Жаҳон | 22:18 / 20.04.2020
25308
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус инсон иммунитетининг асосий ҳужайраларидан бирига зарар етказиши аниқланди

Коронавирус инсон иммун тизимининг Т-лимфоцитларига зарар етказиб, ОИВ каби организмни инфекцияга қарши курашиш қобилиятидан маҳрум этади.

Фото: AFP

Бундай хулосага Хитойнинг Фудан университети ва Нью-Йорк қон маркази олимлари вируснинг T-лимфоцитларга таъсирини ўрганиш вақтида келишган. Тадқиқот ҳақидаги мақола Cellular & Molecular Immunology нашрида чоп этилган.

Т-лимфоцитлар организм учун хавфли бўлиши мумкин бўлган ёт моддалар ташувчи ҳужайралар – антигенларни таниш ва йўқ қилишни таъминлайди. 

Олимлар хулосасига кўра, коронавирус ва Т-лимфоцит алоқага киришганда, Т-лимфоцит хавфни бартараф этмай, аксинча ўзи вирус қурбонига айланади. Вирус ўз тиканлари билан лимфоцитнинг ҳужайра мембранасига ёпишади ва шундан кейин вирус генлари Т-ҳужайрага кириб, уни организмни ҳимоялаш имкониятидан маҳрум қилади. 

Олимларнинг таъкидлашича, 2002 йилдаги SARS ва 2012 йилдаги MERS каби аввалги коронавируслар организмнинг ҳимояловчи ҳужайраларини зарарсизлантира олмаган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу маълумот янги коронавирусдан касалланишлар ҳамда 65 ёшдан катталар ва ўпка, юрак, қон босими ва қанд касалликларига эга одамлар орасида ўлимлар сони юқорилиги сабабини тушунтиради.

Мавзуга оид