Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳар бир ижодкор чет тилини ўрганиб, ўз ижодини ўзи таржима қилгани маъқул». Адабий таржимон билан суҳбат
Бугун орамизда бадиий таржимонлик билан шуғулланаётган “кўринмас қаҳрамонлар” ҳам борки, уларнинг заҳматли ва машаққатли ишлари эътирофга лойиқ. Чунки улар юрт адабиёти орқали ўзбек номининг турли миллат ва элат ўқувчилари қалбидан жой олишига асосий сабабчилардир. Ана шундай қаҳрамонларимиздан бири - Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси матбуот котиби, “Femida” газетаси муҳаррири Асрор Аллаяров билан мавзу юзасидан суҳбат қурдик.
Асрор Аллаяров 1986 йил Қашқадарё вилояти, Косон тумани Гувалак қишлоғида туғилган. Ҳиндистоннинг Бангалор университетида таҳсил олган. Вилоятдаги “Дарё”, “Шарқ дунёси” ҳамда “Femida” газеталарида бош муҳаррирлик қилган. Ҳиндистоннинг “Kafla-qit’alararo” журналида маслаҳатчи муҳаррир бўлиб ишлаган. Бирлашган Араб Амирликларининг “Al Shirawi” компаниясида фаолият кўрсатган.
Илк ҳикоялар тўплами “A Decision” 2014 йилда АҚШда чоп этилган. Олти ой ўтиб ушбу тўплам Японияда япон тилида “Замонавий ўзбек ҳикоялари” номи остида нашр этилган. 2017 йилда янги тўплами Сербиянинг “Alma” нашриёти томонидан серб тилида босиб чиқарилган. Халқаро Нажи Нааман адабий мукофоти совриндори.
-Таржимонлик фаолияти билан шуғулланишингизга нима туртки бўлган? Аслида бу соҳага қизиқиш сизда қандай уйғонган?

-Ёшликдан ижод қиламан. Ҳиндистонда таҳсил олаётган пайтларим Ҳинд океанида жойлашган Санта Мария оролига борганмиз. Ўшанда “Ой ёғдуси” номли қисқа шеър ёзганман ва уни инглиз тилига ўгирганман. Шундан буён бу жараён севимли ишимга айланган. Қатор шеър ва ҳикояларимни инглиз тилига ўгириб, хориж нашрларига юборганман. Турли давлатларнинг турли тилларда чиқадиган 30дан ортиқ газета ва журналларида чоп этилди. Дунёнинг 50дан ортиқ тилларига таржима қилинди. Шу жумладан, Африка қитъасининг саноқли кишилар суҳбатлашадиган тилларига ҳам. Шундан сўнг кўплаб ўзбек адабиёти намуналарини жаҳонга олиб чиқиш истаги пайдо бўлди. Чунки бизнинг адабиётимиз ҳақида ҳали хориж ўқувчиларида деярли тасаввур йўқ. Буни шакллантириш учун эса кўп ишлашимиз керак.
-Сизнинг таржималарингиз асосидаги китоблар айнан қайси давлатларда тарқалган?
-Уларнинг кўпчилиги АҚШда, шунингдек, Ҳиндистон, Туркия, Канада, Сербия, БААда чоп этилган. Шунингдек, ўзбек адибларидан қилган таржималарим ҳинд, француз, испан, инглиз, турк, араб, итальян, грек тилларида нашр этилган халқаро антологиялар, босма нашрларда эълон қилинган. Турли йилларда бир неча ижодкорларимиз Ливанда ўтказиладиган халқаро Нажи Нааман адабий мукофоти ғолиблари бўлишди. Халқаро Нобель мукофоти совриндорлари хотирасига бағишлаб чоп этилган тўпламлардан ўрин олди. Бугунги кунда кўпчилик ўзбек ижодкорларининг инглиз тилидаги тўпламлари Amazon орқали сотувда ҳам бор.
- Хориждаги халқаро тадбирларда ўзбек адибларининг иштироки ва адабиётимизнинг тарғиботи қай даражада?

-Ижодкорларимиз Осиё, Европа ва Америка қитъасидаги нуфузли анжуманларда мунтазам иштирок этиб келишмоқда. Ҳиндистонда ўтказилган ўнлаб халқаро адабий фестиваллар, Озарбойжонда ўтказилган Туркий тилли шоирлар анжумани, Туркияда бўлиб ўтган “Ўзбек шеърияти кунлари”да муносиб қатнашдик. Бу мамлакатларнинг ижодий уюшмалари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйдик.
-Асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши бу албатта энг катта ютуқ эмас, ижодкорларга ундан кейинги муҳим жараёнлар бўйича қандай маслаҳатлар бера оласиз?
-Биринчи навбатда ҳар бир ижодкорнинг ўзи чет тилини ўрганиб, ўз ижодини ўзи таржима қилгани маъқул. Бу ўз фикр ва қарашларини юз фоиз бошқа тилга кўчира олади дегани. Таржимадан сўнг кўпгина хорижлик ижодкорлар адабий агентлар билан боғланиш йўлларини излайди. Айни шу инсон эса адибнинг келажакдаги мавқеини белгилаб беради. Ўз мижозининг қўлёзмаларини нашриётма-нашриёт олиб боради, халқаро танловларга мунтазам юборади, келажаги ҳақида қайғуради. Бунинг ортидан муаллиф яхшигина қалам ҳақи ва адабий агент каттагина улуш олади. Кўпчилик Нобель мукофоти совриндорларининг муваффақиятлари ортида ҳам айнан уларнинг адабий агентлари турган. Бугунги кунда юртимизда ҳам инглиз тилида ижод қилиб, халқаро мукофотларга интилаётганлар бор. Жумладан Бахтиёр Абдуғафур, Гўзал Рўзиева, Нодирабегим Иброҳимовалар бу борада сезиларли ютуқларга эришишган.
-Айни пайтдаги ўзингиз фаолият кўрсатаётган Қашқадарё вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида қандай янгиликлар йўлга қўйилмоқда?
-Бошқарма ташкил этилганидан сўнг олиб борилган самарали ишлар натижасида Шаҳрисабз Президентимиз томонидан “Фестиваллар шаҳри” деб эълон қилинди. Бугунги кунда вилоятда бир йилда 20 га яқин маданий тадбирлар, 7та халқаро фестивал ўтказиб келинмоқда. Яна бир эътиборли томони, 2019 йилда Китоб туманида ўтказилган “Анор” фестивали доирасида Шаҳрисабз ҳамда Италиянинг Казерта шаҳарлари “эгизак шаҳарлар” мақомини олди. Бошқарма ахборот хизмати хорижий нашрлар билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйган. Европа, Лотин Америкаси ҳамда Осиё мамлакатлари нашрларида фаолиятимизга оид чиқишлар қилинмоқда. Бу эса воҳамизга келувчи хорижий сайёҳлар сонининг ортишига сезиларли таъсир ўтказяпти. Жорий йилнинг июнь ойида дунёдаги энг баланд Эверест чўққиси йўлида Қашқадарё ўтовини жойлаштириш бўйича Непал Туризм департаменти билан келишувга эришилган эди. Бу ишлар бутун дунёдаги карантин режими сабабли йил охирига қолса керак.
Мавзуга оид
19:53 / 21.11.2022
“Гидларга ҳақи тўлаб берилмоқда”. ШҲТ саммитида таржимонлик қилиб, ҳақини ололмаганлар ҳақидаги мақолага муносабат билдирилди
14:11 / 20.11.2022
Ҳақини ололмаётган гидлар: Самарқанддаги ШҲТ саммити таржимонларининг пули тўлаб берилмаяпти
15:27 / 30.08.2022
“Хизмат пулли эканини билмагандик” — Ўзбекистон Муайтай федерацияси Малайзияда таржимоннинг ҳақини бермаган
00:11 / 14.04.2020