаш, еттитадан кубок, уларнинг ичида иккитадан Испания чемпионлиги. Аммо у «Реал»да Чемпионлар Лигасидаги ғалабани ҳам ўз медаллари сафига қўшиб қўйди.

Индивидуал томондан эса, Фигунинг кўрсаткичлари яхшиланган. Голлар сони бўйича, «Барселона» 45, «Реал»да 56 гол, ассистлар – 75га 46, «Реал» фойдасига. Албатта, Фигунинг Мадридда ўхшаши йўқ лойиҳанинг бир қисми бўлганини унутмаслик керак. «Галактикос» таркибда фақат юлдузлардан иборат бўлганда ҳам, уларнинг ҳар бири ўз эгосини енгиб, ажойиб жамоа бўла олишини исботлаганди.

Stephane Reix/Corbis/VCG via Getty Images

60 миллион еврога Фигуни сотиб олган Перес, ҳар йили суперюлдузларни таркибга жалб қила бошлади. 2001 йилнинг ёзида Зидан, 2002 йилда Роналдо, 2003 йилда Бекҳэм. Фигу ўша жамоанинг асосий бўлаги эди. У 28 ёшда, яъни анча каттароқ ёшда Мадридга келган бўлса-да, шартномасининг сўнгги йилларида ҳам муҳим футболчи эди, натижаларга таъсир қила оларди. Фигу «Галактикос»да энг ёрқин юлдуз эмасди, лекин жуда фойдали эди. Исбот ўлароқ, унинг 32 ёшда ҳам, Чемпионлар лигасидаги 8 ўйинда тўққиз марта гол иштирокчиси (гол ёки ассист) бўлганини эслаш мумкин. Бундай беш йилдан сўнг, Фигу ушбу трансфердан афсус қилмаган бўлса ҳам керак. У олти карра кўпроқ пул топа бошлади, аммо фақат пулдан ютмаганди.

Мавзуга оид