Жаҳон | 12:20 / 10.04.2020
6351
2 дақиқада ўқилади

Трамп разведка Оқ уйни коронавирус хавфидан ноябрда огоҳлантиргани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади

АҚШ президенти Дональд Трамп разведка хизмати Оқ уйни коронавирус хавфидан 2019 йил ноябрда огоҳлантиргани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Бу ҳақда президент твиттердаги шахсий саҳифасида пост қолдирди.

© REUTERS / Kevin Lamarque

Аввалига сиёсатчи Франк Лунц ABC нашри берган хабар рад этилгани ҳақида ёзиб миллий тиббиёт разведкасининг бу борадаги баёнотини келтирди (унда ноябрда коронавирус ҳақида маълумот берилгани ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилган). Трамп бу постга жавоб ёзиб ABC нашрини ёлғончи деб атади: «Раҳмат, Френк. Бу АВС’нинг навбатдаги ёлғон хабари. Улар барчаси ўйлаб топилганини хабарни чиқараётгандаёқ билишган».

АВС ўзининг манбаларига асосланиб АҚШ миллий тиббиёт разведкаси ноябрь ойидаёқ Уҳанда коронавирус тарқалаётгани ҳақида Оқ уйни огоҳлантирганини хабар қилганди. Унда ноябрда махсус брифинг ташкил қилиниб бу ҳақда АҚШ разведка ташкилотлари раҳбарлари ҳамда Оқ уй хабардор қилингани ҳақида айтилганди.

Маълумот учун, Хитойда пайдо бўлган коронавирусдан энг кўп жабр кўрган давлат айнан АҚШ бўлиб турибди. Мамлакатда вирус юқтирганлар сони 468 мингдан ошиб кетди. 16,6 мингдан ортиқ одам бу касалликдан ҳалок бўлди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид