Ўзбекистон | 20:50 / 22.04.2020
3888
3 дақиқада ўқилади

Электрон хизмат кўрсатишда ЭРИ ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шакллари жорий этилиши мумкин

Аҳолига тақдим этилаётган электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида электрон рақамли имзо ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шаклларини, шу жумладан, мобил алоқа телефон рақамлари орқали шахсни тасдиқлаш жорий этилиши мумкин.

«Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда бу борадаги имкониятларини яратишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлаши кераклиги белгиланган.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ишларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш имкониятини яратилади.

Бунда Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУК билан биргаликда 2020 йил 1 августгача Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш мақсадида тегишли ахборот тизимларини Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилади.

Президент фармонида АКТ вазирлиги Мудофаа вазирлигининг мурожаатига мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар Мудофаа вазирлигининг «Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси» тизимини жорий этиш учун туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларининг белгиланган тартибда Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига уланишини таъминлаши белгилаб берилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 3 ой ичида ИИВ ҳамда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганда давлат хизматларининг автоматик тарзда кўрсатилиши учун тегишли идораларга хабарнома юборилишини ташкиллаштириши, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни талаб этадиган барча давлат хизматлари ҳамда бошқа маъмурий тартиб-таомилларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниш орқали амалга ошириш имкониятини яратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид