Жаҳон | 08:22 / 22.04.2020
44562
10 дақиқада ўқилади

Тақиқлар бекор бўлса, коронавирус қайтади: буёғига умид ижтимоий масофаланишданми?

«Кластер эффекти» нима? Унинг жорий пандемиядаги роли қандай? Биз яна қачон концертларга бора оламиз? Republic’да эълон қилинган бу таҳлилий мақола пахта, ғалла, узумчилик ва картошкачилик кластерлари ҳақида эмас, албатта.

Фото: CNN

Хитой ҳукумати «номаълум турдаги зотилжам»ни эълон қилганидан 100 кун ўтиб, коронавируснинг сайёрамиз бўйлаб тарқалиш динамикаси кластер эффектига боғлиқлиги маълум бўлди. Пандемиядан етарли даражада талафот кўрган ҳар бир давлатда йирик ижтимоий, маданий ёки диний йиғилишлар бўлиб ўтган, унда жуда кўп сонли инсонлар бир-бирлари билан яқиндан контактда бўлган. Бу – пандемиянинг тарқалиш тезлигига жиддий таъсир ўтказган.

Бу борада маҳаллий медиа томонидан «немис Уҳани» деб номланган Гангелт коммунаси мисол бўла олади. Унинг аҳолиси ҳар йили феврал-март ойларида Германияда ўтадиган карнавал ҳафтасида фаол иштирок этган. Кейинроқ карнавал иштирокчиларидан 7 кишида коронавирус аниқланган. Улардан бири — 47 ёшли эркак Германияда биринчи бўлиб шу ташхис билан интенсив терапия бўлимига ётқизилган.

Бу коммуна 42 минг аҳоли истиқомат қиладиган Ҳайнсберг тумани таркибига киради. У ерда тезлик билан карантин эълон қилинди, бироқ 15 апрелгача касаллик 1500 кишини қамраб олиб, улардан 49 нафарини ҳаётдан олиб кетди.

Тўпланиш ва тарқалиш

«Бутун сайёрада бир тенденция кўзга ташланмоқда — қаерда қўшиқ ва рақслардан иборат оммавий йиғинлар ўтган бўлса, ўша жойда вирус янада тезроқ тарқалган», — деб ҳисоблайди тадқиқотчилар жамоаси билан апрель ойи бошларида Ҳайсбергда «COVID-19 кластер тадқиқоти»ни ўтказган Бонн университети вирусологи Ҳендрик Штрик.

Штрикнинг сўзларига кўра, дастлабки натижалар юқтиришларнинг катта қисми асло супермаркетлар ва ресторанларда рўй бермаганини кўрсатмоқда.

Ҳайнсбергнинг ўзида вирус эшик тутқичлари, смартфонлар ва бошқа объектлар орқали юқишига доир жуда заиф далиллар йиғилган.

Шунингдек, Гангелтда вирус идишлар орқали юққан бўлиши ҳақидаги назария ҳам нотўғри бўлиб чиққан: меҳмонларнинг кўпчилиги пивони шишаси билан кўтариб ичишган.

Вирусологнинг ҳисоблашича, аслида вируснинг тарқалиши «инсонлар кўпроқ вақт зич компанияда бўлган жойларда» рўй берган. Бу — Австриядаги Ишгл тоғ-чанғи курорти, Берлиндаги Trompete тунги клуби ёки Миландаги футбол ўйини...

«Оммавий тадбирлар — вирус тарқалиши учун идеал майдон, чунки одамлар бу ерда ўзларига мутлақо нотаниш кимсаларга дуч келишади», — дейди Вена технология университети математиги Николас Поппер. У олимлар жамоаси билан пандемиялар тарқалишини янада аниқроқ айтиб бера оладиган симуляцияни ишлаб чиққан.

У «локал эпидемиялар тармоғи»нинг бошланғич нуқтаси деб аталувчи омилни ҳисобга олишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, бир неча юз киши бир хонада вирус ташувчиси билан узоқ вақт бирга бўлишса, улардан камида 20 киши вирусни юқтириб олади ва бир неча кундан кейин оила аъзолари ва ҳамкасбларига тарқатади. Поппер тахминига кўра, юқтирганларнинг ҳар бири вирусни янада камида 10 кишига узатади. Бир неча кундан сўнг битта ҳолатни деб вирус ташувчилар сони 200 нафарга етади.

Дафн маросимлари ва ибодатларда

«Бугун кўплаб мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар — айнан мана шундай ҳодисаларнинг оқибатлари», — дейди Ҳарвард университети эпидемиологи Уилям Ҳэнеж. У АҚШда вируснинг тарқалишига бош сабаб одамларнинг оммавий тўпланиши эканлигини тасдиқлайди.

Масалан, Янги Орлеанда Марди Гранинг нишонланиши (у карантиндан аввалроқ бўлиб ўтган) — шаҳарни энг йирик эпидемия ўчоқларидан бирига айлантирган.

Нима бўлганда ҳам, инсонларнинг қай сабабга кўра тўплангани вирусни қизиқтирмайди. Бу диний маросимлар ўтказиш билан (Франция шарқидаги каби) ёки дафн маросими билан (Италия жануби-шарқидаги каби) боғлиқ бўлиши мумкин. Спорт мусобақаларини-ку, асти қўяверинг — 19 феврал куни Миланда «Аталанта» ва «Валенсия» ўртасида ўтказилган УЕФА Чемпионлар лигаси ўйини чинакам «биологик бомба»га айланди.

Ўша босқичда инвидуал вирус ташувчиларни топиб, изоляциялашга ҳаракат қилган соғлиқни сақлаш тизими вакиллари учун турли кўнгилочар тадбирлар чинакам бошоғриқ бўлган. Чунки унда қатнашганлар ичида бошқа ҳудудлар, мамлакатлар, ҳаттоки қитъалардан ҳам келганлар бўлган.

Масалан, Австралияда 15 март куни Bondi Beach пляжида Bucket List хамжамияти томонидан ўтказилган рақс кечасида туристларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 30 киши вирус юқтирган. У мамлакатда 500дан ортиқ киши тўпланмаслиги борасида тақиқ жорий этилишидан бироз олдин ўтказилган. Дам олувчилар ижтимоий масофаланишга чақирувларга эътиборсизлик қилаверишганидан сўнг Bondi Beach пляжи ёпиб қўйилди.

Индивидуал ҳаракатлар ҳам жиддий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин экан. Reuters агентлигининг ҳикоя қилишича, Жанубий Кореяда коронавирус юқтирган №31-пациент 1000дан ортиқ инсон билан контактга кирган ва инфекциянинг янгидан янги кластерларини яратган.

Ижтимоий масофаланиш афзалликлари

АҚШдаги оммавий тўпланишларга бағишланган 2016 йилги тадқиқотлардан бирининг кўрсатишича, юқумли касалликларнинг авж олиши 70дан зиёд оммавий ҳодисалардан сўнг рўй берган. 2010 йилги компьютер моделлаштиришига кўра, одамларнинг бир жойга тўпланиши юқтириш ҳолатларнинг 10 фоизга оширишига хизмат қилади.

Бошқа томондан, ўз-ўзини изоляция қилиш ва масофани сақлаш вируснинг тарқалишини секинлаштириши ва домино эффектини тўхтатиши исботлаб бўлинган. The Lancet журналида эълон қилинган COVID-19нинг Уҳан шаҳрида тарқалиш динамикаси тадқиқоти кенг миқёсли назорат чоралари вируснинг базавий репродуктив сони (репродукция индекси R0)ни 2,35 дан 1,05 гача туширишга ёрдам берганини кўрсатган.

Бундай кўрсаткич билан юқтириш ҳолатлари ошмай қўяди, чунки вирус ташувчиси фақат бир кишига юқтиради. Хитойлик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган моделлаштириш бундай хулосаларни тасдиқлаган.

BBC’нинг ёзишича, биз ҳали узоқ вақт масофани сақлашга мажбур бўлишимиз мумкин. Ҳарвард университети томонидан ўтказилган компьютер моделлаштириши АҚШда ижтимоий масофаланиш бўйича чораларни 2022 йилгача қўллаш зарурияти юзага келишидан огоҳлантирмоқда.

Масофаланишнинг якка даври эпидемия авж нуқтасини кейинги суриши мумкинлигига қарамасдан, агар вирусда мавсумийлик хусусияти бўлса, йил охирига келиб юқтиришнинг иккинчи тўлқини юз бериш эҳтимоли бор.

Эгри чизиқ эмас, сиртмоқ

Агар коронавирус пандемияси ҳақида «инсон кластерлари» ёрдамида тезлашувчи жараён сифатида ўйланадиган бўлса, турли давлатлар ҳукуматлари карантиндан чиқишнинг оқилона йўллари устида бош қотиришлари керак бўлади. Чеклов чоралари юмшатилиши билан ижтимоий, маданий, диний тадбирларда кўплаб инсонларнинг тўпланишига рухсат бериш ўринлими?

Европа аллақачон чекловларни юмшата бошлади. Испания айрим бизнес турларига ишга қайтишга изн берди, Дания мактабларни очмоқда, Польша эса иқтисодий чекловларни босқичма-босқич олишини баён қилди. Ҳаттоки 20 мингдан зиёд қурбон берган Италияда ҳам айрим дўконлар ва хусусий корхоналар иш бошлаган. Германияда эса ижтимоий масофаланиш ва саёҳатларга тақиқлар 3 майгача кучида қолмоқда, Франция эса карантинни 11 майгача чўзишга қарор қилди.

Еврокомиссия ЕИ давлатларини биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирди. У эълон қилган ҳужжат каратинни босқичма-босқич юмшатиш чоралари «янги ҳолатлар сонининг муқаррар ошишига олиб келиши»дан огоҳлантиради. Ҳаракатлар режасига кўра, вируснинг тарқалиши узоқроқ муддат мобайнида пасая бошлаганидан сўнг, жонлантириш бўлимларининг қувватлари касалликнинг иккинчи тўлқинига кучи етишига амин бўлгач чекловлар олиб ташланиши керак.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен янги ҳолатларнинг ўсишига йўл қўймаслик учун ЕИ давлатлари ҳисобга олиши лозим бўлган уч асосий жиҳатни тилга олиб ўтди: бу – соғлиқни сақлаш тизими имкониятлари, инфекциянинг тарқалиш даражаси, шунингдек тестдан ўтказиш даражаси арзонлиги.

Олимлар унинг хавотирларига қўшилмоқда. «Коронавирус эпидемияси образи эгри чизиқ сифатида жамоавий онгни эгаллаб бўлди, лекин қўрқаманки, аслида биз сиртмоққа дуч келиб турибмиз», — дейди Николас Поппер. Унинг фикрича, тақиқлов чоралари бекор қилиниши ҳамоно вирус тарқалишини тезлаштирувчи янги кластерлар пайдо бўлиши мумкин.

Бунга мисол қилиб пандемиянинг Вьетнамда тарқалиш тарихини келтириш мумкин. Бу ерда илк юқтириш ҳоллари 23 январда қайд этилган. Ҳукумат дарҳол ишга киришиб, янги йил таътилидан сўнг мактабларни очмади, Хитой билан авиаалоқа 1 февралда тўхтатилди. Вьетнам Хитойдан сўнг оммавий карантин қўллаган иккинчи давлат бўлди.

Шифохонага 13 февралда ётқизилган №16-бемор 25 февраль куни соғайиб чиқди. Бир ҳафта мобайнида Вьютнамда коронавирус аниқланмади. Бироқ 6 мартга келиб, янги ҳолат маълум бўлди: Европадан эксклюзив мода ҳафталик кўргазмаларида иштирок этган қиз қайтиб келган экан. Ватанига келгач, унда йўтал бошланган. Тест ҳам мусбат чиққан ва у №17-беморга айланган. Вирусни кузатиш ва тўхтатиш чоралари бошқатдан бошланган. 22 апрелга келиб, Вьетнамда 268 та тасдиқланган касаллик ҳоллари қайд этилган.

«Иқтисодиётни қайта ишга тушириш босқичма-босқич амалга оширилиши керак: аввало ходимлари ижтимоий масофаланишга риоя қила оладиган корхоналар ва офислар очилиши керак. Йирикроқ тадбирлар — турли конференциялар, спорт мусобақалари, концертлар ташкилотчилари уларнинг шу йилнинг кузига кўчиришаётганини кўрсам, мен нега улар шундай қилиш мумкин, деб ўйлашаётганини тушунмайман. Бу ҳодисалар энг охирида, ҳаммаси тугаганидан сўнг қайтиши лозим. Агар ишга реал кўз билан қаралса, уларни 2021 йилнинг кузидан аввал кутмаслик керак», — дея хулоса чиқаради америкалик онколог Иезекил Эмануэл.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид