Жаҳон | 00:10 / 30.04.2020
5827
2 дақиқада ўқилади

ЖССТнинг коронавирус бўйича фавқулодда комиссияси вазиятни баҳолаш учун йиғилиш ўтказади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус бўйича фавқулодда комиссияси вазиятни баҳолаш учун 30 апрелда йиғилиш ўтказади.

Фото: Sputnik

Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилди. 

“Мен эртага қўмитани чақиртираман, чунки биз фавқулодда вазиятнинг энг юқори даражасини эълон қилганимиздан 3 ой ўтди. Қўмита пандемия эволюциясини баҳолаш ва янги тавсияларни бериш учун 3 ойдан кейин йиғилишни таклиф қилганди”, деб айтган ЖССТ бош директори. 

Юқумли касалликлар соҳасида фаолият юритувчи 15 мутахассисдан иборат фавқулодда қўмита аввалги йиғилишини 30 январда Женевада ўтказганди. Ўшанда қўмита тавсиясига кўра, ЖССТ бош директори коронавирус авж олишини халқаро даражадаги фавқулодда вазият деб эълон қилганди. Ваҳоланки, 22-23 январдаги йиғилишда бу қилинмаган.

Гебрейесус қўмитанинг аввалги йиғилишидан кейин ўтган 3 ой ичида ЖССТ тинмай ишлагани, коронавирус авж олиши бўйича хавотир билдиргани ва давлатларга кўмак кўрсатганини таъкидлаб ўтган. Унинг таъкидлашича, пандемияга қарши курашга “минглаб экспертлар” жалб қилинган, ЖССТ “дунёни огоҳлантириш учун бошиданоқ тез ва қатъий ҳаракат қилган”. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид