Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уйидан чиқа олмайдиган пенсионерларнинг нақд пулга эҳтиёжи муаммоси ҳал қилинади – Мамаризо Нурмуратов
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов пенсияларнинг пластик карточкага ўтказилиши ҳақида маълумот берди.
Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов билан суҳбат уюштирди.
— Шу кеча кундузда қилинаётган ишлар ҳақида савол бермоқчи эдим. Яқинда республика махсус комиссияси қарори билан май ойидан бошлаб пенсияларни босқичма-босқич пластик карточкага ўтказиш белгиланди. Жуда қисқа муддат олиняпти. Саволим шундайки: узоқ қишлоқларда терминал масаласида катта муаммолар бор, одам нақд пулга эҳтиёж сезади. Шу борада икки оёғимиз бир этикка тиқилиб қолмайдими?
— Саволингиз жуда ўринли. Шу саволни уйғотадиган ҳолат – пенсияни фақат битта банк орқали тарқатишимиз. Агар ҳамма банклар орқали пенсия тарқатганимизда бу муаммога ўрин қолмасди. Халқ банкидан қарийб 4,5 миллиондан ортиқ киши ҳар ойда 2 трлн 650 млрд атрофида пенсия олади.
Шунинг учун ҳам бу бўйича ишни ташкил қилишни 2 босқичга бўлдик. Бугунги кунда тўлиқ Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида [пенсияни карточкага ўтказишга] тўлиқ ўтказамиз. Май ойида эса туманларни ўтказамиз.
Бугуни кунда очиғини айтишим керак, 3 сменада ишлаб, Пенсия жамғармаси билан бирга пластик карточкаси йўқ бўлган пенсионерларимизга пластик карточкаларини тайёрлаяпмиз. Бугунги кунда ўз аризалари билан пенсионерларимизнинг 19 фоизи пенсияларини картасига олади. Биз қолган 80 фоиз тўғрисида гапиряпмиз. Уларни ҳозир айтганимдек икки босқичда тўлиқ амалга оширишга улгурамиз. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Бизда бир тизим бор. Уйда ётиб қолган, ҳаракатлана олмайдиган нафақахўрларимиз бор. Кейин биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронлари. Олдинги нормал шароитда ҳам уларга доимо уйга етказиб бериш тизими ташкил қилинганди. Биз ҳозирги тез ишлаётган шароитда ким ётоқда, ким ҳаракатлана олади, уларни ажрата олмаймиз. Шунинг учун шундай тизим ишлаб чиқдик: ҳозир уларга ҳам карточка берамиз, лекин пенсия тўлаш муддатида банк ходимлари карантин тугагунича махсус кийимларда бориб, ўша карточкасидаги пулини нақдлаштириб беради. Шу билан биз у муаммони ҳам ҳал қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда карантин даврида пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш белгиланди.
Пенсия жамғармаси картаси бўлмаган пенсионер ва нафақахўрларга банк пластик карталари бепул очиб берилишини маълум қилган.
19 апрель куни Республика махсус комиссияси қарорига кўра пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловлар ундирилмаслиги маълум қилинди.
Мавзуга оид
19:30 / 25.05.2025
Россиялик олигарх мамлакатда пенсияни бекор қилиш таклифи билан чиқди
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
11:37 / 30.04.2025
Фуқароларга ёшга доир пенсияни тайинлаш тартиби енгиллаштириляпти
11:03 / 08.06.2024