Ўзбекистон | 20:00 / 03.04.2020
60657
5 дақиқада ўқилади

Қибрайдаги сиҳатгоҳда карантинда сақланган 7 киши 15 суткага қамалди

БААнинг Дубай шаҳридан келгач, Қибрайдаги «Энергетиклар» сиҳатгоҳида карантинда сақланган фуқаролардан 7 нафарига 3 апрель куни 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Юқори Чирчиқ маъмурий суди уларни МЖтКнинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган, деб топди.

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, қамоққа олинганларнинг 4 нафари – аёллар.

«Иш ҳужжатларига кўра, ушбу 7 фуқаро 1 апрель куни соат 20:00лар атрофида «Энергетиклар» сиҳатгоҳида белгиланган карантин қоидаларига амал қилмасдан, ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилиб, уларнинг тинчлигини бузган. Тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни хам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган», – дейилади Олий суд хабарида.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидан Kun.uz'га берилган маълумотда ушбу фуқаролар Дубайдан чартер рейс орқали 17 март куни олиб келингани айтилади. Назарда тутилаётган можароли ҳолат эса 1 апрелда – улар карантинга жойлаштирилганининг 15-кунида рўй берган.

«2 апрел куни ижтимоий тармоқларда карантинда сақланаётган фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига қўпол муносабатда бўлиб, жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалди.

Мазкур масала Тошкент вилояти ИИББ биринчи минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази томонидан ўрганиб чиқилган. Маълум бўлишича, мазкур видеотасвир 17 март куни Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳридан чартер рейси орқали Ўзбекистон Республикасига олиб келиниб, Қибрай тумани Дархон м.ф.й. ҳудудида жойлашган «Энергетиклар сиҳатгоҳи» МЧЖга қарашли дам олиш сиҳатгоҳига карантинга жойлаштирилган фуқаролар томонидан тасвирга олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Видеода 1 апрел куни тахминан соат 20:00ларда, қизил рангли спорт костюмини кийиб олган эркак (кейинчалик терговга қадар текширув давомида аниқланишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.К.) ИИБ ходимларига қарата баланд оҳангда ҳар-хил уятли сўзлар билан ўз эътирозларини билдирган.

Оқ рангли спорт кийимидаги аёл (кейинчалик терговга қадар текширув давомида аниқланишича, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида яшовчи Р.П.) ҳам давлат органи ходимларига қарата ҳақоратли сўзлар билан ўз эътирозларини билдирган.

ИИБ ходимлари эса уларни тинчланишга ва сабрли бўлишга чақирган ҳамда вазият юзасидан тушунтириш беришга уринган.

Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида, 1 апрел куни тахминан соат 20:00 ларда ушбу сиҳатгоҳда карантинда сақланаётган 7 фуқаро: Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.К., Самарқанд шаҳрида яшовчи Р.П. (аёл киши), Олмазор туманида яшовчи У.Ш., Учтепа туманида яшовчи К.И, Сардоба тумани (Сирдарё)да яшовчи М.Д. ва Наманган шаҳрида яшовчи Н.Ф. (аёл киши) ва Норин тумани (Наманган)да яшовчи Т.Ш. (аёл киши)лар карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб, белгиланган тартиб-қоидаларга қасддан амал қилмасдан, сиҳатгоҳда хизмат олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилиб, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганликлари аниқланган.

Ушбу фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми, 183, 194-моддалари билан маъмурий иш қўзғатилиб, тегишли ҳужжатлар белгиланган тартибда судга юборилган», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Олий суд ахборот хизматининг Kun.uz га хабар беришича Юқоричирчиқ туман маъмурий судининг 3 апрелдаги қарори билан ҳуқуқбузарларнинг барчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид