Жаҳон банки коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратди
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ўз Твиттерида маълум қилди.
«Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган самарали иқтисодий-ижтимоий сиёсатни эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш сифатида бугун Жаҳон банкининг директорлар кенгаши Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади.
Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга, шунингдек иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», — деб ёзди Қўчқоров ўзининг микроблогида.
Жаҳон банки томонидан эълон қилинган матбуот релизида ёзилишича, бу қўшимча молиялаштириш Ўзбекистонда коронавирус оқибатларини юмшатиш учун ажратилмоқда.
Ушбу молиялаштириш ҳукуматнинг инқирозга қарши дастури доирасида давлат харажатларининг олдиндан кутилмаган тарзда ортиши, шунингдек солиқ тушумларининг қисқариши фонида давлат бюджетини қўшимча маблағлар билан таъминлайди.
Ўзбекистон коронавирус тарқалиши миқёсларини камайтириш учун соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масофаланиш соҳасида аввалдан пухта режалаштирилган зарур превентив чораларини қўллаган. Бироқ бошқа давлатларда ҳам бўлганидек фуқаролар ва хусусий сектор жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг пасайиши ҳамда карантин чекловларининг салбий оқибатларини ўз танасида ҳис қилди. Уларни юмшатиш учун ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни ошириш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни кенгайтириш ва бизнесни ҳимоя қилиш чоралари, шунингдек, давлатнинг 2017–2021 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасида эришилган иқтисодий ўзгаришлар натижасини сақлаб қолиш учун инқирозга қарши дастур қабул қилди.
«Жаҳон банки томонидан ажратилаётган қўшимча молиялаштириш пандемия тарқалишининг олдини олиш, унинг инсонлар ва миллий иқтисодиёт учун оқибатларини юмшатишга йўналтирилган Ўзбекистоннинг инқирозга қарши курашиш дастурини қўллаб-қувватлайди», — дея қайд этган Жаҳон банкининг ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори.
Аввалроқ Жамшид Қўчқоров халқаро ташкилотлардан кутилаётган ёрдам ҳақида маълумот бера туриб, Жаҳон банкидан 750 млн доллар олиш бўйича келишувга эришилганнини маълум қилган эди.
Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш учун 95 млн долларлик молиялаштириш дастурини тасдиқлагани хабар қилинган эди. Жаҳон банкининг сўнгги пресс релизига кўра, 200 млн долларлик ёрдам ўша молиялаштиришни тўлдиради.
Мавзуга оид
07:54 / 23.11.2024
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
17:43 / 18.10.2024