Иқтисодиёт | 16:11 / 13.04.2020
15078
3 дақиқада ўқилади

«Айрим тармоқлар учун солиқларни бекор қилиш орқали ёрдам бериш керак» – Юлий Юсупов иқтисодиётни қутқариш ҳақида

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.

Фото: Facebook /yuliy.yusupov

Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

­­­­­­­ Эпидемиянинг иқтисодиётга таъсири қандай бўлади?

Эпидемиянинг ўзи ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ноаниқ вазият. У қанча давом этишини билмаймиз. Ҳа, эпидемияни камайтиришга муваффақ бўлган мамлакатлар бор. Бироқ глобал миқёсда у қачон тугашини билмаймиз.

Шунинг учун унинг иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатишини ҳақида жуда тахминий фикрларни айтиш мумкин. Карантин чоралари май, июнь ойигача сақланса ҳам иқтисодиёт таназзули катта бўлади. Жаҳон иқтисодиёти учун 1-2 ой жуда кўп. Иқтисодиётнинг ярми ишлаётган бўлса ҳам йилнинг бир ойини йўқотдик. Иқтисодиёт таназзули давом этишини ҳисобга олиб, тахмин қиламизки, бу жаҳон ЯИМнинг 10 фоизи. Бу жуда кўп. Бу сўнгги вақтлардаги энг йирик инқирозлардан бири.

Инқироздан энг кўп зарар кўрадиган соҳалар қайсилар?

Туризм, транспорт, меҳмонхона тармоқлари – энг катта зарар кўрадиган асосий тармоқлар. Бу узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ишлаб чиқарадиган тармоқлар. Инқироз вақтида одамлар биринчи навбатда жорий истеъмолга эътибор қаратишади. Бу – озиқ-овқат маҳсулотлари, арзон кийим-кечак, асосан шу нарсаларга пул сарф қилинади. Ўз-ўзидан, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар истеъмоли қисқаради.  

Қайси соҳани сақлаб қолиш, қайсисини банкрот қилишни эҳтимол бозорнинг ўзига қўйиб берган маъқулдир?

Рақобат – қўрқинчли куч. Бироқ у иқтисодиёни рақбатбардош бўлмаган ишлаб чиқарувчилардан тозалайди. Унинг асосий ижобий жиҳати ҳам шунда. Жорий вазиятда айрим соҳаларни қўллаб-қувватлаймиз, бошқа соҳаларини қўллаб-қувватлашга эса қурбимиз етмайди, дейиш бутунлай нотўғри. Гап бутун тармоқ ҳақида кетар экан, бу рақобат кучи эмас. Бу тармоққа таъсир кўрсатган фавқулодда ҳолат. Кўп соҳаларда корхоналар ёпилиб, йўқ бўлиб кетса, кейин бу тармоқни ривожлантириш қийин бўлади. Шунинг учун мен бу ерда у қадар кескин бўлмасдим. Агар кўмак кўрсатиладиган бўлса, корхоналарга бевосита ёрдам кўрсатиш эмас, айрим тармоқлар учун муайян давр мобайнида солиқ таътиллари, айрим солиқларни бекор қилиш орқали ёрдам бериш керак. Алоҳида корхоналарнинг қўллаб-қувватланиши катта муаммоларга олиб келади.

Мавзуга оид