Жаҳон | 20:32 / 23.04.2020
2610
2 дақиқада ўқилади

Австралияликларга яна тўрт ой давомида хорижга чиқиш ва чет элликларга мамлакатга кириш тақиқланади

Ҳозирда Австралияда коронавирусга чалинганлар сони 6600дан ортиқ бўлиб, 4 671 киши соғайган, 75 киши вафот этган. Қитъада ўтган суткада коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 12 та ҳолат қайд этилган.

Фото: Getty Images

Австралия чегаралари яна камида тўрт ой давомида ёпиқ туради. Бу ҳақда мамлакатнинг бош санитар врачи Брендан Мерфи маълум қилди.

 "Ҳозирда халқаро вазият шундайки, чегарадаги чекловларни юмшатиш катта таваккал бўлиши мумкин. Мен хавфсизлик бўйича миллий қўмитага австралияликларнинг мамлакатдан чиқишларига қўйилган тақиқни узайтиришни ва мамлакат ҳудудига фақат хориждан қайтаётган фуқароларимизни киритишни тавсия қилдим", - деди Мерфи.

У вируснинг дунё бўйлаб тарқалиши фаол кечаётганини, "яқин тўрт ой ичида сезиларли ўзгаришларни кутмаслик кераклигини", шу сабабли чегаралар ёпиқ қолиши шартлигини таъкидлади.

Мерфи яқин вақт ичида мамлакатдаги чекловларни юмшатиш имконияти кўриб чиқилишини айтди.

"Аммо биз аввал аҳоли саломатлигига бўладиган хатарни баҳолашимиз лозим", - деб қўшиб қўйди у.

Ҳозирда Австралияда коронавирусга чалинганлар сони 6600дан ортиқ бўлиб, 4 671 киши соғайган, 75 киши вафот этган. Қитъада ўтган суткада коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 12 та ҳолат қайд этилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид