Жаҳон | 01:10 / 22.04.2020
34680
10 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият. Оксфордда вакцинани одамларда синаш бошланмоқда

Британияда пайшанба куни коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синови бошланади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок маълум қилди.

Фото: SEAN ELIAS

Covid-19’га қарши вакцина Оксфорд университети ва Лондондаги Империя коллежида тайёрланган. Вазир Ҳэнкокнинг сўзларига кўра, 23 апрель куни Оксфорда ишлаб чиқарилган вакцинани одамларда синаш бошланади.

Икки университетдаги олимлар ҳукуматдан клиник синовлар учун жами 42,5 млн фунт миқдорида маблағ олган.

«Бу икки умидли лойиҳа ривожлантирилмоқда, мен олимларга ваъда қилдимки, ҳукумат уларни қўллаб-қувватлаш учун бор имкониятни ишга солади», деган вазир. У одамларни эмлаш - коронавирус устидан ғалаба қозонишнинг энг ишончли воситаси эканини қайд этиб ўтган.

Ҳэнкокнинг маълум қилишича, Буюк Британия учун вакцина ишлаб чиқариш жуда муҳим ва мамлакат вакцина тайёр бўлиши учун бор кучини ташлаган, ҳозирга келиб Британия коронавирусга қарши энг кўп маблағ сарфлаган давлатга айланган.

Англияда ҳар учинчи ўлим коронавирусдан

GETTY IMAGES

Англия ва Уэльсда апрель ойи бошидаги бир ҳафтада қайд этилган ўлимлар сони ўтган йилнинг шу давридагидан икки баробар кўпроқ бўлган. Ўлимларнинг ҳар учинчиси Covid-19 туфайли содир бўлган. Бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 2,5 миллиондан ошди.

Буюк Британия миллий статистика бюроси 4 апрелдан 10 апрелгача 18500 ўлим қайд этган, бу ўтган йилнинг шу давридагидан 8 мингга кўп. Бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Бу ўлимларнинг учдан бир қисми коронавирус билан боғлиқ, аммо ўлимлар сони бошқа сабабларга кўра ҳам ўсган. Бундай ўсиш эпидемия авжига чиққан маҳалда бошқа касаллик билан оғриган беморлар ҳам шифохоналарга мурожаат қилмаётгани билан изоҳланади. Пандемия бошланганидан буён тез ёрдамга қўнғироқлар сони икки баравар камайган.

Британия ҳукумати ҳар куни Covid-19 қурбонлари бўйича маълумотларни эълон қилиб бормоқда, аммо бу рақамлар фақат шифохонада вафот этганларни ифодалайди. Бошқа жойларда - хусусан қариялар уйларидаги ўлимлар кечикиб қайд этилади, Миллий статистика бюроси маълумотлари тафовут қандайлигини кўрсатиб қўяди.

Бюро маълумотларига кўра, 4 апрелдан 10 апрелгача Англия ва Уэльсда Covid-19 дан зарарланиш оқибатида 6200дан ортиқ киши вафот этган. Шундан олтидан бир қисми шифохоналардан ташқарида рўй берган. Қариялар уйларида кўплаб ўлимлар содир бўлган - нормадагидан икки баробар кўп. Коронавирус уйлар ва бошқа жойлардаги ўлимлар сонига жиддий таъсир кўрсатмаган.

Британия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан 21 апрель куни соат 17:00 ҳолатига кўра Бирлашган Қироллик ҳудудидаги шифохоналардаги ўлимлар 828тага ўсган ва жами ўлимлар сони 17337тага етган. Сўнгги бир кунда қайд этилган ўлимларнинг 778таси Англияга тўғри келади (жами қурбонлар сони 15607), Уэльсда сўнгги йигирма тўрт соатда 25 ўлим қайд этилган (жами ўлимлар сони 609).

Сешанба куни Британия парламентининг Вакиллар палатаси Пасха таътилларидан кейин фаолиятини давом эттирди, аммо парламентарийлар тарихда биринчи марта ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ўтиришди. Бу талабга кўра мажлислар залида 50дан ортиқ депутат бўлмаслиги, улар бир-биридан камида 2 метр масофада жойлашиши керак. Қолган парламентариялар мажлисда видеоалоқа орқали иштирок этишди.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2,5 миллиондан ошган, беморларнинг 686 мингдан ортиғи соғайган, 176 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Коронавирус бошқа давлатларда

Германия, Дания ва Австрияда дўконлар фаолиятига рухсат берилган.

Душанба куни Германияда китоб дўконлари, гул ва кийим дўконлари, автосалонлар ва майдони 800 квадрат метрдан катта бўлмаган бошқа турли дўконлар очилди.

Канцлер Ангела Меркель видеомурожаатида фуқаролардан огоҳликни йўқотмасликни сўради ва ҳудудий раҳбарларни тартибларга риоя қилишга чақирди. Германия ҳукуматидагиларнинг мамлакатда коронавирус тарқалиши жиловланганига ишончи комил.

Аммо Германияда ижтимоий масофа сақлаш давом этади. Ҳукумат фуқароларга ниқобларни ечмасликни тавсия қилмоқда, Саксония федерал ерида эса тиббий ниқоб тақиш мажбурийлигича қолмоқда.

Сешанба куни Германияда 1109та янги ҳолат қайд этилди (душанба куни 1775та эди) ва 99 ўлим рўй берди (душанба куни 110 ўлим эди). Айни вақтгача мамлакатда зарарланиш ҳолатлари сони 148 мингдан ошган, ўлимлар сони 5 мингга яқинлашган.

Германияда футбол бўйича чемпионат 9 майдан давом эттирилиши мумкин. Бундеслига раҳбарлари ўйинларни томошабинлар иштирокисиз, гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ўтказишни режалаштиришмоқда. «Одамлар футболли дам олиш кунларида футболсиз дам олиш кунларидагидан кўра тоқатлироқ бўлишади», - деган Бавария бош вазири Маркус Зёдер.

Данияда 500дан ортиқ киши иштирокидаги йиғилишларга тақиқ камида 1 сентябргача давом этади. Аввалроқ ОАВ ҳукумат 10 майда оммавий йиғилишларга қўйилган тақиқларни бекор қилиши кутилаётгани ҳақида ёзганди. Айни вақтда кўпи билан 10 киши бўлиб йиғилишга рухсат берилади.

Норвегияда душанба куни бир ойлик танаффусдан кейин болалар боғчалари очилди. Ҳозирча болалар мактабга боришига рухсат берилмаган. Қўшни Данияда бўлгани каби (бу давлат болалар учун карантинни бекор қилган илк давлат бўлди) Норвегияда ҳам мактаблар очилишига қаршилар кўп. Мактабгача таълим муассасаларининг очилишига қарамай, кўплаб ота-оналар бу каби вазиятда фарзандлари уйда қолишини маъқул кўрмоқда.

Норвегия Европада биринчилардан бўлиб карантин чораларини жорий этганди GETTY IMAGES

Шунингдек, норвегияликларга ўз дачаларига боришга рухсат этилади, физиотерапевтлар ва психологлар ҳам ўз мижозларини қабул қилиши мумкин, шу ҳафта давомида сартарошхоналар ва тату-салонлар ҳам иш бошлаши кутилмоқда.

Польшада ҳам карантин юмшатилмоқда. Польша ҳукуматидагилар душанба кунидан хиёбонларга ва ўрмонларга саёҳат учун боришга рухсат берди.

Чехияда ўтган ҳафтадаёқ ноозиқ-овқат дўконлари очилганди, душанба кунидан фермерлар бозорлари ишлай бошлади, автосалонлар очилди ва бошқа бир неча тоифадаги компаниялар ҳам фаолиятини тиклади.

Латвиядаги шифохоналарда душанба кунидан айрим амбулатор хизматлар, шу жумладан стоматологик хизматлар ҳам кўрсатила бошланди. Тиббиёт муассасалари эҳтиёткорлик чораларига риоя этиши зарур, жумладан, бир бинода беморлар сони маълум миқдордан ошмаслиги керак.

Латвияда 11 март куни фавқулодда вазият эълон қилинганди ва қатъий чоралар 12 майга қадар ўз кучида қолади. Мамлакатда таълим муассасалари ёпилган, аҳоли имкон қадар масофадан ишламоқда, жамоат жойларида ижтимоий масофа сақлаш тартиби амал қилади.

Эстонияда Сааремаа волости раҳбари Мадис Каллас истеъфога чиқди. Аввалроқ Сааремаа ороли эпидемия ўчоғига айланганди. Бир ой муқаддам бу ерга волейбол ўйинида иштирок этиш учун Миландан жамоа келган. Бу оролда 33 мингга яқин киши истиқомат қилади.

Осиёда вазият қандай?

Нью-Деҳлида кўчага чиқишдан олдин тана ҳарорати ўлчанади. Ҳиндистон 18601 кишида касаллик аниқланган, 590 киши вафот этган. Фото: Reuters

Сингапурда зарарланиш ҳолатлари яна ўса бошлади. Душанба куни ҳукумат 1426 кишида Covid-19 аниқлади. Бу эпидемия бошланганидан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи бўлди. Сингапурда якшанба 596та янги ҳолат тасдиқланганди, сешанба куни зарарланиш ҳолатлари сони 1111тага ошди.

Амалдорлар маълумотига кўра, янги зарарланиш ҳолатлари мигрантлар орасида қайд этилмоқда. Ҳукумат мамлакатдаги умуммиллий карантин муддатини 1 июнгача узайтирди. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни коронавирус эпидемияси Уҳандаги денгиз маҳсулотлари бозорида эмас, шаҳардаги вирусология институти лабораториясида пайдо бўлгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.

Аввалроқ Америкадаги нашрлар эпидемия бошланишидан икки йил муқаддам Америка элчихонаси ходимлари ушбу институтда бўлишгани ва Вашингтонга лабораториядаги хавфсизлик масалаларидаги муаммолар ҳақида хабар бергани тўғрисида маълумот тарқатди.

Президент Дональд Трамп мухбирнинг шу ҳақдаги саволига жавобан бу маълумотни рад этмаган ва АҚШ синчковлик билан текширув олиб боришини билдирганди.

Нобель мукофоти соҳиби Люк Монтанье ҳам вируснинг Ухандаги лабораторияда ишлаб чиқилгани ҳақида фикр билдирган.

Якшанба куни Австралия ТИВ раҳбари Марис Пэйн вирус пайдо бўлиши сабабларини аниқлаш учун мустақил халқаро текширув ўтказишни давлат даражасида талаб қилган илк сиёсатчи бўлди.

ХХР ТИВ вакили Чжао Лицзян душанба куни вирус лаборатория шароитида тайёрлангани тўғрисидаги хабарлар асоссизлигини билдирди. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг сунъий синтез оқибатида пайдо бўлганлигини тасдиқламаганини қайд этган.

Уҳан вирусология институти раҳбари Юань Чжимин бугунги кун олимлари янги турдаги коронавирусдек вирусни сунъий тарзда яратиш учун етарли билимга эга эмас, деб айтган. У Bloomberg сўровига жавобан «нолинчи бемор» институт ходими бўлиши мумкин эмаслиги, чунки вирус ходимлари орасида шу вақтгача бирор кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланмаганини билдирган.

ЖССТ коронавирус келиб чиқиши ҳайвонлар билан боғлиқлигини таъкидламоқда.

«Мавжуд барча далиллар ушбу вирус ҳайвонлардан келиб чиққанлигини кўрсатмоқда. Вирус яратилмаган, у билан лаборатория тажриба ўтказилмаган. Катта эҳтимол билан унинг экологик манбаи кўршапалаклардир. Бироқ вирус қандай йўл билан одамга юққанини аниқлаш зарур. Барчамиз назарияга эмас, балки фактларга эътибор қаратишимиз керак», деган ташкилот расмийи Фадела Чаиб Женевада ўтказилган брифингда.

BBC кузатувларига кўра, Хитойда статистика бўйича янглишишлар давом этмоқда.

Жума куни Хитой соғлиқни сақлаш бўйича комиссия сайтида Уҳанда касалликдан соғайганлар сони 47300 нафар қилиб кўрсатилганди, душанба куни эса бу рақамлар 46359 кўринишини олган. Мамлакатда касалликдан тузалганлар сони жума кунидан буён қарийб 900 нафарга камайган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид