Ўзбекистон | 14:06 / 17.04.2020
93346
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда вирус аниқланмаган ҳудуд йўқ. Тошкентдан кейинги энг юқори кўрсаткичлар Бухоро ва Хоразмда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг ҳудудлар кесими бўйича янги маълумотларни тақдим этди.

Маълум қилинишича, 17 апрель ҳолатига кўра касалланиш ҳолатлари энг кўп қайд этилган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда (Тошкент вилоятидаги беморлар ҳам шу ҳисобда). 

Касалланиш ҳолатлари аниқланиши бўйича кейинги энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятига тегишли. Шу вақтгача вилоят ҳудудида жами 376 кишида касаллик қайд этилган. Қайд этиш керакки, бу вилоятдаги ҳолатларнинг барчаси хориждан эвакуация қилиниб, карантинга жойлаштирилганлар билан боғлиқ. Шу вақтгача бу ҳудудда 39 киши коронавирусдан соғайган.

Бу борада кейинги кўрсаткич эса Хоразм вилоятида қайд этилган - 177 бемор. Шу вақтгача улардан 3 нафари соғайган ва реабилитацияга кузатилган.

Шунингдек, Андижон (126), Наманган (89) ва Фарғона (86) вилоятларида ҳам нисбатан кўп беморлар қайд этилган.

Вазирликнинг расмий маълумотига кўра, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятида ҳам коронавирусга чалинган беморлар бор. Шу тариқа, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус қайд этилмаган ҳудуд йўқ.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти - 420 ҳолат
Бухоро вилояти - 376 ҳолат
Хоразм вилояти - 177 ҳолат
Андижон вилояти - 126 ҳолат
Наманган вилояти - 89 ҳолат
Фарғона вилояти - 86 ҳолат
Қорақалпоғистон Республикаси - 58 ҳолат
Сурхондарё вилояти - 23 ҳолат
Самарқанд вилояти - 8 ҳолат
Қашқадарё вилояти - 6 ҳолат
Сирдарё вилояти - 6 ҳолат
Жиззах вилояти - 3 ҳолат
Навоий вилояти - 2 ҳолат

Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати 15 март куни тасдиқланганди. 17 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1380тага етган.

Вазирлик томонидан қайд этилишича, ушбу рўйхатдагиларнинг аксар қисми дастлаб карантинда бўлган ва касаллиги тасдиқлангач ҳудуддаги юқумли касалликларга ихтисослашган тиббиёт муассасаларига даволаш учун жойлаштирилган.

Шу вақтгача тузалган беморлар сони 140 нафарга етган, 4 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имконини тақдим этганди.

Мавзуга оид