Ўзбекистон | 22:41 / 24.04.2020
44276
6 дақиқада ўқилади

Пенсиялар нега пластик картага ўтказилди? Humo бренди раҳбари Шуҳрат Қурбонов билан суҳбат

Kun.uz пандемия даврида инфекция тарқатувчи манбалардан бири сифатида кўрсатилган пуллар ҳақида Humo бренди остида фаолият юритувчи Миллий банклараро процессинг маркази раҳбари Шуҳрат Қурбонов билан суҳбатлашди. Унда банк пластик карталарга ўтказилган пенсиялар, Humo карталарига хизмат кўрсатиш сифати ҳамда банкоматлар орқали пулларни нақдлаштириш масалалари муҳокама қилинган. 

–Контактсиз алоқа қилиш, айниқса пул ҳам вирус ташувчиси сифатида огоҳлантирилганидан кейин, аҳоли, хусусан нафақахўрларга пластик карталардан фойдаланиш тавсия этилди. Одамларда, табиийки, саволлар туғилади: бундан Humo бренди молиявий фойда топишни ўйладими ёки тўловларни ўтказаётганда бизда қанақа масалалар туғилади?  Ўзи умуман картадан фойдаланиш имконияти барча ерда бир хилми, деган саволлар берилмоқда. 

–Ҳозир қизиқ пайт бўляпти. Мана, кўряпмиз. Картада, терминаллари  ҳамда банк хизматларида революцион ривожланиш бўлиб турганди. Бир ой ичида банк пластик карталари тизимида катта ўзгаришлар кузатиляпти. Ҳолат шуни талаб қилади. Масалан, карталарни масофадан туриб онлайн очиш. Бу ҳаракатлар банк пластик карталарига нисбатан одамларнинг ишончини ошириш мақсадида амалга ошириляпти. Лекин халқимиз нақд пул билан кўпроқ муомалада бўлишга интилади. Нақд пул бизга қанақадир яқинроқ. Ҳазил ҳам бор: санаб туришга осонроқ. 

Пандемия даврида ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Бозорда 1000, 5000 сўмлик қандай айланиб юришини ўзингиз гувоҳи бўласиз. Масалан, сотувчига нақд пул бердингиз. У қайтим берди. Шу тариқа пул айланиб юрибди. Қисқа вақт ичида 10-15 та одам қўлидан ўтиши мумкин. Бу дегани қоғоз пулда вирус неча кундир яшайди. Шунақа хавф бўлиб турган пайтда нақд пулдан қочиш керак. Контактсиз картада савдо қилиш зарарланиш хавфини бир неча баробарга камайтиради. Унда одамлар билан олди-берди умуман йўқолади. Нима учун Korzinka.uz ва Makro супермаркетларида контактсиз алоқа терминалларини нима учун йўлга қўйдик? Одамлар ўртасида ижтимоий масофа сақлашга ёрдам беради, деган мақсадда қилинди. 

Тўғри, Тошкентда терминаллар билан вазият яхшироқ. Вилоятларда сал қийинроқ бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда Humo терминаллари бўйича муаммо йўқ. 90 фоиз ҳолатда савдо нуқталарида ишлаб турибди. Кўпчилик муаммо қилади: терминал йўқ, ишламаяпти, сим-карта пули йўқ, дейди. Ҳар хил баҳоналар ўйлаб топади. Бу ҳам нимадан келиб чиқади? Бошида айтгандай нақд пулни танлаганимиздан кейин бўлиб турадиган ҳолат. Кўпчилик жойларда QR-код ҳам қўйилган. Телефонингиз бўлса QR-код орқали ҳам тўлайсиз. Терминал қидириш эҳтиёжи ҳам камайганлигини билдиради. Терминал бор-йўқлиги бўйича 90 фоизда муаммо йўқ. Очиғи, 10 фоиз қолиб турибди. Олиб келиш хизматлари бор. Уларга етмаяпти, тўғри. Қисқа вақтда бу камчиликлар ҳам бартараф қилинади, чунки шу вақтгача бу нарсада катта эҳтиёж бўлмаган.  Худди шундай таксидаям шунақа. Эртага таксига ўтирганда, нақд пул бермай, қайтим олмай, онлайн тўлов қилай, дейди.

–Бу ҳолатнинг пайдо бўлишида ҳақиқатан ҳам тадбиркорларда хизматларда фойдаланишга терминаллар йўқлиги сабаб бўляптими ёки аҳолининг банкка бўлган ишончсизлигими? Бунга нима сабаб бўлади, деб ўйлайсиз?

–Аслида иккита сабабни кўраман. Биринчидан, биз узоқ давр мобайнида банкоматларсиз яшаганмиз. Олдинлари банкомат бўлсаям, пули бўлмасди. Нақд пул керак бўлса, банкка боришга тўғри келарди. Таниш-билиш қидириб нақд пул қилдиришга уринишлар бўларди. Хуллас, нақд пул ечиш катта квест эди. Ҳозир ундаймас. Ҳалигача одамларда қўрқув бор: бугун банкоматда пул бор, эртага бўлмаслиги мумкин. Эътибор берсангиз, чет элда одамлар банкоматларда катта миқдорда суммани ечиб олмайди. 5-10 доллар ечиб олиши мумкин. 500 доллар ечмайди. Бундай маданият шаклланиши учун вақт керак.

Иккинчидан, савдо шохобчасига пластик карта билан борсангиз, сотувчи харидордан банкоматда нақд пул қилдириб келишини сўрайди. Балки, бу хуфиёна иқтисодиёт манфаати учундир, балки кўпчиликка нақд пулда муомала қилиш қулайроқдир. Аниқ сабабини айтолмайман. Баъзида савдо қилсак, шуни нақд пулда берақолинг, дейишади.

Терминал йўқ бўлса, қани олиб чиқ, десангиз, бирпасда пайдо бўлиб қолади. Заряди тугаб қолибди, дейди. Кўпчилик Humo карталари билан ҳам шунақа ҳолат бўлади, дейди. Яширмайман, бунақа ҳолатлар бор. Ўзим ҳам борган жойларда терминал ишламайди, дейди. Қани олиб чиқ, деганда ишлаб кетади. Кейин айтишади: ака, Humo контактсиз бўлганидан кейин пул тушмас экан. Ҳар хил ҳикояларни айтиб беришади. Ҳаммаси стереотиплар. Одамлар ҳалиям контактсиз тўлов шаклига ишонқирамай қарашяпти, ҳатто тадбиркорлар ҳам ҳар хил фикрларга боришяпти. Бу қўрқув, албатта, вақтинчалик. Бир пайтлар онлайн карталарга ўтилгандаям шунақа бўлган. 

Бир марта контактсиз тўлаб кўрсангиз, бошқа тўлов шаклида тўлагингиз келмайди, чунки осонлигини кўрасиз. Картани ҳеч кимга беришингиз шартмас. Карта сотувчида қолиб кетмайди.Республика махсус комиссиясининг қарорида пластик карталарни нақд пул қилдирганда, комиссион тўловлар олиб ташлаш белгиланган.
 
Интервьюнинг тўлиғини Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид