Ўзбекистон | 01:27 / 18.04.2020
23845
3 дақиқада ўқилади

«Давлат манзилли чоралар кўриши лозим» — Блогерлар Қобил Хидиров ва Отабек Бакиров пандемия ва инқироз ҳақида

Ижтимоий тармоқларда шахсий фикри ва танқидий мулоҳазалари билан танилган блогерлар Қобил Хидиров (davletovuz) ҳамда Отабек Бакиров (bakiroo) пандемия ва инқироз масаласида Kun.uzʼга интервью берди.

16 апрель куни ташкил этилган онлайн мулоқотда пандемия туфайли аҳоли турмушида юзага келган муаммо ва қийинчиликлар ҳақида борди. Шунингдек, суҳбат давомида ҳукумат томонидан қабул қилинган инқирозга қарши кураш чора-тадбирлари таъсирчанлиги муҳокама этилди.

Қуйида суҳбатда билдирилган фикрлардан баъзи тезислар келтириб ўтилади.

Қобил Хидиров, Davletovuz Telegram канали асосчиси:

– Карантин тугаши ҳақида сиёсатчи ҳам, блогер ҳам гапирмаслиги керак. Бу ҳақда тиббиёт вакиллари хулосаси асосида қарор қабул қилиниши керак. Шунча қилинган ишни бир кунда ҳавога чиқариб юбориш хавотири биринчи ўринда турибди. Бутун Ўзбекистон учун қарор қабул қилинмаслиги керак, жумладан Тошкент учун ҳам.

Давлат манзилли чора-тадбирларни қўллаши зарур. Миллиардернинг 100 минг доллар йўқотиши билан, оддий фуқаронинг 100 доллар йўқотиши ўртасида катта фарқ бор. Бизнинг амалдорларга кўп саволимиз бор: биз ҳалигача давлат хизмати тўғрисидаги қонунни қабул қилмадик. Биз амалдорлар чўнтагини кўра олмаяпмиз.

Ҳар қандай таъсир чорасининг аниқ тугаш вақти бўлиши керак. Охирги йилларда давлат бошқаруви аппарати шишиб кетди. Ҳозир квази-давлат ташкилотлари жуда кўп, уларнинг молиялаш манбалари эса бюджетга алоқадор. Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаларга қўл сола олишини қўллаб-қувватлайман.

Отабек Бакиров, Bakiroo Telegram канали асосчиси:

– Инсоният муаммоларга биринчи марта дуч келганда таваккалчиликка қўл уради. (Пандемия даврида) биринчи қадам қўювчи давлатлар кўпроқ зиён кўриш эҳтимоли бор, Ўзбекистон эса бу масалада ўртада. Бизнинг кузатиш имкониятимиз бор.

Бюджетнинг кўп харажатларини оптималлаштириб, қисқартириш мумкин, лекин бунинг якуний пировард маъноси бўлиши керак. Негадир, Халқаро валюта жамғармаси маслаҳат берса, ҳали ривожланаётган ё ўзини тутиб олмаган давлатларга тавсия беради. Ёки ушбу тавсиялар алалоқибат зиён келтирувчи бўлади. ХВЖ Европа давлатларига талабни қўллаб-қувватлаш тавсиясини беряпти, бизга эса ғирт тескариси.

Маош камайганда талаб ва хизматларга талаб камаяди. Бунда бизнес ҳам ўз маҳсулотлари, охир-оқибат ишчи ўринларни ҳам камайтиради. Маошлардан 500 миллиард сўм иқтисод қиламан, деб, макроиқтисодиётга 1 триллион сўм зиён келтириш мумкин.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.

Мавзуга оид