Жаҳон | 21:53 / 10.04.2020
12108
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг матбуот котиби вирус блокаторини тақмай қўйди

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков вируслардан сақланиш учун костюмига тақиб юрган вирус блокаторини тақмай қўйди.  

Telegram каналларидан бирида эълон қилинган лавҳаларда унинг эндиликда блокаторсиз ўтирганини кўриш мумкин. Песковнинг ўзи бу маълумотга изоҳ бермаган. 

Аввалроқ Песковда вирусга қарши бейжикни журналистлар пайқашганди. Кейинроқ у ушбу мосламани дорихонада сотиб олганини, бироқ у коронавирусга қарши ёрдам бериши-йўқлигини билмаслигини айтган. Песковнинг таъкидлашича, блокаторни тақиб юришнинг зарарли жиҳатлари йўқ.  

Таъкидланишича, айни вақтда Россияда бундай қурилмаларнинг бир нечта, мисол учун, AirDoctor ва “Блокатор” каби турларини топиш мумкин. Жумладан, “Блокатор” қурилмаси “ҳавони зарарсизлантириб, А туридаги грипп штамми ва аденовирус фаоллигини камайтирувчи профилактик восита” деб аталади. 

Вирус блокаторларини ишлатиш йўриқномасида ундан диоксид хлор ажралиши ва ҳавони зарарсизлантириши, шунингдек, «патоген микроорганизмлар, замбуруғлар, бактериялар ва вирусларни самарали ўлдириши» ҳақида ёзилган. Бироқ бундай блокаторлар етарли даражада ўрганилмаган, уларнинг қанчалик самара бериши маълум эмас.

Диоксид хлор дезинфекция мақсадида қўлланади, аммо ундан ҳавони зарарсизлантириш учун фойдаланилмайди. Бундан ташқари, диоксид хлор ҳавода жуда тез парчаланиб кетади.

Мутахассислар бундай воситаларнинг коронавирусдан ҳимоялай олишига шубҳа билдиришади. Улар блокатор коронавирусга қарши самарали эканликка синовдан ўтмагани ва барча касалликлардан восита бўла олмаслигини эслатиб ўтишган.

Мавзуга оид