Жаҳон | 10:35 / 10.04.2020
4785
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи давлатлари иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга 500 млрд евро ажратилади

Европа иттифоқи давлатлари коронавирус пандемияси олиб келган инқирозни енгиш учун янги молиявий чоралар бўйича келишди. Маблағлар бизнесни, ишсизликка қарши курашни ҳамда инқироздан жабр кўрган давлатларни қўллаб-қувватлашга ажратилади.

Фото: REUTERS/Yves Herman

Бу ҳақда Еврогуруҳ президенти Марио Сентену маълум қилди. “Биз мунозараларга 16,5 соат сарфладик, бироқ буни қила олдик”, деб айтган Сентену Еврогуруҳнинг видеоанжумани якунлари бўйича. Мунозаралар кенгайтирилган таркибда ўтказилган, унда валюта иттифоқига кирмаган давлатлар молия вазирлари иштирок этган.

Маълум қилинишича, вазирлар инқироздан жабр кўрган давлатларга 240 млрд евро тақдим қилишни маъқуллашган. Бу пуллар евроҳудуд давлатларини молиявий қўллаб-қувватлаш жамғармаси – Европа барқарорлик механизмидан (ESM) ажратилади. Пуллар соғлиқни сақлаш тизимига ишлатилиши керак. 

Еврогуруҳ, шунингдек, пандемия вақтида давлатларга бошқа ёрдам чоралари кўрсатилишини ҳам тасдиқлаган.

Ишсизликка ва инқирозли вазиятларга қарши курашиш вақтинчалик дастури 100 млрд евро ажратишни кўзда тутади. Бу пуллар бандлик билан қийинчиликларга дуч келаётган фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун давлатларга имтиёзли шартларда қарз беришга йўналтирилади. 

Яна 200 млрд евро Европа иттифоқининг инқироздан жабр кўрган компанияларига, жумладан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга ажратилади.

Бундан ташқари, Еврогуруҳ вазирлари Европа иттифоқи иқтисодиётини инқироздан кейин тиклаш учун махсус жамғарма ташкил этишни муҳокама қилишга тайёрликларини билдиришган. 

Аввалроқ Европарламент эпидемиядан жабр кўрган давлатларга Европа иттифоқи бюджетидан 37 млрд евро ажратишни маъқуллаганди. Бу пуллар бизнес ва соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлашга сарфланиши мумкин.  

Европа иқтисодиётини қутқариш учун нафақат бюджет, балки пул-кредит чоралари ҳам кўрилади. Аввалроқ Европа марказий банки 750 млрд евролик облигациялар хариди йўлга қўйилишини эълон қилганди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид