Ўзбекистон | 16:43 / 18.04.2020
12236
3 дақиқада ўқилади

Хонқа туманидаги деҳқон бозорида карантин чекловлари ўрнатилди 

Хонқа туман ҳокимининг қарори билан ўсимликлар карантини объектлари аниқланган омбор ҳудудида, шунингдек унга туташ деҳқон бозори атрофида карантин чекловлари ўрнатилди 

Яқинда Хоразмга Франция давлатидан импорт қилинган 12 300 туп турли мевали дарахт кўчатларидан 850таси (шафтоли, жумладан нектарин)да “Бўртма нематодаси” ва “Жануб бўртма нематодаси” каби зарарли организмлар аниқланди.

“Ўздавкарантин” ахборот хизмати хабарига кўра, белгиланган қонун талаблари асосида карантин остидаги зарарли организмлар мавжуд бўлган шафтоли кўчатлари “Хоразм ТИФ” Ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Зарарланган кўчатлар қонун талаблари асосида ҳужжатлаштирилиб, тегишли тартибда ёқиш йўли билан йўқ қилингунига қадар Хонқа тумани марказий бозори яқинидаги музлатгич омборида сақланган ва шундан сўнг ушбу ҳудудда карантин эълон қилинди. 

“Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуни янги таҳририга мувофиқ, ҳудудда ўсимликлар карантини объектлари аниқланган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан туман (шаҳар) давлат инспекторининг тақдимномасига кўра зарур чекловлар ўрнатилади. Ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудда зараркунанда организмларнинг тарқалишига йўл қўйилмайди, унга туташ ҳудудларда ўсимликлар карантини объектлари тарқалишининг олдини олишга ва уларни йўқ қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмларнинг 88 таси зараркунандалар, 16 таси замбуруғли касалликлар, 5 таси нематодалар, 11 таси бактериал касалликлар, 24 таси вирусли касалликлар, 36 таси бегона ўтларни ташкил этади. Мазкур карантин аҳамиятига эга бўлган паразит организмлар ичида  ўсимликларни зарарлаб, бошқа ҳудудларга ҳам тез тарқаладиган ва кўпайиб кетадиган турлари талайгина. Шу боисдан карантин ўчоғи аниқланган ҳудуд ва унинг атрофига зараркунандалар тарқалиб кетишининг олдини олишга қаратилган фитосанитар тадбирлар ўтказилади ҳамда зудлик билан фумигация (ўсимликлар карантини объектларини ва бошқа зарарли организмларни йўқ қилиш мақсадида уларни кимёвий воситаларнинг газлари билан зарарсизлантириш) ишлари амалга оширилади. Акс ҳолда,  зарарли организмлар бошқа ҳудудларга тарқалиб кетиши, бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда боғ-роғлар жиддий зарарланиши мумкин.

“Хоразм ТИФ” ЎКЧМ инспекторларининг тақдимномасига кўра Хонқа туман ҳокимининг қарори билан ўсимликлар карантини объектлари аниқланган омбор ҳудудида, шунингдек унга туташ деҳқон бозори атрофида карантин чекловлари ўрнатилди. Айни кунларда Хонқа туманидаги мева-сабзавот маҳсулотларини вақтинча сақлашга мўлжалланган музлатгич омборида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид