Иқтисодиёт | 00:46 / 24.04.2020
24459
8 дақиқада ўқилади

Нефть нархи арзонлаши Россия бюджетига қанча зарар келтириши ҳисоблаб чиқилди

20 апрелда жаҳон биржаларида нефть нархининг пастлаб кетиши хом ашё бозорини остин-устун қилиб юборди. Шу куни Кариб денгизи ҳавзаси ҳамда Шимолий Америкада қазиб олинадиган WTI навидаги нефтнинг 1 баррели мутлақо кутилмаган ҳолда -40 долларгача тушиб кетди.

Фото: Reuters

Бундай ҳолат нефть савдоси тарихида кузатилмаганди. «Манфийга қулаш»га сабаб бўлган қатор омиллар келтирилди. Энг жўяли сабаб – нефть омборларининг тўлиб бўлганидир. Нефть ташийдиган танкерлар ўзига ортилган «қора олтин»ни нима қилишни билмай турган бир вақтда омборларни бўшатиш учун айрим нефть етказиб берадиган компаниялар нархни рекорд даражада арзонлаштиришга мажбур бўлди. Ҳатто нефтни олиб кетадиганларга комиссия кўринишида пул ҳам тўланди.

22 апрелга келиб нархлар бироз «ўзига келди». WTI навли нефтнинг бир баррели 11,47 долларга кўтарилди, Brent навли нефтнинг 1 баррели 16 долларга арзонлашди. Бу кетишда давом этса ва талаб кўпаймаса, нарх яна арзонлаши тахмин қилинмоқда. Бундай шароитда нефть қазиб олиш ва уни экспорт қилишда етакчилардан бўлган Россия иқтисоди қийинчиликларга дуч келмоқда. Халқаро экспертлар аллақачон нефть нархи арзонлашиб кетиши ортидан Россия иқтисодиёти қанча зарар кўриши мумкинлигини ҳисоблашга тушиб кетишди.

20 апрелдаги манфийга тушиш фақат тўғридан-тўғри WTI навли нефть учун бўлди ва -40 долларлик фьючерс шартномалари атиги бир кун давомида тузилди. Улар май ойида етказиб бериш бўйича тузилганди. Бошқа навдаги нефть нархи бу даражада кескин тушиб кетмади.

WTI нархи нега бунчалик пасайиб кетганини ҳеч ким аниқ тушунтириб беролмаяпти. Агар нарх тушишига асосий сабаб омборлар тўлиб кетгани бўлса, нега унда бошқа навдаги нефтлар нархи бунчалик кескин арзонлашмай, фақат WTI навли нефть нархи арзонлади?

Қисқаси, 20 апрелда биржаларда фақат WTI нархи кескин арзонлаганига жўяли бир изоҳ йўқ. Ҳозирча изоҳларнинг аксарияти тахмин устига қурилган.

Агар умумий ҳолатга қарайдиган бўлсак, нефть нархи жаҳон иқтисодиётининг айни дамдаги ҳолатига тутилган кўзгу бўлди. Коронавирус туфайли жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашар экан, унда асосий хомашёлардан бири бўлган нефтга талаб камайиши ва унинг нархи арзонлашишини тахмин қилиш қийин эмас эди.

Нефть бугун коронавирус пандемияси давом этаётган пайтда ҳам дунёдаги энг муҳим энергия манбайи бўлиб қолмоқда. Нефть экспорт қилувчи давлатларга фақат шу тасалли бўлиши мумкин.

Бюджети ва ялпи ички маҳсулот ҳажмининг салмоқли қисмини нефть экспорти ташкил этадиган Россияни яқин келажакда нималар кутмоқда? Нефть арзонлаши бу мамлакатга қандай таъсир қилади?

22 апрель куни эрталаб рубль курси Brent нефть нархининг кескин пасайиши фонида яна пасайди ва 1 АҚШ доллари 77 рубль қийматда баҳоланди. Агар нефть нархи яна пасайишда давом этса, рубль яна қадрсизланиб бораверади. Ҳозирча нефть нархи масаласида фақат барча учун ёмон ҳолатлар айтилмоқда: агар коронавирус балоси тезроқ даф бўлмаса нефть нархи ноль қийматга етиши мумкин. Ана шунда рублнинг аҳволи нима бўлади, ҳозирча аниқ эмас.

Аммо Россия томони бундай фикрда эмас. Кремль тарғиботчилари нефть нархи арзонлашиши ортидан рубль ўз қийматини янада йўқотиши мумкинлигини шунчаки иғво деб баҳоламоқда.

The Bell нашри «Альфа-банк» таҳлилчиси Наталя Орлованинг ҳисоб-китобларига асосланиб, қуйидаги тахминларни келтиради: «Агар биз Urals нархлари келаси икки ойда 1 баррель нефть учун 10-15 долларни ташкил қилади деб тахмин қилсак (яъни, ҳозирги нархда сақланиб қолса), фақат шу икки ойда Россия бюджети нефть экспорти ортидан келадиган 780–860 миллиард рубль йўқотиши мумкин. Агар нарх ундан ҳам арзон бўлса, унда бюджет камомади ҳам кўпроқ бўлади. Маълумот учун, йил бошидаги бюджет тақсимотида нефтнинг бир баррели минимум 42 доллар бўлиши ҳисобга олинган.

Таққослаш учун, инқироз даврида ҳукуматнинг мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри молиявий кўмагини Альфа-банк иқтисодчилари 340 миллиард рубль бўлишини тахмин қилишмоқда. Демак, икки ойлик йўқотишлар давлат иқтисодиёт учун ёрдам тариқасида ажратаётган маблағдан уч баробар кўп бўлади.

Йўқотишлар кўлами салмоқли бўлиши тахмин қилинаётган бўлса ҳам, кўпчиликнинг фикрига кўра, Россия бюджети Миллий фаровонлик жамғармаси ҳисобига зарбани енгиб ўтади. Масалан, «Металлинвестбанк» ходими Сергей Романчук Россия нафақат нефть нархи пасайиб кетиши ортидан дуч келадиган муаммоларга, балки рублнинг қадрсизланишига ҳам йил давомида бардош бера олади деб ҳисоблайди.

Россияга умид бағишлаётган ҳолат шуки, нефть нархи ҳар доим бир хил турмайди. Бугун нарх арзонлаган бўлса, эртага яна кўтарилиши мумкин.

Бугун аксарият иқтисодчилар, учинчи чоракдан бошлаб жаҳон иқтисодиёти сезиларли даражада жонлана бошлайди деган фикрга қўшилади. Хитой аллақачон иқтисодни жонлантириш ҳаракатларини бошлади. Хитой дунёдаги энг йирик нефть истеъмолчиси эканини инобатга олиб таҳлилчилар у ҳолатни кузга бориб жаҳон бўйлаб нефтга бўлган талаб оша бошлайди ва нефть нархи кўтарилади деб баҳоламоқда.

Яқинда Россия ҳам қатнашган ва манфаатли томон сифатида имзолаган ОПEК+ келишуви 1 майдан кучга киради. Бугунги кунда нефть бозорини кузатадиган таҳлилчилар нефть қазиб чиқаришда келишилган қисқартиришларни аниқ эмас деб баҳолайди. Бунга сабаб ОПEК+ нефть қазиб олишни дунё бўйлаб кунига 9,7 миллион баррелга камайтириш ҳақида келишувга эришган бўлса ҳам, бу иш ортидан нефть нархи кўтарилиш ўрнига бадтар тушиб кетди. Агар гап нефть қазиб олишни янада камайтириш ҳақида кетаётган бўлса, нефть қазиб олувчи барча давлатлар ҳам одатда бунга кўнавермайди. Ҳамма кўпроқ қазиб олиш ва сотиш пайида бўлади.

Нефть нархи янада пастлаб кетиши олдини олиш учун G20 доирасида яна қанақадир келишувлар имзоланиши мумкин. Аммо коронавирус чекинмаса, янги келишув ҳам айтарли наф бермайди ва нефть нархи тушишда давом этаверади.

Яқин келажакда нефть нархи қандай бўлишига келсак, воқеалар шунчалик тез ривожланяптики, турли тахминлар ҳам ортда қолиб кетиши аниқ. Масалан, Wintershall Dea компаниясининг сўнгги тахминларига кўра, 2020 йилда Brent нефтининг ўртача нархи 1 баррель учун 30 долларни ташкил этиши керак эди, аммо бу тахмин ўзини оқламаяпти.

Бундай ҳолатда Россиянинг тақдири қандай бўлиши башоратини анча йиллар аввал «Тунни амаллаб ўтказсак, ихтиёримизда яна бир кун бўлади», деб машҳур сиёсатчи Егор Гайдарнинг бобоси ёзувчи Аркадий Гайдар айтган эди. Россия ҳозир тунни ўтказмоқда, сабр қилса ёруғ кунга етиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда, 20 апрелдаги нефть билан бўлиб ўтган ҳодисалар тарихда қолди. Нафақат иқтисодий тарихда, балки ўша талотўп кун ўйинчилари хотираси ва руҳиятида сақланиб қолади. Бозор ҳар доим руҳиятни тарбиялаган ва ўйинчилар ўзларининг тажрибаларидан қуйидаги иборанинг муаллифи Ницшенинг ҳақ эканлигига амин бўлишган: «Агар сен узоқ вақт тубсизликка қарасанг, унда тубсизлик ҳам сенга қарайди».

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид