Жаҳон | 14:58 / 15.04.2020
3713
2 дақиқада ўқилади

Японияда пандемия вақтида ёрдам сифатида ҳар бир фуқарога 930 доллардан пул берилиши мумкин

Аввалроқ Япония бизнес ва оддий оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 108 трлн иенлик (1 трлн доллар) ёрдам пакетини ажратганди.

Фото: REUTERS / Kim Kyung-Hoon

Япония ҳукумати коронавирус пандемияси шароитида мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига ёрдам сифатида 100 минг иендан (930 доллар) маблағ бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Суга маълум қилди.

"Биз "Комэйто" партияси раҳбарининг ҳар бир фуқарога 100 минг иендан пул ажратиш таклифини кўриб чиқмоқдамиз. Маблағ ажратиш имконияти жорий йилги бюджетга тузатишлар тасдиқлангач кўриб чиқилади", - деди у. 

Япониянинг жорий йилги бюджети 102,66 трлн иенни (947 млрд доллар) ташкил этади. Харажатларнинг асосий қисми ижтимоий таъминот харажатларидан иборат.

Аввалроқ Япония бизнес ва оддий оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 108 трлн иенлик (1 трлн доллар) ёрдам пакетини ажратганди – у мамлакат ЯИМнинг 20 фоизига тенг. Хусусан, ушбу пакет доирасида даромади паст ёки пасайиб кетган ҳар бир оилага 300 минг иендан (2 750 доллар) маблағ бериш режалаштирилган.

Айни пайтда Японияда коронавирусга чалинганлар сони 8,8 мингга етган бўлиб, 174 киши вафот этган.

8 апрелдан мамлакатдаги қатор префектураларда фавқулодда вазият жорий этилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид