Хориждаги фуқароларга электрон рақамли имзо консуллик муассасалари орқали берилиши йўлга қўйилмоқда
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори муҳокамаси давом этмоқда.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6269-сонли фармони ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинмоқда.
Фармоннинг 3-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларининг 2021 йил 1 декабрдан бошлаб чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш таклифи қўллаб-қувватланган. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юкланган эди.
Ҳукумат қарори Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини беришни жорий қилиш мақсадида қабул қилиниши кўзда тутилган.
Қарор матни билан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари ва консуллик муассасалари томонидан бериш мақсадида ахборот алмашинуви электрон тизими уйғунлашувини амалга оширишади.
Тасдиқланаётган низомга кўра консуллик муассасасининг мансабдор шахси талабгор номидан электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради ҳамда талабгор томонидан имзоланишини таъминлайди.
Мавзуга оид
11:31 / 24.04.2020
Энди электрон рақамли имзо сертификатини масофадан туриб олиш мумкин
20:50 / 22.04.2020
Электрон хизмат кўрсатишда ЭРИ ўрнига шахсни тасдиқлашнинг муқобил шакллари жорий этилиши мумкин
12:50 / 17.07.2019
Давлат хизматларини олишда электрон рақамли имзодан фойдаланиш ихтиёрий бўлди
15:28 / 25.11.2016