Ўзбекистон | 22:20 / 17.04.2020
129247
11 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида маҳаллий ун танқислиги кузатилмоқда. Бунга сабаб нима?

Ун – карантин жорий этилгач талаб энг кўп ошган маҳсулотлардан бири бўлди.

Ўзбекистонда коронавирус аниқланмасидан олдин водий вилоятларида 50 килограммли бир қоп Қозоғистон уни 160-180 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда қимматлашиб, 210-220 минг сўмга кўтарилган.

Маҳаллий унлар савдода деярли йўқ. Мабодо, дўконларга келиб қолса ҳам, март ойнинг аввалида 135-140 мингдан сотилган 50 килоли Андижон ёки Қува уни ҳозирда 165-170 минг сўмдан сотилмоқда.

Андижон вилоятида айни пайтда учта«Қўрғонтепадонмаҳсулотлари», «Асакадонмаҳсулотлари» ва «Андижондонмаҳсулотлари» корхоналари ишлаб турибди. Уч корхона бир кунда 500 тонна миқдорида ун ишлаб чиқаради.

Хўш, бир вилоятда ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи учта корхона ишлаб турган бўлса-ю, нега сотувда маҳаллий ун йўқ? Кунига ишлаб чиқарилаётган 500 тонна ун қаерга кетмоқда? Шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрдик.

Аввало таъкидлаш жоиз, маҳаллий унни топиш муаммо бўлса-да, дўконларда қиммат қозоқ уни бор.

Туман маркази ёки қишлоқдаги қайсидир дўконга маҳаллий ун келса, навбатлар пайдо бўлиб, ҳар бир харидорга маълум чеклов асосида бериляпти.

Андижон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида бўлганимизда, аҳолига маҳаллий уннинг бир килограммини 2800 сўмдан, унда ҳам ҳар бир кишига фақат беш килодан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

Арзон маҳаллий ун савдода йўқлиги юзасидан таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Улардан айримларига диққат қаратсак.

Дилмуроджон Парпиев, Пахтаобод тумани:

– Пахтаобод туманидаги дўконларда 17 мартдан бери маҳаллий унлар умуман йўқ. «МФЙ орқали оласизлар» дейишганди, лекин маҳалладаги дўконга ун келса, навбат узун бўлиб, қаторни бошидаги дўкон атрофидаги оилалар оляпти холос. Қозоқ унларининг нархи кундан-кунга қимматлашяпти. Яқинда 180-185 минг сўмдан сотилаётган унлар 200 минг сўмдан ошди. Нега маҳаллий Андижон, Асакада ишлаб чиқарилган унлар йўқ?

Муҳаммадортиқали Абдураҳмонов, Булоқбоши тумани:

– Нефтпром қишлоғида маҳаллий ун йўқ. Кулла ҚФЙдаги дўконда гоҳ-гоҳида 140 мингдан сотилаётган эди. Ҳозир келмай қолди. Қиммат қозоқ унлари бор. «МФЙларга навбат билан 155 минг сўмдан маҳаллий ун тарқатилади», дейишди. Аммо тарқатилганини кўрмадик. Вазият жиддий.

Чуст ва Шаҳрихон туманларидан ҳам шундай мазмундаги мурожаатлар келиб тушди.

Маълумки, шу кунгача буғдойни қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари биржа орқали савдога чиқарилаётган эди. Энди эса, унни савдога чиқариш тартиби ўзгарган.

Истеъмолчиларга ун ва ун маҳсулотлари етказиб беришда вақтинчалик тартиб ўрнатилди

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган, 15 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлис баёнига кўра, пандемия пайтида юзага келган вазият инобатга олиниб, барча истеъмолчиларга ун ва ун маҳсулотлари алоҳида топшириқ бўлганга қадар, биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар асосида тизимли етказиб берилиши  бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилди.  

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, «O’zdonmahsulot» АК ва ҳокимликларга аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар кесимида тўғридан тўғри етказиб бериладиган ун ҳажмини аниқлаш ва жойларга етказиш вазифаси топширилган.

Унга кўра, ун харид қилувчилар ҳокимликлар тақдим этган рўйхат асосида «O’zdonmahsulot» АК тизимидаги дон корхоналарига бириктирилади.

Ун корхоналарида. Ойма-ой ишлаб чиқариладиган ун миқдори учун лимит белгиланган

Биз ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Qo‘rg‘ontepadonmahsulotlari», «Asaka don mahsulotlari» ва «Andijondonmahsulotlari» акционерлик жамиятларида бўлиб, корхоналарнинг қанча маҳсулот ишлаб чиқараётгани, ҳозирги вазиятда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятлари қай даражада экани билан қизиқдик.

Маълум бўлишича, Қўрғонтепа туманида фаолият юритувчи «Qo‘rg‘ontepadonmahsulotlari» АЖ бир кунда 450 тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона ҳозир кунига 136 тонна маҳсулотни сотувга чиқармоқда.

Карантин давридан олдин корхонада ойига 3500 тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилаётган эди. Сўнгги ой давомида эса сотувга 4100 тонна маҳсулот чиқариляпти.

Заводда буғдойни қайта ишловчи иккита линия бор. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш зарурияти туғилганида корхона иккинчи линияни ҳам ишга тушириш имкониятига эга. Карантин бошланиб, маҳсулотларга талаб ошиши билан бир ой учун ишлаб чиқариш ойига 550 тоннага оширилган.

Жамият раҳбари Шодилбек Мамажалилов билан суҳбатда бўлдик.

– Ҳозир маҳаллий ун маҳсулотига талаб катта. Завод эса тўла ишлаб чиқариш қуввати билан ишламаётган экан. Кунига 450 тонна ўрнига 136 тонна ун ишлаб чиқаряпти. Бунинг сабаби нимада?

– Ўринли савол. Бироқ Иқтисодиёт вазирлиги ва «O’zdonmahsulot» компанияси томонидан ишлаб чиқаришга бериладиган буғдой миқдори йил давомида бир хил меъёрда етиши учун ойма-ой тақсимлаб чиқилган. Биз мана шу тақсимот (лимит) асосида ун ишлаб чиқарамиз ва шу жадвалга амал қиламиз. Айтганингиздай, бор куч билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятимиз бор.

Куни кеча ўтказилган йиғилишда ишлаб чиқараётган ун маҳсулотимизни биржа орқали эмас, ҳокимликлар томонидан тузилган тадбиркорлар рўйхатига шартнома асосида сотиш ва аҳолига етиб бориши, ўз нархида сотилиши назорат қилиниши айтилди.

Вазирлигимиз ва компания томонидан апрель ойининг иккинчи ярми ва май ойига қўшимча лимит берилиши режалаштирилмоқда.

«Asaka don mahsulotlari» АЖда

«Асакадонмаҳсулотлари» АЖнинг битта линияси бир кунда 250 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона апрел ойида 4500 тонна ун чиқаришни режалаштирган.

«Битта линияда 2 смена асосида кунига ўртача 150 тонна тайёр ун маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Ойнинг охирига яна қўшимча 250 тонна режага қўшилиши кўзда тутилган. Бу қўшимча режани ҳам бажарамиз, – дейди жамият раиси Бахтиёржон Гапиров. – Режа миқдори кўпайтирилса, албатта ошиғи билан ишлаб чиқара оламиз. Сабаби, ўтган ойда 560 тонна қўшилган эди. Ўша ой охирига 5060 тонна миқдорида бажардик.

Агарда тўла қувватда ишлаб чиқарилса, 2та линияда ойига 10 минг тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришимиз мумкин. Лекин Андижондаги 3та ун заводларида 1та линиядаги ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари вилоятдаги аҳолини ун маҳсулотларига бўлган талабини бемалол қондиради.

Айни пайтда «Асакаданмаҳсулотлари» АЖ омборида 50 минг тонна дон мавжуд. Ҳар ойда 6 минг тоннадан дон маҳсулотларини қайта ишласак, 8 ойга етарли дон захира бор. Эртадан жамиятимиз ун маҳсулотларини 25 килограммли қоп қадоқлашни бошлайди.

Айни пайтда ун маҳсулотларига бўлган талаб ортди. Халқимиз коронавирус пандемияси туфайли озгина ваҳимага тушиб қолган. Кўриб турибмизки, харидорлар истеъмолдан ортиқча қоплаб ун сотиб олишмоқда».

«Andijondonmahsulotlari» АЖда

Мазкур корхонанинг юқоридагилардан фарқи бу заводда фақат битта линия бор. Корхона айни пайтда бор кучи билан ишламоқда.

«Айни пайтда акционерлик жамиятимиз тўла қувват билан икки сменада иш олиб бормоқда. Жамиятимизга режа юқори вазирлик томонидан белгиланади. Режадаги 250 тонна донни қайта ишлаш натижада бир кунда 190 тоннага яқин ун маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз.

Ҳозирги карантин пандемияси пайтида маҳаллий унга бўлган талаб ортди. Айни пайтда жамиятимиз карантиндан олдин яъни феврал ойидаги белгилаб берилган режадаги (лимит)дан ортиғи билан маҳсулот ишлаб чиқармоқда», – дейди «Андижондонмаҳсулот» АЖ раисининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Баҳромжон Юсупов.

Хулоса

Ана энди мақоламиз аввалида берилган саволларга қайтсак:

Битта вилоятда ун ишлаб чиқарувчи учта корхона ишлаб турса-ю, нега сотувда маҳаллий ун йўқ? Кунига ишлаб чиқарилаётган 500 тонна ун қаёққа кетаётган эди?

Ун ишлаб чиқарувчилар бу саволга жавобни ун сотувчилардан олишимизни айтишди. Биз Андижондаги товар хом-ашё биржасида бўлганимизда ҳақиқатан ҳам 1-15 апрель кунлари 7 минг 500 тонна ун сотилгани ҳақида маълумот олдик. Демак, ун заводлари 15 кун давомида сотувга ҳақиқатан ҳам 50 килоли ундан 150 минг қоп чиқаргани аниқ бўлди.

Туманлардаги ун савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айтишича, ун биржа орқали сотувга қўйилганида турли муаммоли ҳолатлар келиб чиққан.

«Чекка маҳаллалардаги маълум бир дўконларга уч-тўрт марта қайта-қайта ун берилиб, маълум бир дўконлар унсиз қолиб кетаётган эди. Энди бир қишлоқдаги учта дўконга бир ойда бир марта уч тоннадан сотувга ун келса ҳам тўққиз тонна маҳсулот келади.. Ҳокимлик томонидан ун сотувчилар рўйхат орқали ун заводига бириктирилгач, мазкур муаммо барҳам топади, деган умиддамиз», – дейди тадбиркорлардан бири.

Маълум бўлишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар бир ун сотувчи субъектни 50 килолик қопдаги унни қатъий 140 минг сўмдан сотиш ҳақида огоҳлантирган.

Ҳисоблаб кўрамиз: туманнинг чекка қишлоғида фаолият кўрсатаётган тадбиркор ун заводдан 1 кг ун маҳсулотини 2500 сўмдан, яъни бир қоп ун 125000 сўмга сотиб олди. Ҳар бир тадбиркорга белгиланган лимит бўйича 3 тонна, яъни 60 қоп ун олиб келиш учун ўртача 5 минг сўмдан йўл кира харажатлари қилади. Солиқ харажатлари ошиғи билан 5 минг сўмни (айланма маблағига нисбатан 2%, 2500 сўм ва бошқа солиқ харажатлари) ташкил этса, товар устига фойда учун 5 мингдан қўйиб сотса, 50 килоли ун нархи 140 минг сўмни ташкил қиляпти.

Маҳаллий ун барчага меъёрида тақсимланиши учун аҳоли ҳам ваҳима қилмай, дўконга келган буғдой унини икки-уч қоплаб эмас, эҳтиёжига яраша олиши ҳам зарур.

Демак, буёғига маҳаллий ун танқислиги муаммосининг ечими – шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан ҳудуддаги ун сотувчи тадбиркорлар дислокациясини тўғри ташкил этиб, ун маҳсулотини арзон нархда сотилишини назорат қилишда қолмоқда.

Элмурод Эрматов
Сарварбек Назаров

Мавзуга оид