Ўзбекистон | 15:41 / 22.04.2020
33865
7 дақиқада ўқилади

Совуқ ҳавонинг экинларга таъсири, қимматлашган ун ва картошка — Қишлоқ хўжалиги вазири билан суҳбат

Ўзбекистонда карантин тартиби давом этмоқда. Мустақиллик йилларида илк марта кузатилаётган бундай ҳолат дастлаб аҳолини бироз саросимага солгани рост. Саросимаки, тақчиллик келиб чиқишидан қўрққан одамлар бозор, супермаркетлардан ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларини харид қила бошлашди. Бу пайтда талабгир маҳсулотларнинг нарх-навосида ҳам сезиларли кўтарилиш сезилди.

Савол туғилади, аҳолининг бу борадаги хавотири аслида қанчалик асосли эди, давлат захирасида халқни таъминлаш учун қанча муддатли зарур маҳсулотлар бор ва дард устига чипқондек баҳорнинг ўртасида кузатилган ноқулай об-ҳаво, ёққан қор қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилди? Айрим деҳқонлар айтаётгани каби мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг катта қисми совуқ уришига бой берилгани ростми?

Kun.uz мавзу атрофидаги шу ва бошқа саволларга жавоб излади ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев билан боғланди. Афсуски, Хўжаев ҳозирда Тошкент вилоятида хизмат сафарида экани ва вилоятда интернет муаммоси туфайли вазир билан видеоалоқа ўрнатишнинг иложи бўлмади. Суҳбатимизни аудио шаклида ёзиб олдик.

– Иқлимдаги турли ўзгаришлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Дунё олимларининг маълумотларига кўра, охирги уч йилда Ўзбекистонда «чилла» деб аталувчи иссиқ кунлар 1 ойдан 45 кунгача чўзилган.

Бу каби ўзгаришлар баҳорда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, бир неча ҳафта аввал, яъни, баҳорнинг ўрталарига яқин қор ёғиб, об-ҳаво кескин совиб кетди.

Айтингчи, совуқ ҳаво ва кутилмаганда ёғган қор Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун қанчалик зарба бўлди?

Бизда қишлоқ хўжалиги асосан уч йўналишда ташкил этилган – мева-сабзавотчилик, пахта ва ғалла. Буларнинг ҳаммасига, албатта, об-ҳавонинг таъсири бўлади. Апрел бошларида республиканинг айрим ҳудудларида қор ёғгани мева-сабзавотчиликка ўз таъсирини кўрсатди. Апрел ойида гилос, ўрик, шафтоли, ёнғоқ сингари эрта гуллайдиган мева турлари бор.

Ҳар бир фермер билан гаплашдик. Айниқса, Ургут, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Бахмал, Ғаллаорол туманларида баъзи мевалар 30-40 фоизга зарарланган. Бу кўпинча тоғолди туманлар ҳисобланади. Умумий ҳисобда, ўртача 15-20 фоизга мевалар зарарланган. Совуқ ўз таъсирини кўрсатган.

Интенсив боғдорчилик ҳам анча ривожланиб келяпти. Интенсив боғда кўп гуллар атайлаб олиб ташланади. Колибровка қилиш учун гулларнинг 50-60 фоизи тўкиб ташланади. Маҳсулот кўпайиб кетмасдан, камроқ бўлади. Фермерлар совуқ келишидан аввал ҳам улар метереологик маълумотлардан хабардор бўлган. Шундан келиб чиқиб, улар совуққа таъсир кўрсатувчи дори воситаларидан фойдаланишган, шунинг учун совуқнинг таъсири катта бўлмаган.

Ноқулай об-ҳаво асосан анъанавий шаклдаги боғларда етиштирилаётган мева-сабзавотларга таъсир кўрсатади.

– Коронавирус тарқалишига қарши давом этаётган карантиннинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига таъсири қандай бўлди? Озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи ва бу хавфга қарши шошилинч чоралар кўришга эҳтиёж борми?

БМТнинг ФАО ташкилоти ва ЖССТ томонидан аҳолининг истеъмол меъёрлари белгиланган. Шу меъёрлардан бири – 9 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти асосан ўзимизда етиштирилади. Биз шу 9 турдаги маҳсулот билан қарийб 100 фоиз ўзимизни таъминлай оламиз.

Баъзи бир маҳсулотларни, мисол учун, буғдой ва картошкани биз импорт қиламиз. Қачон? Картошка мисолида айтаман. Картошкани ҳар йили импорт қиламиз. 180-200 минг тоннага яқин. Лекин буни асосан ўз картошкамиз пишгунча истеъмол қилиш учун, эртаки картошка етишгунча импорт қиламиз.

Картошканинг нархи 8 мингга чиқди. Коронавируснинг асосий таъсири, шундаки, биринчидан, аҳоли саросимага тушди. Эҳтиёжидан кўпроқ картошка сотиб олиш бошланди. Бизда захира бор. Ҳозир шу захирани ишлатишни бошладик. Бундан ташқари, Қозоғистон томонидан картошкани экспорт қилиш тўхтатилди. Ун ва буғдойга ҳам квота қўйилди. Квота 200 минг тоннагача.

Мана шу пайтда дефицит бўлиб қолди. Лекин бугунга кунга келиб, импортдан ҳам муаммо йўқ, нархлар ҳам стабил. Апрелнинг охиригача ва майда 65 минг тонна эртаки картошкадан ҳосил оламиз. Ўтган йили мана шу пайтда республикада эртаки картошкани Украинага 10 минг тоннага яқин ҳам экспорт қилганмиз.

Ўзбекистон аграр давлат ҳисобланади. Шунинг учун озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида муаммо бўлмайди.

– Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида картошка ва уннинг нархи жуда баланд бўлиб қоляпти. Масалан, Тошкентда янги етиштирилган картошка нархи 20 минг сўм, бир қоп уннинг баҳоси 200 минг сўмдан ошиб кетган. Нега бизда бу икки маҳсулот нархи «осмонга чиқди»? Бу балки ўтган йили картошка ва буғдойни экишда нотўғри режалаштириш, экспорт тўғри йўлга қўйилмаганидандир.

Ноябрда ўтган йили 100 минг гектардан ортиқ майдонга картошка экилган. Республикада картошка бўйича истеъмол меъёримиз 1 млн 700 минг тонна. Етиштиришимиз эса ундан ортиқча.

Таъминотда узилишлар борлигининг сабаби эса, картошкани 5 ой сақлаш керак. Тадбиркор, фермер картошкани сақлашдан иқтисодий манфаатдор бўлиши керак. Лекин тадбиркор томонидан буни сақлашга қизиқиш бўлмайди.

Картошка ҳар йили ҳам қиммат бўлиб кетмайди. Пандемия шароитида кўрдик, қўшниларимиз квота қўйиб, чегараларни ёпиши каби ҳолатларга ҳам ўзимизни тайёрлашимиз керак, қўшимча йўлимиз бўлиши керак.

Картошка бизда иккинчи нон ҳисобланади. Шунинг учун янги тизим ишлаб чиқяпмиз. Унинг уруғлигидан тортиб, сақлаш тизимигача, давлат томонидан интервенция тизимини қилиш, сақлаш манфаатдорлигини ошириш, картошка сақловчиларга субсидия бериш кабилар кўриб чиқиляпти. Ҳисоб-китобини қиляпмиз, яқин орада тизим бўйича президент қарори тасдиқланади ва шу тизим бўйича ишлашга ўтамиз.

Саккизта туман уруғлик картошка экишга ихтисослаштирилади

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали тинглашингиз мумкин.

Унда, шунингдек, совуқ ҳаво ҳамда кутилмаганда ёққан қорнинг ғалла ва униб чиққан чигитга таъсири, такрорий экин экиш, бу борада Ўзбекистонда етишмаётган илмий тажриба каби долзарб мавзуларда суҳбат боради.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид