Ўзбекистон | 00:19 / 04.04.2020
54088
10 дақиқада ўқилади

«Иложи борича ўлим бўлмаслиги керак» — Президент мурожаатида коронавирусга қарши барча чоралар кўрилишини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларга яна бир бор тўхталди.

«Оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни дунёда нималар бўлаётгани ва Ўзбекистонда қандай чоралар кўрилаётганини билиб турибсизлар. Шунга қарамасдан мен яна бир марта халқимизга мурожаат қилмоқчиман. Чунки вазиятни қўлдан бой берсак, жиловламасак, қаттиққўл бўлмасак, вазият кескинлашиб бораверади. 

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда, ҳаммамиз бунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Махсус комиссиямиз 24 соатлик иш режимига ўтган.

Мана шундай оғир пайтда дунёқарашимизни ўзгартириб, авваламбор ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Вазият бундан ҳам мураккаблашиши мумкин. Мана шунга тайёргарлик қилишимиз керак. Ҳаммамиз.

Дунёни кўряпсизлар, салгина жилов қўйиб юборилган жойларда қандай оқибатлар бўлмоқда. Мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Менинг кўчамда, менинг маҳалламда, менинг туманимда, бизнинг вилоятимизда йўқ дейдиганлар хато қилади. Буни учинчи марта қайтаряпман.

Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман.

Албатта йўқотиш осон эмас. Биз ҳамма чораларни кўряпмиз. Бугун бошқа чоралар ҳам кўрдик. Кореядан мутахассислар келди. Эрта-индин Хитойдан мутахассислар келяпти. Германиядан, Россиядан энг зўр мутахассисларни олиб келамиз. Нега десангиз, иложи борича ўлим бўлмаслиги керак. Дунёда қайси давлатда қандай дори воситалари, қандай мутахассислар борлигини инобатга олиб, барча чораларни кўриш керак.

Нега халқимизга бу гапларни айтяпман? Кечқурун Чирчиқдан оғир аҳволдаги беморни олиб келишди. Биласизларми, беш-олти кун жуда юқори ҳарорат билан уйида ётган.

Ҳолбуки ойнайи жаҳонда 24 соат давомида одамларимизга огоҳ бўлайлик, маданиятли бўлайлик, ўзимизга, бола-чақамизга эътиборли бўлайлик деяпмиз. Йўқ. Беш-олти кун ётган, оиласи бор, фарзанди бор, набираси бор, уйида ётган. Доктор чақирса бўлмайдими?

Шунинг учун, азиз ҳамюртларим. Яна бир марта сизларга катта илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ўзларингни сақланглар, ўзларингга эътибор беринглар. Фарзандларингни, қўшниларингни, оилаларингни, ота-оналарингни ўйланглар. Агар ўзларингга эътибор бермасаларинг, огоҳ бўлиб, тиббиёт ходимларининг айтганларини қилмасаларинг, қаттиққўллик, интизом, тартиб бўлмаса, бу касалликни осонлик билан енга олмаймиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинди. Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди.

Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади. Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу ишлар яна давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш керакки, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бермоқда. Касалликка чалинганларнинг 25 нафари тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман. Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, бизни фаол қўллаб-қувватлаётган халқимизга, азиз юртдошларимга раҳмат айтаман.

Ижтимоий тармоқларда халқимиз қабул қилган чораларимизни тўғри тушунаётганини кўрмоқдамиз. Тартиб-интизом сақлаётганлари учун яна бир марта катта раҳмат айтмоқчиман, миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Ўтиб кетади бу кунлар. Лекин ҳозир темир интизом билан ишласак, натижа албатта биз кўзлагандек бўлади», дейди президент.

Давлат раҳбари карантин қоидаларини бузаётганларни қаттиқ танқид қилди.

«Шу билан бирга, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан айтиш керак.

Ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланди, 330 киши карантин ҳудудидан қочиб кетди. Бу нима деган гап? Катта-катта 330 киши. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларимизга раҳмат, ички ишлар, миллий гвардия, хавфсизлик хизматлари ортидан бориб, қайтариб олиб келишяпти.

Бу ҳаёт унга керакку? Дунёдаги аҳволни кўринглар, нима бўляпти!

Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Мана шу 24та маҳаллада маҳалла раислари, участковойлари қандай қилиб рухсат берган? Мумкин эмас, мумкин эмас йиғилиш, тўй қилиш мумкин эмас. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Муҳтарам ватандошлар! Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.

Президент қўлни кўксига қўйиб саломлашиш урфини янада мустаҳкамлаш давр тақозоси эканини таъкидлади.

 

«Айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади. Нимага. Тартиб-интизом қаттиқлиги учун!

Мутахассислар «япон феномени»ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар.

Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Шунингдек, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозим. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафтада ўз ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриши зарур.

Ҳурматли дўстлар! Ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз фидойилигини юксак қадрлаймиз.

Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозим. Мен нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар, деб ишонаман.

Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг. 

Кўп нарса ота-оналарга боғлиқ. Кўплар ўн йилдан буён уйида фарзандлари билан ўтирмаган. Шунга эътибор беринглар», дейди президент.

Президент қишлоқ хўжалиги вакилларига ҳам мурожаат қилган.

«Мана, баҳорнинг иссиқ кунлари ҳам бошланди. Мавжуд қийинчиликка қарамасдан, ҳаёт давом этмоқда.

Фермер ва деҳқонларимиз, тадбиркорларимиз олдида ўта муҳим вазифалар турибди.

Албатта, ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз зарур. Чунки бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлади, вақтни эса орқага қайтариб бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши биламиз.

Пандемияни тўхтатиш учун бутун дунё халқлари қатори биз ҳам жиддий изланишдамиз. Одамларимиз даромадлари камайиб кетмаслиги учун, корхоналаримиз барқарор ишлаши учун барча режаларни кўряпмиз.

19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилган эдим. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар жойларда бу чора-тадбирларнинг ижросини таъминламоқда.

Албатта, худога минг қатла шукр, бу касаллик бормаган ҳудудларимиз ҳам анча. Илоҳим бормасин бу ҳудудларга. Худодан илтижо қиламиз. Ўша жойларда тизимли тартиб билан баҳорги ишларни давом эттиришимиз керак. Шу оғир вазиятда тўғри йўлни жойлардаги раҳбарлар, сизлар топишларинг мумкин. Биз тавсия беришимиз мумкин. Агар бугун томорқага экмасак, кейин эртага бозордаги нарх-наво нима бўлади? Ҳаракат қилиш керак. Лекин санитария-эпидемиологик тиббиёт ходимлари айтган масалаларни жойига қўйиб.

Мен бугун мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармонга имзо чекдим. Қанчалик мураккаб бўлса ҳам, бюджетдан катта харажатларни талаб этса ҳам, қўшимча чораларни кўришга қарор қилдим.

Бу синовлар вақтинча. Албатта худо хоҳласа, ўтиб кетади. Мана шундай синовларни жипслигимиз билан, бирдамлигимиз билан енгишимиз керак. Ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Биз кўп нарсани ўрганиб бу синовдан ўтамиз. Мустаҳкам бўлиб ўтамиз, қудратли бўлиб ўтиб олишимизга ишончим комил. Қудратли бўламиз. Жуда катта тажриба орттирамиз. Бир-биримизга меҳримиз ошиши аниқ.

Ана шундай бир-биримизга кўмак беришимиз, ҳаммамиз жипслашишимиз керак. Халқимиз бугун раҳбарлар ўрнак бўлади, йўл кўрсатади деб қараб турибди. Шундай экан, биз бугун олижаноб, бағрикенг, меҳнаткаш халқимизга таъзим қилиб, тўғри йўл кўрсатишга ҳаммамиз жавобгармиз.

Жипслашиб, ҳар бир тадбиркорни сизлаб, яхши кайфият билан одамларни инонтириб, ишонтириб, яхши йўлга чиқариб олсак, бу синовлар ортда қолади. Ҳозир бутун халқимиз белини маҳкам боғлаб, жонажон ватанимизни бало-қазолардан қутқариш учун катта ҳаракатлар қиляпти. Ҳаммамиз айтилган гапларни масъулият билан бажарсак, ғалаба бизники бўлади», деган давлат раҳбари.

Мавзуга оид