Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Пандемияда жамиятимиз инсонийлик синовидан ўтмоқда». Акмал Бурхонов билан суҳбат
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов Kun.uzʼга берган интервьюсида пандемия шароитида ишлаётган парламент, инқирозда фаоллашган ННТ ва муҳокамали масалалар юзасидан ўз муносабатини билдирди.
– Умуман олиб қараганда, парламент пандемия ва инқироз масалаларига тайёр эдими? Депутат сифатида ҳозир иш фаолиятингизни қандай ташкил этяпсиз?
– Раҳмат. Коронавирус, глобал пандемия Ўзбекистондаги барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатди. Оқибатларнигина эмас, бугунги кундаги фаолиятни ҳам қайта кўриб чиқишга ундайдиган вазият бўлди. Ташкилотларнинг иш фаолияти масофавий шаклда қайта йўлга қўйилди. Қайсидир тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкин. Шу маънода ҳукумат ва парламент фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлди. Қайсидир йўналишларни ўзгартиришга тўғри келди.
Аввало, парламент ҳам бошқа давлат идоралари каби имкон қадар фаолиятини давом эттирган ҳолда ишини масофавий шаклда йўлга қўйишга ҳаракат қилди. Бошқа давлатларни ҳам кўрадиган бўлсак, карантин ва турли чекловлар эълон қилингандан кейин, улар фаолиятини тўхтатмаган, аксинча иши кўпайган идоралар – ҳукумат ва парламент бўлди. Парламентимиз янги замонавий технологияларни қўллаган ҳолда онлайн тизимга ўтишга мажбур бўлди. Сиёсий партиялар, фракциялари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг ишини масофавий шаклга ўтказдик. Уйдан ёки партиядан туриб иштирок этиш имкониятига эга бўлишди. Ўтган ҳафта парламентда шундай қарорга келдикки, ҳатто ялпи мажлис ҳам масофавий шаклда ўтказилади. Бунинг учун алоҳида вақтинчалик регламент қабул қилинди. Бу парламентнинг ҳамма депутатлари томонидан маъқулланди. Мана шу регламент асосида масофадан туриб овоз бериш, фикрини билдириш ва қонунларни қабул қилиш имкониятига эга бўлинди.
– Пандемия бошланиши билан унинг оқибатларни юмшатиш учун Олий Мажлисда бир нечта қонунлар тезкорлик билан қабул қилинди. Булар жумласига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларни ҳам киритиш мумкин. Нима деб ўйлайсиз, мана шу тартибда ишлаш парламентга қулай бўляптими ёки қийинчиликлар борми?
– Йилнинг бошида биз ўз режаларимизни қилиб олганмиз. Парламентда ҳам Ҳаракатлар стратегияси, президентнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда тузилган йўл харитаси бор эди. Қабул қилиниши режалаштирилган қонунлар бор эди. Бу қонун лойиҳалари режа асосида қабул қилиняпти. Бир ой ичида режадаги 30та қонунни қабул қилдик. Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашишда, чораларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган бир қатор қонунларни ҳам тезкорлик билан қабул қилишга ҳаракат қилдик. Айримлари ҳукумат томонидан киритилди, айримлари эса депутатларнинг ўзлари томонидан ташаббус билан қабул қилинган. Карантин қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари, ниқоб тақиб юришдан тортиб, ёлғон маълумот тарқатиш бўйича маъмурий ва жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. Фақатгина жавобгарликни назарда тутувчи қонунлар эмас, бошқа соҳадаги қонунлар ҳам қабул қилинди. Ҳаракатга чекловлар ўрнатилгандан кейин маҳкумларнинг қамоқхонада яқинлари билан учрашишлари вақтинчалик тўхтатилди.
Шуни инобатга олган ҳолда куни кеча Жиноят-ижроия кодексига ўзгартириш киритилди. Маҳкумларга видеоконференцалоқа орқали видеоучрашув ўтказиш имконияти бериляпти. Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзолангандан кейин, қонун кучга кириши кутилмоқда.
Оғир-енгиллигига келадиган бўлсак, бу бошида ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Чунки кўпчилик депутатлар вилоятларда қолиб кетишган эди. Онлайн муҳокамаларни ўтказишда аввалига қийинчилик бўлди. Кўплаб платформалар бор. Zoom платформасидан фойдаланиш масаласи ҳам ўрганилган эди. Ахборот хавфсизлиги жиҳатидан бу эмас, бошқа дастурдан фойдаланган ҳолда ишимизни йўлга қўйдик. Қонунчилик палатаси бугунги кунга келиб, ўз фаолиятини янада оптималлаштирилган ҳолда, самарали олиб боришига имкон яралди, деб айтса бўлади.
– Ўзингиз ҳам яхши хабардорсиз, пандемия жуда ҳам кўплаб тармоқларга таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятига ҳам. Ўз номи билан нодавлат-нотижорат ташкилот бўлгандан кейин уларнинг манбалари грантлар, молиялаштириш, хайрия маблағлари бўлиши мумкин эди. Ҳозирги вақтда эса бу молиявий кўмаклар масаласи жуда қийин ёки камайтирилган. Аслида Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам айтилганидек кўп эмас; уларнинг аксарияти гонго, яъни давлат томонидан ташкил этилиб юритилаётганлари кўп. Ҳақиқий номига хос бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари айни пайтда қандай аҳволда қолган? Улар фаолиятини қандай давом этмоқда?
– Бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Коронавирус пандемияси даврида бизнинг жамиятимиз, яъни фуқаролар инсонийлик имтиҳонидан ўтмоқда. Давлат идоралари эса самарадорлик, мустаҳкамлик имтиҳонидан ўтмоқда. Кўряпмизки, фуқаролар, нодавлат ташкилотлари ҳам, давлат ҳам пандемия билан курашда самарали ишлашмоқда. Бу иккала томоннинг ҳам ўзаро ҳамкорликда бир-бирини тушуниб ишлаётганини кўришимиз мумкин. Яъни бугунги шароитда томошабин сифатида четда турмасдан, аҳолининг хабардорлигини оширишда фаол иштирок этаётган, муҳтожларга ёрдам бераётган фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, ташаббускор гуруҳлар, кўнгиллиларни кўряпмиз.
Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаоллигига келадиган бўлсак, март ойининг охирида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати тадбиркорлар, йирик компания ва ташкилотлар, нодавлат-нотижорат ташкилотларини ҳам коронавирусга қарши курашишда кўмаклашишга чақирган. Ва бунга жавобан бир қатор маҳаллий нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан ташаббуслар билдирилди.
Масалан, апрел ойида Қўқондаги бир қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат тарқатиш, моддий ёрдам бериш бўйича ташаббусни илгари суришди. Бугунги кунга қадар мингдан ортиқ оилаларга улар орқали ёрдам кўрсатиляпти. Давлат идоралари билан биргаликда, маҳаллалар билан биргаликда ҳимояга муҳтож бўлганларнинг рўйхати шакллантирилиб, мингдан ортиқ оилага ёрдам кўрсатилди. Фарғона водийсидаги «Тараққиёт» номли нодавлат-нотижорат ташкилоти яхши ташаббусни илгари сурди, яъни 10дан ортиқ водий қишлоқларида дезинфекция қилишди. Ғояни нодавлат-нотижорат ташкилотлари кўтаришди, давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ижтимоий шериклик асосида бу ишларни амалга оширишяпти.
Бундан ташқари, яна иккита аҳамиятга молик лойиҳа амалга оширилди. Биринчиси, нодавлат-нотижорат ташкилотлари психологлар ассоциацияси томонидан карантин даврида оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга бепул психологик ёрдам кўрсатиш бўйича махсус Telegram канал ва Telegram бот ишга туширилди. 100дан ортиқ психологлар бирлашишди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати буни қўллаб-қувватлади. Бугунги кунга келиб, 400 нафардан ортиқ фуқароларга нодавлат-нотижорат ташкилотларининг психологлари томонидан бепул руҳий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир нодавлат ташкилоти онлайн конференция ўтказиш бўйича Ўзбекистоннинг аналогини ишлаб чиқди. Онлайн видеоконференция тизимининг шу аналоги асосида 35 нафаргача фойдаланувчи боғлана олади. Бу бугунги кунда tas-ixʼда ишлашни бошлади. Ушбу платформа орқали бугунги кунда тиббиёт вакиллари фуқароларга тиббий маслаҳатлар беришмоқда.
Энг қувонарлиси, нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий ҳамкорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланяпти. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео «Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда нафақат давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам қўшаётган ҳиссасини олиқишлайман» , дея баҳо билдиргани ҳам эътиборли.
Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг аксарияти ўзи ҳам оғир шароитда эди, аксарияти гонго, дедингиз. Бу фикрга қўшиламан. Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг нафақат ишларини мақташ, балки уларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим ҳисобланади. Шу маънода давлат томонидан ҳам, ҳукумат комиссияси томонидан ҳам кўплаб қарорлар чиқариляпти. Бу ерда нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам назардан четда қолмаяпти. Ҳукумат комиссиясининг сўнгги қарорида нодавлат-нотижорат ташкилотларига бир қатор енгилликлар берилиши кўзда тутилган. Яъни нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан коронавирусга қарши курашиш, унинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбир ва лойиҳаларни амалга оширишга хорижий давлат ва ташкилотлардан грантлар ажратиладиган бўлса, бу грантларни уч кун муддатда тезкорлик билан кўриб чиқиш белгиланди. Нодавлат-нотижорат ташкилотлари жойларда давлат биносида турган бўлса, бино ижара ҳаққини ҳам тўламасдан ўтиришлари мумкинлиги белгиланди. Уларнинг ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар ҳам қабул қилинди.
Ўзбекистонда давлат томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш асосан парламент ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш фонди томонидан амалга оширилади. Фонд нодавлат-нотижорат ташкилотлари учун янги грант танловларини эълон қилди. Бу грант танловларидан бирининг мавзуси айнан нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларга мўлжалланган. Ўнлаб нодавлат-нотижорат ташкилотларини давлат 40 миллионгача қўллаб-қувватлаши ҳам белгиланди.
Айтмоқчиманки, бир томондан нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳозирги курашда ёрдам бериб, ўз ҳиссаларини қўшяпти. Иккинчи томондан, давлат ҳам бугун уларнинг вазиятини тушунган ҳолда моддий жиҳатдан, уларнинг фаолиятларини янада яхшилашга кўмак кўрсатаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Суҳбат давомида Акмал Бурхонов пандемия пайтида жаримага тортилаётган ҳайдовчиларнинг автомобилини махсус майдонга қўйиш амалиёти ҳақида таклифларини билдириб, бунга муносабат қилди. Шунингдек, президент ҳузурида янги тузилган Жамоатчилик палатаси ҳақида маълумот берилган.
Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
23:21 / 15.05.2025
Осиёда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди
00:12 / 05.05.2025
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди
17:31 / 16.04.2025
ЖССТ келажакдаги пандемиялардан ҳимояланиш режасини тақдим этади
13:46 / 14.03.2025