Жаҳон | 08:10 / 14.04.2020
58249
3 дақиқада ўқилади

Иссиқ об-ҳаво COVID-19 тарқалишини тўхтатиши даргумон - олим

Олимларнинг фикрича, ёзги иссиқ об-ҳавонинг бошланиши эпидемия ривожланишини секинлаштирмайди. Вакцинани кутиш билан бирга, бу тиббий ходимлар ва мутахассисларнинг сўнгги умиди эди. Янги скептик тахминлар иссиқ иқлимга эга бўлган баъзи мамлакатлардаги мавжуд вазият, шунингдек, аввалги тадқиқотлардаги ҳаддан ташқари кўп чекловлардан келиб чиққан.

Фото: Коронавирус / REUTERS

Америкалик олим Дэвид Рельман томонидан Миллий фанлар академияси учун янги ҳисобот тайёрланди. Унда кўплаб вирусларнинг, шу жумладан коронавирусларнинг мавсумий хусусиятларини баҳолашга имкон берадиган жуда кўп маълумотлар тўпланди ва таҳлил қилинди. Хулосаларга кўра, илиқ об-ҳаво COVID-19 эпидемиясини тўхтата олмайди, деб ёзади Forbes.

Вируснинг тарқалиши илиқ об-ҳавода қисқаришини кўрсатувчи исботлар куз-қиш даврида кўпайиб, илиқ баҳор келиши билан секинлашадиган гриппнинг мавсумий ривожланиши моделларини кузатиш натижасида олинган. Баъзи бир коронавируслар ҳам ушбу сценарий бўйича ҳаракат қилади, аммо SARS-CoV-2 учун шундай ҳодисалар ривожини тахмин қилиш ҳозирча мушкул.

Дарҳақиқат, баъзи тадқиқотлар йилнинг илиқ ва нам вақтида касалликлар сони камайиши мумкинлигини кўрсатмоқда, аммо уларнинг барчаси бир қатор жиддий чекловларга эга, дея хабар қилинади ҳисоботда. Ушбу нуқтаи назар илиқ об-ҳавога қарамай, вирус тез тарқалиши кузатилаётган Австралия ва Эрон каби мамлакатлардаги мавжуд вазиятга зиддир.

Шуниси ҳам муҳимки, SARS-CoV ва MERS-CoV коронавирусларининг олдинги иккита тарқалиши мавсумийликка оид бирон бир далил кўрсатмади.

Шундан сўнг, Рельман тарихий маълумотларни таҳлил қилди. Сўнгги 250 йил ичида 10та грипп пандемияси рўй берди: иккитаси қишда шимолий ярим шарда бошланган, иккитаси ёзда ва учтаси кузда.

«Ҳар бирида касаллик тарқалишининг авж олиши инсон популяциясида пайдо бўлганидан тахминан олти ой ўтгач, бошланғич тарқалиш мавсумидан қатъи назар рўй берган», - дея қайд этди у.

Рельманнинг хулосалари якуний эмас. Пандемия ривожланиб бориши билан боғлиқ бўлган қўшимча тадқиқотлар яқин келажакда вазиятнинг ривожи тўғрисида янада ишончли маълумотларни олишга ёрдам беради.

Ҳозирча барча мамлакатларда COVID-19 тарқалишини камайтиришнинг асосий чораси ўз-ўзини яккалаш ва ижтимоий масофа сақлаш бўлиб қолмоқда. Математик ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, бундай режим янги ҳолатлар сонини 90 фоизга камайтириши мумкин. 

Мавзуга оид