Жаҳон | 08:05 / 24.04.2020
5938
2 дақиқада ўқилади

Дубайда 25 апрелдан савдо марказлари очилиб, комендантлик соати қисқартирилади

Фото: Khaleej Times

БААнинг Дубай амирлигида 25 апрелдан бошлаб савдо мажмуалари, ресторан, кафе ва бизнес марказлар фаолияти тикланади. Бу ҳақда Reuters хабар берган.

Манбада айтилишича, бинолар 12:00дан 22:00гача очиқ бўлади ва улар 30 фоиз қувватда ишлайди. Яъни, биноларда одамларнинг сони кескин ошиб кетмаслиги назорат қилинади. Дўконларда одам кўпаймаслиги учун турли акция ва чегирмалар уюштиришга рухсат берилмайди.

26 апрелдан Дубайда жамоат транспорти, жумладан, метро фаолияти тикланиши кутилмоқда. Метронинг фақат битта йўналиши 07:00дан 19:00гача ишлайди. Масжидлар, кинотеатрлар ва ўйин майдончалари ҳозирча ёпиқ бўлади.

БАА ҳукумати аксар ҳудудларда жорий қилинган комендантлик соатларини Рамазон ойида қисқартирди. Март ойининг охиридан бошлаб 20:00дан тонгги 06:00гача комендантлик соатлари жорий қилинганди. Рамазон вақтида тунги комендантлик соати 22:00дан бошланадиган бўлди.

Фото: Daily Sabah

26 мартдан Дубайда 24 соатлик комендантлик соати жорий қилинганди. Рамазон вақтида эса Дубай амирлигида 06:00дан 22:00гача комендантлик соати бекор қилинди.

Маълумот учун, БААнинг энг йирик шаҳри бўлган Дубай мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим ҳудуд ҳисобланади. Бу шаҳарга йилига 20 миллион атрофида сайёҳ ташриф буюради. Дубай амирлигининг йиллик ЯИМ ҳажми 100 миллиард доллардан ортиқ ва бу бутун мамлакат ЯИМсининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади.

Ҳозиргача БААда коронавирус юқтирганлар сони 8 756 нафарга етган. Улардан 1 637 нафари тузалган бўлса, 56 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид