Ўзбекистон | 21:50 / 25.04.2020
67465
4 дақиқада ўқилади

Давлат тилида иш юритмаган мансабдорлар жавобгарликка тортилиши мумкин

Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир.

Шунингдек, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади.

Шу билан бирга, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

«Бироқ бугунги кунда айрим давлат ташкилотларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда олиб бориш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига сабаб бўлмоқда», дейилади вазирлик ахборот хизмати изоҳида.

Қайд этилишича, қонунчиликда ушбу нормаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддаси «Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаган.

Адлия вазирлигининг фикрича, бу ҳол баъзи давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигига ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига олиб келмоқда.

«Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш, давлат тилининг нуфузини ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни қатъий белгилаш, ушбу талабга риоя этмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларини белгилаш лозим.

Шуни эътиборга олиб, Ҳукумат топшириғига асосан, лойиҳада давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда», дейилади пресс-релизда.

Адлия вазирлиги МЖтКнинг 42-моддасига: «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган тўлдириш киритишни таклиф этган.

Қўшимча қилинишича, лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг давлат тили соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган.

«Қонун қабул қилиниши натижасида давлат органлари, корхоналари ва ташкилотларида иш юритишнинг тўлиқ равишда давлат тилида амалга оширилишига, ушбу соҳада мансабдор шахсларнинг масъулияти ошишига ва ўз ўрнида, давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг ортишига олиб келади», дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилди. 

Мавзуга оид