Жаҳон | 02:19 / 05.04.2020
6712
1 дақиқада ўқилади

Москвада корхона ва муассасалар ходимларига 1,5 метрлик ижтимоий масофа сақлаш талаби қўйилди

Ижтимоий масофани сақлаш талабини бузган якка тадбиркорлар 30 мингдан 50 минг рублгача, юридик шахслар эса 100 мингдан 300 минг рублгача жаримага тортилади.  

Фото: Getty Images

Коронавирус пандемияси шароитида ишлашда давом этаётган корхона ва муассасалар дезинфекцияланиши ҳамда ходимлар ва ташриф буюрувчилар орасида 1,5 метрлик ижтимоий масофа сақланишини таъминлаши шарт. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин сайтида маълум қилинди.

Мэрнинг сўзларига кўра, илгари бу тавсиявий тусга эга бўлган бўлса, эндиликда мажбурий талаб ҳисобланади. Мэр бу талаблар эпидемиологик вазият яхшиланганидан сўнг бекор қилинишини билдирди.

Ижтимоий масофани сақлаш талабини бузган якка тадбиркорлар 30 мингдан 50 минг рублгача, юридик шахслар эса 100 мингдан 300 минг рублгача жаримага тортилади.  

Мэрнинг фармонига кўра, пойтахтда дорихоналар, уяли алоқа салонлари, озиқ-овқат дўконлари, биринчи эҳтиёж маҳсулотлари ҳамда зоодўконлар билан бирга тиббий ашёлар сотувчи оптика ва дўконлар ҳам ишлашда давом этади. Бундан ташқари, тиббий фаолият кўрсатишга рухсатномаси бўлган СПА-марказлар ва массаж салонларига ҳам ишлашга рухсат берилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид