Жаҳон | 15:20 / 06.04.2020
19261
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда 60 ёшли эркак коронавирусдан вафот этгани тўғрисидаги хабар рад этилди

Тожикистонга 1 февралдан 6 апрелгача хориждан кириб келган 7041 нафар киши карантинга олинган. Ҳозирда 2,75 минг киши карантинда қолмоқда.

Душанбе / Фото: AP Photo / Alexander Zemlianichenko

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Сўғд вилоятида 60 ёшли эркак коронавирусдан вафот этгани тўғрисида тарқалган хабарни рад этди.

Якшанба куни Қирғизистондаги тўйда қатнашиб уйига қайтган 60 ёшли эркак вафот этганидан сўнг у яшаган Сўғд вилояти Жаббор Расулов посёлкасидаги марказий касалхона қатъий карантинга олингани тўғрисида хабар тарқалганди.

"Жаббор Расулов туманидаги марказий касалхонанинг маълум қилишича, 60 ёшли эркак зотилжамдан вафот этган. Ўлимидан олдин ундан коронавирусга тест олинган ва натижа салбий чиққан. Шундай экан, уни коронавирусдан вафот этган дейишга ҳеч қандай асос йўқ", - деди соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Бибихонум Дарвешзода.

Унинг маълумот беришича, Тожикистонга 1 февралдан 6 апрелгача хориждан кириб келган 7041 нафар киши карантинга олинган. Ҳозирда 2,75 минг киши карантинда қолмоқда.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева мамлакатда коронавирус йўқлигини расман эълон қилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид